Qidirish

11:42 / 2023-09-25 1072 0 Жамият

Кўчмас мулкни рўйхатдан ўтказишда юзага келадиган низоларни судга қадар ҳам ҳал этиш мумкин

Бу бўйича Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилояти бошқармаси томонидан ташкил этилган матбуот анжуманида маълумот берилди.

world-news

Кадастр агентлиги ва Давлат кадастрлари палатаси Тошкент вилояти бошқармаси томонидан жорий йилнинг 22 август кунида қабул қилинган ВМ-409-сон,    ВМ-411-сон, 25 август кунидаги ВМ-424-сон ҳамда 29 август кунидаги ВМ-426-сон Қарорлари мазмун-моҳиятини юзасидан ОАВ вакиллари, журналист ва блогерлар иштирокида матбуот анжумани ташкил этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.08.2023 йилдаги “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчиларнинг малакасини ошириш ва уларни аттестациядан ўтказиш тартиби тўғрисида низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 409-сонли қарорига мувофиқ, эндиликда кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказувчиларнинг ҳар уч йилда камида бир марта малакаси оширилади. Малака ошириш сўнггида рўйхатдан ўтказувчилар марказ томонидан тест шаклида синовдан ўтказилади.

Тест синовларидан ўта олмаган ёки малака ошириш курсларидан четлатилган рўйхатдан ўтказувчилар малака ошириш курсларида қайта ўқиб, тест синовларидан муваффақиятли ўтгунига қадар уларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш ҳаракатларини амалга ошириш ваколати рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан чекланади.

Бундан ташқари, рўйхатдан ўтказувчилар ҳар уч йилда бир марта аттестациядан ўтказилади. Олий таълим муассасаларини тугатган ва эгаллаган мутахассислик бўйича биринчи марта ишга кирган шахслар, агар улар мазкур мутахассислик бўйича икки йилдан кам ишлаган бўлса, аттестациядан ўтказилмайди.

Аттестация суҳбат шаклида ўтказилади. Рўйхатдан ўтказувчи билан унинг касб фаолиятига боғлиқ бўлган асослар бўйича суҳбат ўтказилади. Суҳбат жараёни узлуксиз видеотасвирга (овозли) туширилади ва видеотасвир камида бир йил сақланади.

Рўйхатдан ўтказувчига аттестациядан ўтганлиги тўғрисида гувоҳнома берилади. Гувоҳноманинг амал қилиш муддати — уч йил.

Рўйхатдан ўтказувчи аттестациядан ўтмаган деб топилган тақдирда рўйхатдан ўтказувчи орган уни такрорий аттестациядан ўтказиш учун аттестация ўтказилган кундан камида уч ой ўтгач, бироқ олти ойдан кечикмай аттестация комиссиясига мурожаат қилади.

Агар рўйхатдан ўтказувчи такрорий аттестациядан ўта олмаса, аттестация комиссияси унинг иш жойига бу ҳақда билдиришнома юборади. Рўйхатдан ўтказувчи орган билдиришнома келиб тушган кундан бошлаб ўн кун ичида рўйхатдан ўтказувчини меҳнат қонунчилигига мувофиқ эгаллаб турган лавозимидан озод қилиш ёхуд бошқа ишга ўтказиш тўғрисидаги масалани кўриб чиқиши ва кўрилган чоралар тўғрисида уч кун муддатда Кадастр агентлигини ёзма равишда хабардор қилиши шарт.

Ҳомиладор аёллар, шунингдек, уч ёшгача болалари бор аёллардан муддати келишидан қатъи назар, малакасини ошириш ҳамда аттестациядан ўтиш талаб этилмайди.

Маълумки, 2020 йил 1 январдан бошлаб тажриба-синов тариқасида Тошкент вилояти ва Тошкент шаҳрида кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси институти жорий этилди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 22.08.2023 йилдаги “Давлат томонидан тартибга солинадиган соҳаларга хусусий секторни кенг жалб этиш доирасида кадастр соҳасида давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги 411-сон қарорига кўра, эндиликда кадастр муҳандиси институтини босқичма-босқич жорий этиш орқали аҳолига давлат хизматларини кўрсатиш тизимини янада такомиллаштириш мақсадида кўчмас мулк бўйича кадастр муҳандиси институти уй-жой фондига оид кўчмас мулк объектларига нисбатан:

     2023 йил 1 октябрдан бошлаб Тошкент шаҳри, Тошкент, Навоий, Наманган, Фарғона ва Хоразм вилоятларида;

     2024 йил 1 июлдан бошлаб республиканинг барча ҳудудларида жорий этилади.

Шунингдек, мазкур қарор билан кадастр муҳандиси фаолияти билан шуғулланиши мумкин бўлган мутахассислик йўналишларини кенгайтириш, кадастр муҳандислари томонидан шаҳодатнома олиш учун ариза топширишдан малака имтиҳонигача бўлган вақтни қисқартириш, малака имтиҳонини топшириш вақтини узайтириш ва кўп йиллик дов-дарахтларга кадастр йиғмажилдини тайёрлаш муддатини белгилаш юзасидан Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилмоқда.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 25.08.2023 йилдаги “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тўғрисида” Ўзбекистон Республикаси қонуни қабул қилинганлиги муносабати билан Ўзбекистон Республикаси ҳукуматининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек, баъзиларини ўз кучини йўқотган деб ҳисоблаш тўғрисида”ги 424-сонли қарорига кўра, кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни тизимлаштириш ва ягона ҳужжатга бирлаштириш, жисмоний ва юридик шахсларнинг кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқлари юзага келганлиги, бошқа шахсга ўтганлиги, чекланганлиги ва бекор қилинганлиги фактини давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомили, кўчмас мулкни бўлиш, бирлаштириш ва уларнинг янги чегараларини белгилаш бўйича давлат хизматларини кўрсатиш тартиб-таомили ҳамда ушбу хизматларни кўрсатганлик учун ундириладиган тўловлар миқдори ҳамда давлат рўйхатидан ўтказилиб, бу ҳақда гувоҳнома берилган кўчмас мулкларни электрон тарзда давлат реестрига киритиш ва ундан кўчирма бериш, шу жумладан, мазкур хизматларни бепул амалга ошириш бўйича Ҳукуматнинг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритилди.

Бундан ташқари, қарор билан Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг айрим қарор ўз кучини йўқотган деб эътироф этилди. Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 29 декабрдаги «Кўчмас мулк объектларига бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги 1060-сон қарори ва 2020 йил 2 сентябрдаги «Кадастр соҳасида айрим давлат хизматлари кўрсатишнинг маъмурий регламентларини тасдиқлаш тўғрисида»ги 535-сон қарорига 6-илованинг 2-банди шулар жумласидандир.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 29.08.2023 йилдаги “Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида юзага келадиган низоларни судга қадар ҳал қилиш тартиби тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 426-сонли қарорига кўра, эндиликда манфаатдор шахс кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда қонунчилик ҳужжатлари талабларига риоя этилмаган, шунингдек, рўйхатдан ўтказувчининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) унинг фуқаролик ҳуқуқларини бузган деб ҳисобласа, рўйхатдан ўтказувчининг ҳаракатлари (ҳаракатсизлиги) устидан рўйхатдан ўтказувчи орган томонидан ташкил этиладиган комиссияга шикоят қилиши мумкин. Комиссиянинг қароридан норози бўлган тақдирда эса Кадастр агентлиги томонидан ташкил этиладиган апелляция комиссиясига ёки судга шикоят қилиши мумкин.

                Манфаатдор шахс ёзма равишда ёки Давлат кадастрлари палатасининг расмий веб-сайти орқали ариза беради.

                Ўн иш куни муддатида Комиссия аризада келтирилган кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказишда юзага келган низоларни судгача ҳал қилиш чораларини кўриб, манфаатдор шахс (ҳоҳишига кўра) ва Комиссия аъзолари иштирокида Комиссия мажлисида муҳокама қилади ва натижаси бўйича тегишли қарор қабул қилади.

                Манфаатдор шахс Комиссия қароридан норози бўлганда, комиссия қарорини олган кундан бошлаб икки ой муддатда ёзма равишда ёки Давлат кадастрлари палатасининг расмий веб-сайти орқали Апелляция комиссиясига мурожаат қилади.

                Апелляция комиссияси ўн иш куни муддатида аризани кўриб чиқиш натижаси бўйича Комиссиянинг қарорини бекор қилиш ёки ўз кучида қолдириш тўғрисида қарор қабул қилади. Бунда манфаатдор шахс ёки унинг қонуний вакили ҳамда Давлат кадастрлари палатасининг рўйхатдан ўтказувчи масъул ходимига Апелляция комиссияда мурожаат кўриб чиқилишида иштирок этиш ҳуқуқини берилади.

                Манфаатдор шахс Комиссия ва апелляция комиссиясининг қарорларидан норози бўлган ҳолатларда судга шикоят қилиш ҳуқуқига эга.

Кўчмас мулкка бўлган ҳуқуқларни давлат рўйхатидан ўтказиш вақтида юзага келадиган низоларни судга қадар ҳал қилиш комиссияси Давлат кадастрлари палатаси ҳудудий бошқармаси бошлиғи-комиссия раиси ҳамда унинг ўринбосари-комиссия раиси ўринбосари, Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги вазирлиги, Адлия вазирлиги, Солиқ қўмитаси, Адвокатлар палатаси ҳудудий бошқармалари масъул ходимлари ва Давлат кадастрлар палатаси ҳудудий бошқармасининг масъул ходими-комиссия котибидан иборат бўлади.

 

 

 

Изоҳлар 0

Фикр билдириш