Qidirish

16:59 / 2025-12-08 23 0 Жамият

Тошкентда йўл ҳаракатини бошқаришга масъул янги марказ ташкил этилади

Пойтахтда транспорт тизимини самарали бошқариш ва тирбандликларни камайтириш мақсадида Йўл ҳаракатини ташкил этиш маркази фаолияти йўлга қўйилади. Марказга қатор идораларнинг муҳим ваколатлари босқичма-босқич ўтказилади.

world-news

Тошкент шаҳрида йўл ҳаракатини мувофиқлаштириш ва транспорт оқимини назорат қилиш билан шуғулланувчи махсус марказ ташкил этилади. Бу “Тошкент шаҳрида транспорт тизими бошқарувини такомиллаштириш ҳамда тирбандликларнинг олдини олишга қаратилган қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги Президент қарорида назарда тутилган.

Янги марказга вазирликлар, Тошкент шаҳри ва вилояти давлат ҳокимияти органлари, жамоат транспорти корхоналари, электромобильлар учун қувватлаш станциялари, автотураргоҳлар, микромобил воситалар ижараси операторлари, бошқарувчи компаниялар ва бошқа тегишли ташкилотлардан зарур маълумотларни олиш ҳуқуқи берилади.

Шунингдек, марказ айрим йўл участкаларда тезлик режимини белгилаш, маълум турдаги транспорт воситалари, жумладан юк автомобильларининг ҳаракатига чеклов киритиш ваколатига ҳам эга бўлади.

Марказ фото ва видео қайд этиш воситалари ёрдамида аниқланадиган ҳуқуқбузарликлар рўйхатини шакллантириш, улар бўйича жарима миқдорларини қайта кўриб чиқиш юзасидан ваколатли органларга таклиф киритиш ҳуқуқига ҳам эга бўлади. Шунингдек, қайси қоидабузарликлар қайси нуқталарда қайд этилишини белгилаш ҳам ушбу тузилма ихтиёрида бўлади.

Шаҳарда тирбандликларни камайтириш ва ҳаракатни самарали ташкил этиш бўйича вазифаларни лозим даражада бажармаган ташкилотлар раҳбариятига нисбатан тегишли чора кўриш таклифлари ҳам киритилади.

2026 йил 1 июлдан бошлаб Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Транспорт вазирлиги ва Ички ишлар вазирлигининг айрим ваколатлари ушбу марказ ихтиёрига ўтказилади. Ушбу ваколатлардан 2028 йил 31 декабрга қадар ҳуқуқий эксперимент доирасида фойдаланиш белгиланган.

Шунингдек, Президент қарорида йўлларни реконструкция қилиш ва янги чорраҳалар қуриш учун Хитой банкидан 271 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит жалб этилиши кўзда тутилган. 2030 йилгача Тошкентда 150 минг ўринли автотураргоҳлар барпо этиш, метро тармоғини 103 километрга етказиш, шунингдек, пиёдалар ва велосипед ҳайдовчилари учун махсус йўлакларни кўпайтириш режалаштирилган.

 

Изоҳлар 0

Фикр билдириш