Сўнгги янгиликлар
Парламентда Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти тингланди
Навоийга Монголиядан 1000 бошга яқин Баят зотига мансуб қўйлар олиб келинди
Фаоллар айтаётган “иқтидор” эгаси оддий “Виртуал валютачи” бўлган...
Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюрди
Тожикистоннинг Конибодомида яна тўрт кишининг жасадлари топилди. Маҳаллий аҳоли ваҳимада
Таҳлил қилинган давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг тегишли модда талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди
Ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби белгиланди
Бугун ҳаво янада совиши кутилмоқда
Фавқулотда вазиятлар вазирлиги сабаб тадбиркорлар инқирозда!
Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ходимлари яқин дўстимизга ўхшашади...
Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ходимлари яқин дўстимизга ўхшашади. Энг қийин пайтда — сел босганда, ер қимирлаганда, ёнғин чиққанда, хатто тоғ-адирда қолиб кетганимизда ҳам миннатсиз ва гинасиз ёрдамга ошиқишади.
Фавқулотда вазиятлар вазирлиги Онамизга ўхшайди. Кун-кун ора СМС-хабар жўнатиб, “фалончи куни қор кўчиши мумкин, эҳтиёт бўлгин, болам”, “Қаттиқ шамол бўларкан, машинангни дарахт, симёғоч остига қўймагин-а” деб хавотир олиб туради. Қариндошларимиз ҳам бизни бунчалар кўп йўқлашмаса керак.
Энг аҳамиятлиси, миллатимизнинг ФВВ ходимларига нисбатан бу муҳаббати матбуотда олиб борилган сунъий ташвиқотлар билан сингдирилмаган. Ҳаммамиз уларнинг нимага қодирлигини амалда кўрганмиз ва бу меҳр синовлардан ўтган, машаққатларда тобланган. Бошимизга иш тушганда дарров етиб келадиган қадрдонимиз тимсолига айланиб қолгани учун ҳам улар устидан шикоят қилишса бироз эриш туюларкан.
Ҳарқалай, таҳририятимизга Чирчиқда бўлаётган воқеалар юзасидан мурожаат келиб тушганида ўзимизни шундай ҳис қилдик. Шу кунгача ўн, балки юз минглаб инсонларга кўмаги теккан ФВВ ва унинг Тошкент вилояти бошқармаси “шарофати” билан бир тадбиркорнинг молиявий инқироз ёқасига келиб қолганидан дилимиз оғриди. Ҳужжатларни синчковлик билан ўрганиб чиқиб ҳам Фавқулотда вазиятлар вазирлигининг нима истаётганини ҳалигача англолмай ҳалакмиз. Уларнинг ҳатти-ҳаракатларидан мантиқ тополмаяпмиз.
“Эффект.уз” таҳририяти ушбу ҳолат бўйича Фавқулотда вазиятлар вазирлиги, Бош прокуратура, Тошкент вилояти ҳамда Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги, Қурилиш Бош бошқармаси, Кадастр агентлиги ва бошқа масъул, шунингдек, ваколатли ташкилотларнинг расмий муносабатини кутиб қолади.
ЖАРАЁН БОШЛАНДИ...
21 февраль 2020 йили “Ҳамкор Петрол” масъулияти чекланган жамияти Чирчиқ шаҳрининг Тикланиш кўчасида жойлашган автомобилларга ёқилғи қуйиш шаҳобчаси биносини онлайн аукцион орқали сотиб олган. Жамият раҳбари А. Алимжанов қурилганига йигирма йилдан ошган бу заправкани технологик ҳамда маънавий жиҳатдан эскиргани, Ўзбекистондаги аксарият автомобиллар сиқилган газда юришини инобатга олиб, қайта реконструкциялашга қарор қилган.
Бензин сотадиган объектни метан гази қуйишга ихтисослашган масканга айлантириш осон иш эмас. Бунинг учун технологик жараённи тубдан ўзгартириш, шунингдек, компрессор биноси, аккумулятор блоки, йўловчилар учун кутиш хонаси каби янги қурилмалар барпо қилиш, айвон остига сиқилган газ ҳайдайдиган колонкалар ўрнатиш, кўплаб давлат ташкилотларидан рухсат ва хулосалар олиш талаб қилинади. Бу эса жуда катта миқдорда сармоя ҳам киритиш керак деганидир. Тадбиркорни бу машаққатлар чўчитмади ва енг шимариб ишга киришиб кетди.
... ВА ТЎХТАДИ
Чирчиқ шаҳар қурилиш бўлими ҳужжатлар билан танишиб чиқиб, 29 декабрь 2021 йили АЁҚШни замонавий лойиҳа асосида реконструкция қилишга рухсат берди.
Тадбиркор, шунингдек, Тошкент вилояти экология ва атроф-муҳитни муҳофаза қилиш бошқармасидан ижобий хулоса олди, автомобиль йўллари ҳудудий бошқармаси, Чирчиқ шаҳар электр таъминоти корхонаси, “Ҳудудгаз Тошкент” ГТФ, “Тошкент сув таъминоти” МЧЖ Чирчиқ шаҳар бўлими, вилоят санитария-эпидемиология осойишталик маркази каби идораларнинг техник шарт ва талабларини бажарди, улар кўрсатган камчиликларни бартараф қилди.
Фақат Тошкент вилояти фавқулотда вазиятлар бошқармаси АЁҚШ (АСГТКС) қурилишига рози бўлмай, оёқ тираб туриб олди. Мазкур идора ва ФВВ Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш Бош бошқармаси ўз қарорини АЁҚШ ва унинг яқинида жойлашган чала иморат оралиғидаги масофа шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида белгиланганидан қисқа экани билан изоҳлади.
Маълум бўлишича, бу қурилма фуқаро Дилором Тапиловага тегишли бўлиб, у давлат заҳирасидаги ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, ноқонуний иморат қуришни бошлаб юборган, АЁҚШ билан орадаги масофа шунинг учун қисқариб кетган экан.
Лекин Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ҳам, унинг Тошкент вилояти бошқармаси ҳам бу бинонинг давлат рўйхатидан ўтмагани, амалдаги қонун талабларига кўра расмийлаштириб бўлмаслиги, яъни бу иморатнинг амалда мавжуд эмаслигини неча йилдирки тан олмай, тадбиркорга катта зарар етказиб келяпти.
“Ҳамкор Петрол” МЧЖ қонун талабларини менсимаган фуқаро Д. Тапилова ва унинг рухсатсиз қурган чала биносини тан олиб турган ФВВ бошқармаси айби билан молиявий жарлик ёқасига келиб қолди.
Корхона АЁҚШ лойиҳасини амалга ошириш учун банкдан жуда катта миқдорда кредит олган. Тадбиркор ФВВнинг қонунга кўра асосланмаган фикри билан уч йилдан бери фаолиятини бошлолмаяпти. Банкдан кўтарган қарзини тўлашга ҳам қийналиб қолган. У АЁҚШ учун замонавий ускуналар олиб келиш мақсадида Хитой компанияси билан тузган қарийб 500 минг долларлик шартномасини бекор қилишга ҳам мажбур бўлган.
“Ҳамкор Петрол” МЧЖ ноқонуний қурилган бино билан ўртадаги масофани таъминлаш учун АЁҚШ аккумуляторлар блокини ер остига кўчиришга ҳам рози бўлди. Бунинг учун лойиҳа яна қайтадан ишлаб чиқилди ва жуда кўп вақт, маблағ сарфланди. Лекин Тошкент вилояти фавқулотда вазиятлар бошқармаси ҳалича қайсарлик қилиб турибди.
БОШҚА ИДОРАЛАР ҚАНДАЙ ФИКРДА?
“Ҳамкор Петрол” МЧЖ, аслини олганда, бу ишларни қилишга мажбур ҳам эмасди. Чунки Дилором Тапилованинг иморатни давлат заҳирасидаги ерни ўзбошимчалик билан эгаллаб, ҳеч бир рухсат ва ҳужжатларсиз қуриб олгани барча ваколатли идоралар томонидан бир эмас, бир неча марта исботланган.
Хусусан, Кадастр агентлиги Чирчиқ шаҳар бўлими, Тошкент вилояти Қурилиш Бош бошқармаси хулосаларида ҳам бу қайта-қайта таъкидланган. Кадастр агентлиги ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер майдони қайтариб олиниши ва ноқонуний бинони суд орқали бузиб ташлаш чоралари кўрилишини эътироф қилган.
Агентлик чиқарган хатга кўра, бу бинонинг турар жой сифатидаги мулк ҳуқуқи тан олинмаган ва у давлат рўйхатидан ўтказилмаган, яъни ФВВ масофа ўлчашда фойдаланаётган бундай объект мавжуд эмас.
Тошкент Бош плани лойиҳалаш ва илмий тадқиқот институти берган расмий хулосада Чирчиқ шаҳрининг 2035 йилгача бўлган даврга мўлжалланган Бош режасида ҳам ушбу АЁҚШ (АСГТКС) фаолияти сақланиб қолиши билдирилган.
Тошкент вилояти Қурилиш Бош бошқармаси Чирчиқ шаҳар Бош режасига кўра бу низоли ҳудуд саноат зонаси ҳисобланиши ва у ерда якка тартибда турар жой қурилиши назарда тутилмаганини айтган. Унинг фикрича, Д. Тапилова томонидан рухсатсиз қуриб олинган бино шаҳар Бош режасига мутлақо зиддир.
Ўзбекистон Республикаси Шаҳарсозлик кодексининг 20-21-моддаларига кўра, Қурилиш вазирлиги ва унинг вилоят бош бошқармалари эксперт хулосаси бериш ваколатига эга ягона органдир.
Бош бошқарманинг ўз ваколатлари доирасида чиқарган қарорлари барча вазирликлар, давлат қўмиталари, идоралар ҳамда давлат бошқарувининг бошқа органлари, юридик ва жисмоний шахслар учун мажбурий ҳисобланади.
Тошкент вилояти фавқулотда вазиятлар бошқармаси учун на махсус ваколатли орган хулосаси, на суд ҳужжатлари, на қонун талаблари аҳамият касб этмайдиганга ўхшайди.
Йўқса, Тошкент вилояти Қурилиш Бош бошқармаси бошлиғи томонидан имзоланган ва ёнғин хавфсизлиги бўйича оралиқ масофани ўлчашда АЁҚШ (АСГТКС) ҳамда ўзбошимчалик билан қурилган объект ўртасидаги масофадан келиб чиқилмаслиги ҳақидаги хулосасини ФВВ назарга илмаётганини қандай тушуниш мумкин?!
Қолаверса, Д. Тапилова турар жойининг лойиҳа-сметаси Чирчиқ шаҳар бош архитектори томонидан имзоланган. Ваҳоланки, юридик шахс ҳисобланмайдиган бўлимлар ва бўлинмалардан ўтган, лекин Бош бошқарма тасдиқламаган ҳужжатлар ҳеч қандай ҳуқуқий кучга эга эмас.
ФВВ Тошкент вилояти Қурилиш Бош бошқармаси ўз хулосасида Д. Тапилова бинони ўз чегарасидан ташқарида, яъни давлат ерида қургани, бу эса АЁҚШ санитария нормалари, шунингдек, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига мувофиқ эмаслигига алоҳида урғу берганига эътибор қаратса яхши бўларди.
ҲОКИМЛИК НИМА ДЕЙДИ?
Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги ҳам бу ноқонуний ҳаракатга жимгина қараб тургани йўқ. Унинг вакиллари рухсатсиз қураётган биносини ўз ихтиёри билан бузиб ташлашни талаб қилиб Д. Тапиловани бир эмас, бир неча марта огоҳлантиришган. Гап кор қилмагач, 25 март 2022 йили фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судига Дилором Тапилова устидан даъво аризаси киритилган. 16 сентябрь 2022 йили суд Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги даъвосини тўлиқ қаноатлантирган ва фуқаро томонидан ноқонуний эгаллаб олинган давлат заҳирасидаги ерда қурилаётган бинони бузиш ва ер майдонини аввалги ҳолига келтириш тўғрисида ҳал қилувчи қарорини эълон қилган.
Д.Тапилова аризасига мувофиқ бу масалани қайта кўриб чиққан Тошкент вилояти фуқаролик ишлари бўйича аппеляция судлов ҳайъати Чирчиқ туманлараро судининг ҳал қилувчи қарорини ўзгартиришсиз, ўз кучида қолдирган.
ҚОНУНБУЗАРГА ШАҲАР КЕНГМИ?
Ўзининг ноқонуний ҳаракатлари билан бир тадбиркорнинг уч йиллик умрини ўмарган Д. Тапилова “Энг яхши ҳимоя – ҳужум” нақли бўйича иш кўряпти. У ҳар қандай йўлдан фойдаланиб вақтни чўзиш пайида.
Давлат ерига рухсатсиз молхона қуриб олган хоним ҳижолат чекишни хаёлига ҳам келтирмаяпти. У аввал Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги огоҳлантиришларини писанд қилмаганди. Кейин суднинг ноқонуний қурилмани бузиш тўғрисида чиқарган ҳал қилувчи қарори устидан аппеляция шикояти киритди. Шу орқали камида бир-икки ой қўшимча вақтга эга бўлди.
Вилоят аппеляция ҳайъатида ҳам ютқазгач, Д. Тапилова ўз вакили М. Зуфарова орқали Олий Судга кассация тартибида даъво аризаси юборди. Яна вақтдан ютди, тадбиркор эса фаолиятини бошлолмай зарар кўришда давом этди.
Олий Суднинг Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати 2 июнь 2023 йилда бўлиб ўтган мажлисида Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги заҳирасидаги ер майдонининг Д. Тапилова томонидан ноқонуний эгаллаб олинган ер майдони ҳажмини аниқлашни экспертиза зиммасига юклади.
Ҳадича Сулаймонова номидаги Республика суд-экспертиза маркази Олий Суд томонидан қўйилган саволларга жавоб бериш учун бир қатор ҳужжатлар керак бўлиши ҳамда Адлия Вазирининг 29 январь 2021 йилдаги буйруғи билан тасдиқланган тарифга кўра 10.263.000 сўм тўланиши лозимлиги, бунга қадар экспертиза ўтказиш муддати 19 июнь 2023 йилдан эътиборан тўхтатиб турилишини маълум қилди.
Олий Суд Фуқаролик ишлари бўйича судлов ҳайъати ажримига кўра экспертиза ҳаражатлари, яъни 10.263.000 сўм Д. Тапилова зиммасига юклатилган.У эса бу пулни тўламоқчи эмас шекилли, ҳалигача жим.
Д. Тапилова ва унинг вакили М. Зуфарова “Ҳамкор Петрол” МЧЖ раҳбари А. Алимжановга чала иморатни сотиб олиб, кейин билганини қилиши мумкинлигини таклиф этишди. Ҳар хасдан нажот кутаётган тадбиркор шу қурилмани қарз-қавола қилиб бўлса ҳам, улар айтган нархда харид қилишга рози бўлганди. Кейин бўйнида суякдек тиқилиб турган ноқонуний қурилмани таг-туги билан бузиб ташлашни режалаштирганди.
Мутахассислар билан маслаҳатлашгач, бу фикридан қайтишга мажбур бўлди. Чунки Д. Тапилова биносининг умуман ҳужжатлари йўқ, давлат рўйхатига олинмаган, демак, уни ўз номига расмийлаштириш тўғрисида гап бўлиши ҳам мумкин эмас. Бино турган ер майдони эса давлатники. Хуллас, сал йилтиллаган умид учқуни аланга олмай сўнди.
Д. Тапилова, айниқса, Фавқулотда вазиятлар вазирлигининг ҳеч бир қонун ҳужжатлари билан асосланмаган қайсарлигидан роса қувонаётган бўлса керак?! Чунки, бутун бошли вазирлик ва унинг икки қудратли бошқармаси ноқонуний иморатни ўзи билмаган ҳолда жон-жаҳди билан ҳимоя қилиб келяпти. Унинг хали битмаган молхонасини турар жой мақомида кўряпти.
