Qidirish

15:13 / 2023-11-15 1477 0 Жамият

ИҲТ вакили CRIC-21 доирасида қум ва чанг бўронларига қарши курашиш бўйича Самарқанд декларациясини ёқлашга тайёрлигини билдирди

Самарқанддаги БМТ Конвенцияси (CRIC-21) ижросини кўриб чиқиш қўмитасининг 21-сессияси доирасида Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши Азиз Абдуҳакимов Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти (ИҲТ) Бош котиби ўринбосари Ҳусайн Авни Бичакли билан учрашди.

world-news

Учрашув аввалида Ҳусайн Бичакли Ўзбекистон ҳукуматига жорий йилнинг 8–9 ноябрь кунлари Тошкентда бўлиб ўтган Иқтисодий ҳамкорлик ташкилотининг 16-саммити муваффақиятли ўтказилгани учун миннатдорлик билдирган. Шунингдек, у охирги 5 йил ичида Ўзбекистоннинг фаол ролини алоҳида қайд этган.

Учрашув давомида илмий-тадқиқот фаолияти соҳасидаги ҳамкорлик масалалари, хусусан, Марказий Осиё атроф-муҳит ва иқлим ўзгаришини ўрганиш университети (Green University) негизида ИҲТ давлатларининг экология соҳасидаги илмий ҳамжамиятлари ўртасида яқин алоқаларни ўрнатиш масалаларига эътибор қаратилган.

Шу билан бирга, томонлар «Green University» ва ИҲТ давлатларининг Боку шаҳридаги (Озарбайжон) Тоза энергия маркази билан ҳамкорликда Марказий Осиё минтақасида барқарор энергия ва атроф-муҳит тамойилларини амалга ошириш имкониятларини муҳокама қилган.

ИҲТ Бош котиби ўринбосари Ўзбекистон билан ИҲТ мамлакатлари ўртасидаги барча соҳалардаги ҳамкорлик ривожланиб бораётганлигини, шу билан бирга, Ўзбекистоннинг иқлим ўзгаришига қарши кураш ва атроф-муҳитни муҳофаза қилишда ИҲТга аъзо давлатлар ўртасидаги ҳамкорликни кучайтириш зарурлиги ҳақидаги ташаббуси ҳамда 2024 йилда бўлиб ўтадиган Самарқанд иқлим форуми доирасида Ўзбекистон ташаббуси билан ташкил этилган ИҲТнинг Атроф-муҳит масалалари бўйича юқори даражали платформасининг биринчи конференциясини ўтказиш таклифини маъқуллаган.

Бундан ташқари, Ҳусайн Авни Бичакли ташкилот Ўзбекистон раҳбари Шавкат Мирзиёев томонидан ИҲТ 16-саммитида илгари сурилган CRIC-21 доирасида қум ва чанг бўронларига қарши курашиш бўйича Самарқанд декларациясини ишлаб чиқиш ташаббусини қўллаб-қувватлашга тайёр эканлигини таъкидлаган.

Учрашув якунида ИҲТ Бош котибининг Самарқанд иқлим форумида иштирок этиши ва ИҲТ давлатларининг юқори даражадаги вакиллари иштироки масаласини биргаликда ишлаб чиқиш бўйича келишувга эришилган.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш