Qidirish

13:04 / 2023-08-14 1124 0 Ҳодисалар

Тошкент шаҳар ИИББдан 33 ёшли эркакнинг ўлиги чиқди, прокуратура ҳолат бўйича жиноят иши очган

Куни кеча ижтимоий тармоқларда Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош Бошқармасидан 33 ёшли шахснинг ўлиги чиққани ҳақида хабарлар тарқалди. Ҳолат юзасидан пойтахт ИИББ маълумот берди.

world-news

Қайд этилишича, жорий йилнинг 29 июль куни соат 22.00ларда Яккасарой тумани Шота Руставели кўчаси «Биродарлар қабристони» ҳиёбони олдида 7-8 нафар шахслардан иборат бўлган жиноий гуруҳ 1986 йилда туғилган фуқаро М.Р.ни уриб-дўппослаб, сўнг автоуловга мажбурлаб ўтказиб, номаълум хонадонга олиб бориб, жабрланувчини эркига зид равишда ушлаб туриб, унга нисбатан куч ишлатган ҳолда пул талаб қилган.

Шунингдек, жабрланувчига тазйиқ ўтказган ҳолда, Туркия давлатида бўлган номаълум шахслардан гўёки 860 минг АҚШ доллари миқдорда қарз олганлиги ҳақида мажбурлаб тилхат ёздириб олишган.

Тергов жараёнида аниқланишича, жорий йилнинг июнь ойида ушбу жиноий гуруҳ аъзолари томонидан тадбиркорлик билан шуғулланувчи фуқаро М.Р.ни Туркия давлатида бўлган даврда 2 кун давомида эркига зид равишда номаълум хонадонда мажбурлаб ушлаб туриб, жабрланувчига тазйиқ ўтказиш йўли билан ота-онаси номидаги Тошкент вилояти Қибрай туманидаги 300 минг АҚШ долларига тенг бўлган 2 та ҳовлини жиноий гуруҳ аъзолари номига расмийлаштирган.

Жабрланувчи шахс ушбу жиноий гуруҳнинг тажовузлари ва тазйиқларидан қўрқиб, мазкур ҳолат ҳақида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларга ёки тиббиёт муассасаларга мурожаат қилмай келган, бироқ жорий йилнинг 31 июль куни соғлиғи ёмонлашганлиги сабабли, шифохонага «Бош мия ёпиқ жароҳати, бош мия чайқалиши, ўнг яноқ суяги синиши, танасида кўплаб шилинган жароҳатлари» ташхиси билан ётқизилган.

Тошкент шаҳар Ички ишлар Бош бошқармаси томонидан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорлигида ўтказилган бир қатор тезкор тадбирлар натижасида, мазкур уюшган жиноий гуруҳ аъзоларидан 2 нафари, яъни 1990 йилда туғилган У.Д. (муқаддам ЖКнинг 164-моддаси («Босқинчилик») ва 166-моддаси («Талончилик») билан судланган) ҳамда 1991 йилда туғилган Ф.Х. (муқаддам ЖКнинг 168-моддаси («Фирибгарлик») ва 176-моддаси («Қалбаки пул ёки қимматли қоғозлар ясаш, уларни ўтказиш») билан судланган) лар аниқланиб, қўлга олинган. Айни пайтда жиноий гуруҳнинг қолган аъзоларини аниқлаш ва ушлаш чоралари кўрилмоқда.

Жорий йилнинг 12 август куни гумонланувчи У.Д.га нисбатан Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 224-моддаси асосида баённома расмийлаштириш жараёнида у ўзини ёмон ҳис қилаётганлигини айтиб, тўсатдан йиқилиб ҳушини йўқотган. Ҳолат бўйича тез-тиббий ёрдам чақиртирилиб, ИИО ходимлари томонидан биринчи тиббий ёрдам кўрсатилган, бироқ тез-тиббий ёрдам келгунга қадар У.Д. ҳушига келмай вафот этган.

Бирламчи ташхисга кўра гумонланувчининг ўлими «Жигар циррози оғир стадияси, ўткир юрак қон-томир етишмовчилиги» оқибатида юзага келган. Мазкур ҳолат юзасидан ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан текширув ўтказилмоқда, У.Д.нинг ўлим сабабини аниқлаш бўйича тегишли судга оид тиббий-экспертиза тайинланган.

Бош прокуратура ҳолат юзасидан жиноят иши очилганини маълум қилди

Таъкидланишича, Тошкент шаҳар ИИББ тезкор ходимлари томонидан 2023 йилнинг 12 август куни тезкор-қидирув тадбири доирасида босқинчилик ва бошқа жиноятлар учун гумонланиб олиб келинган фуқаро Д.У. шу куни ИИББ маъмурий биносида вафот этган. Д.У.нинг ўлими сабабини аниқлаш юзасидан суд-тиббиёт экспертизаси тайинланган.

Д.У.нинг вафоти юзасидан бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказиш зарурати туғилганлиги сабабли, ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 206 (Ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш) ва 235 (Қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилган. Ҳозирда Тошкент шаҳар прокуратураси томонидан дастлабки тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш