Сўнгги янгиликлар
Парламентда Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти тингланди
Навоийга Монголиядан 1000 бошга яқин Баят зотига мансуб қўйлар олиб келинди
Фаоллар айтаётган “иқтидор” эгаси оддий “Виртуал валютачи” бўлган...
Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюрди
Тожикистоннинг Конибодомида яна тўрт кишининг жасадлари топилди. Маҳаллий аҳоли ваҳимада
Таҳлил қилинган давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг тегишли модда талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди
Ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби белгиланди
Бугун ҳаво янада совиши кутилмоқда
Ғалати ва мантиқсиз ишлар: Қорақалпоғистонда шоликорларга нега норасмий тақиқ қўйилди?
Қорақалпоғистоннинг Кегейли туманида фермерларнинг шоли эккан майдонлари экскватор билан пайҳон қилиняпти. Маҳаллий шоликорлар юборган видеолавҳаларда, хатто, ички ишлар ходимларининг қўлида курак, кетмон тутиб дала кезиб юрганини ҳам кўринади. Худди шундай ҳолат бир неча кун аввал Амударё туманида ҳам кузатилган эди.
"Фермер далага режа учун эмас, даромад учун кириши керак".
Шавкат Мирзиёев
40 ёшлар атрофидаги шоликор эркакнинг яйдоқ далани кезиб, “Ноинсофлар, ҳамма нарсамдан айрилдим, Худо бўлса, бола-чақасидан қайтсин” деб фарёд солиб йиғлаши кщпчиликни юрагини ўртади. Бу воқеалар ортида кимлар ва нималар ётгани хусусида ҳозирча аниқ маълумотга афсуски, йўқ. Минглаб гектарлада экилгач, пишишга келиб қолган шоли майдонлари суд қарорисиз бузиляпти.
Мавжуд ҳужжатлардан келиб чиқсак, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгаши ва Вазирлар Маҳкамаси бундан буён фақат 3 туман — Бўзатов, Мўйноқ ва Тахтиакўприкда 20 минг гектар майдонда шоли етиштиришга қарор қилган. Демакки, яқинда Амударё, Кегейлидаги шоли майдонларида ўтказилган зўравонлик тадбирлари Қорақалпоғистоннинг қолган 11 та туманида ҳам содир этилиши ҳеч гап эмас.
Фақат бир савол жуда ўйлантиряпти. Ваҳоланки, Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти шоли етиштиришни камайтиришни режалаштирган экан, нима учун бу ишга йилнинг қоқ ўртасида киришди? Нима учун ўтган йили ҳамма фермерларни чақириб, “Ҳурматли тадбиркорлар, келаси йилдан шоли фақат уч туманда экилади, шунга қараб ҳаракатларингни қилинглар. Бу талабга амал қилмаганларга қонун бўйича чора кўрилади” дейилмади? Дейилган бўлса, ҳам нега экилгач, кейин бузиш ёдимизга тушиб қолди.
Фермерлар ўзбошимчалик билан шоли эккандир, бўлар иш бўлди, лекин уларнинг бир неча ўн миллион сўмлаб ҳаражатига эккан шолисини йиғиб олишга имкон бериш керак эмасмиди? Одамийлик қаерда қолди? Ўзбекистон шоли мустақиллигига тўла эришмаган ва шу ҳосил мамлакатга ниҳоятда керак даврда нега бундай ҳаракатлар содир этилмоқда?
Гапга қулоқ солмаган фермерга “Бу йил ҳаддингни билмадинг, бола-чақанг, ходимларинг оч қолмасин, экканингни йиғиб ол, хонавайрон бўлиб кетма, аммо яна бир марта шу иш такрорланса, қонун олдида жавоб берасан” дейиш ҳам инсонийлик бўлмасмиди? Фермер қарғаб эмас, алқаб юрмасмиди? Мард экан, эркак экан деб ёнингизда турмасмиди?
Айрим мамлакатларда ҳайкаллар, ибодатхоналарни бузиб ташлашгани, қабрларни таҳқирлашгани тўғрисида ўқиб қоламиз. Биз уларни вандаллар деб атаймиз. Бироқ Ўзбекистондаги энг оммабоп озиқ-овқат маҳсулоти, нон қаторида азиз кўриладиган гуруч майдонларини аёвсиз пайҳон қилиш, ўнлаб фермерларни инқирозга олиб келиб қўйиш нима деб номланади? Ёки биз қадимий вандаллар қабиласи каби тарихда аянчли ном қолдиришни истаяпмизми?
Президентнинг ПҚ-4973 сонли “Шоли етиштиришни янада ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, 2021 йилда Қорақалпоғистоннинг 16 туманида 44 минг гектар майдонда 187 минг тонна шоли етиштириш прогноз қилинган. 2023 йилда давлат эса қорақалпоғистонлик шоликорлардан 147 минг 250 тонна шоли кутяпти.
16 туман билан 187 минг тонна шоли етиштиришга зўрға даъво қилган Қорақалпоғистон Республикаси раҳбарияти энди учтагина туманнинг 20 минг гектар майдонидан 147 минг 250 тонна шоли олишига ақл бовар қилмаяпти. Бу эса, яқиндагина, Президент маслаҳатчиси Шуҳрат Ғаниев иштирокида ўтказилган йиғилишда қораланган қўшиб ёзиш, кўзбўямачилик каби ҳолатларга олиб келиши нега прогноз қилинмаяпти.
Қишлоқ хўжалиги Вазирлиги Қорақалпоғистон шоликорлари атрофидаги воқеаларга муносабат билдиришда энг силлиқ йўлни танлади. Вазирлик Амударё, Кегейли фермерлари тўғрисида бир оғиз ҳам гап айтмай, ҳамманинг эътиборини Ҳиндистон гуручига қаратиб, қутилиб қўяқолди. Қишлоқ хўжалиги вазири бўлганимда, вазиятдан шундай чиройли олиб чиқиб кетишга қодир устамон матбуот хизматини бир қоп гуруч билан сийлаган бўлардим.
Ички ишлар ходимларининг далама-дала бу ишга бош-қош бўлиб юришидан ажабланмасак ҳам бўлади, чунки улар шунчаки буйруқ ижрочиси холос. Юқоридан топшириқ бўлмаса, уларнинг бу ишларга журъати етмаган бўларди.
Қорақалпоғистон Республикасида 2023 йил ҳосили учун шоли экиш ишларини мувофиқлаштириш ва тизимли ташкил этиш бўйича Республика ишчи гуруҳига эса Ички ишлар вазири ўринбосари Саидкарим Нишанбаев раҳбарлик қилади. Ишончимиз комилки, бир пайтлар Тошкент вилояти ИИБ бошлиғи лавозимида ишлаган вазир ўринбосари фермер хўжаликлари ерини пайҳон қилиш қонунга зид экани, барча масалалар суд орқали ҳал қилиниши кераклигини яхши билади.
Албатта, нима учун шоли экиш ишларига Ички ишлар вазирлиги вакили раҳбарлик қилаётгани биз учун ҳам ажабланарли. Балки Республикада жиноятчиликка бутунлай барҳам берилган-у, биз бехабар қолганмиз...
Қорақалпоғистонлик шоликорлар атрофидаги воқеалар Ўзбекистон Республикаси экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирининг маслаҳатчиси Расул Кушербаевнинг ҳам эътиборини тортди. Собиқ депутат ўз телеграм каналида “шоли ўзбошимчалик билан экилган бўлса-да бу суд ҳужжати билан бузилади, зўравонлик биланмас” деб “ҳуқуқдан хабари бор ва хушёрларни” огоҳликка чақирган.
Кўплат Расул Кушербаевнинг яна бир фикрига якдил қўшилиши табиий: “Президентимиз Шавкат Мирзиёев ҳам сайловолди дастуридаги чиқишида "режа бажарилмаяпти" деган ёки бошқа важлар билан фермерлар фаолиятига аралашишга қатъиян чек қўйилишини маълум қилганди”.
Шунингдек, яна бир жамоат фаоли Зафар Солижонов ҳам масалага эътибор қаратди:
Яқинда Ҳиндистон дон маҳсулотлари нархининг кескин ошишига йўл қўймаслик учун Ўзбекистон ва бошқа мамлакатларга гуруч экспортини тақиқлади. Бу ҳолат гуруч импорт қиладиган Ўзбекистонга ҳам ўз таъсирини ўтказиши мумкин. Республика аҳолисини гуруч маҳсулотлари билан тўлиқ таъминлаш учун 353 минг тонна гуруч захираси зарур.
Дунё шу каби ҳолатларга тайёрланаётган бир вақтда Қорақалпоғистоннинг Кегейлисида (сал олдинроқ бошқа ҳудудларда ҳам шу каби ҳол кузатилган, жумладан Амударё, Элликқалъа, Нукус тумани) бир қатор фермер хўжаликларининг шоли майдонлари орган ходимлари томонидан бузиб ташланаётгани айтилмоқда. Ушбу ишлар қонунийми, бирор ҳужжат борми деган саволларимиз ҳам бор. Ғалати ва мантиқсиз ишлар.
Чунончи, ер майдонларини фермерларга узоқ муддатга ижарага берган ва бу муаммони ҳал қилишда бевосита иштирок этиши шарт бўлган Амударё ва Кегейли туман ҳокимликлари эса сукут сақлашни афзал кўряпти. Юқоридан келадиган буйруқни кутишяпти.
Аммо “чўғ устида ўтирганимни биров билиб қолмасин”, деб оловни иштони билан ёпган одам энг нозик жойини куйдириб олиши ҳаммага яққол аён-ку. Ҳам чандиғи қолади, ҳам иштонидан айрилади. Афсуски, шундай ишлар бўлмаслигига ҳеч ким кафолат бермайди.