ФВВ АЙТАДИГАН ВА ҚАЙТАДИГАН ТУЗИЛМАМИ?
Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ва унинг таркибидаги бошқармалар “Ҳамкор Петрол” МЧЖдан нима истаётганини ўзлари ҳам билмаяпти шекилли. Ҳар қалай уларнинг хатлари билан танишган одамда шундай таассурот шаклланади.
Хусусан, бошқарма 30 сентябрь 2022 йилдаги хатида АЁҚШ ва турар жой деб ҳисобланаётган уй (ваҳоланки, ФВВнинг бир хатида бу одам боласи яшамайдиган молхона экани айтилган) орасидаги масофа шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларининг (ШНҚ) 2.2.4-банди талабларига жавоб бермаслиги таъкидланганди.
“Ҳамкор Петрол” ФВВ истаган 35 метрлик масофани таъминлаш учун яқиндагина жуда катта маблағ ҳисобига қурилган аккумулятор блокини бузиб, бошқа жойга — ер остига кўчирган. Лойиҳани қайта чиздирган ва ижобий хулоса олиш учун яна ФВВга мурожаат қилган.
Унинг Тошкент вилояти бошқармаси эса 31 май 2023 йилдаги, яъни қарийб 9 ойдан кейинги хатида, худди тадбиркорни мазах қилгандек, ёнғин хавфсизлиги оралиқ масофаси аввалги сафар айтилган 2.2.4-модда эмас, балки 2.1.3-модда талабларига жавоб бермаслигини таъкидлаб, қурилишга рухсат бермаган.
Яна бир мисол. Икки бошқарма ишидан норози бўлган “Ҳамкор Петрол” МЧЖ раҳбари А. Алимжанов бевосита ФВВ вазири номига ариза билан мурожаат қилган. Вазирлик масалага ойдинлик киритиш учун таркибидаги бошқарма вакиллари ва тадбиркор иштирокида йиғилиш ўтказган.
Унда раислик қилган Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш Бош бошқармаси бошлиғи У. Музафаров бу масалани Тошкент вилояти Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги бошқармаси ҳузуридаги шаҳарсозлик кенгашида коллегиал тартибда, яъни барча ваколатли идоралар мутасаддилари билан баҳамжиҳат кўриб чиқишни таклиф қилган. Бу ҳақида А. Алимжанов номига алоҳида хат ҳам чиқарган.
У. Музафаров мулоқот пайтида шаҳарсозлик кенгаши иштирокчилари кўп овоз билан "Ҳамкор Петрол" МЧЖ ҳақ эканини эътироф қилишса, ФВВ ҳам шу қарорни маъқуллашини айтган.
Қарангки, шаҳарсозлик кенгаши йиғилишида қатнашган 12 ташкилотнинг 11 таси (!) “Ҳамкор Петрол” МЧЖнинг АЁҚШ фаолиятини бошлаш учун ҳеч қандай тўсиқ йўқлигини таъкидлаб, ижобий хулоса берган. Фақат Тошкент вилояти фавқулотда вазиятлар бошқармаси яна қаршилик қилган.
Ваколатлари кўп бўлса кўпки, кам бўлмаган бошқа расмий идораларнинг фикрини инобатга олмас экан, ФВВ нима учун коллегиал тартибда йиғилиш ўтказиш ва “Ҳамкор Петрол” МЧЖ масаласини муҳокама қилишни таклиф қилгани умуман тушунарсиз. Ёки Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ва унинг бошқармалари Шаҳарсозлик нормалари ва қоидалари фақат биз учун яратилган, бошқалар эса бунақа жиддий ҳужжатларни тушунишга ожизлик қилади деб ўйлармикан?!
Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги Бош бошқармаси бошлиғи Э. Пўлатов “Ҳамкор Петрол” МЧЖ масаласи шаҳарсозлик кенгаши комиссияси томонидан кўриб чиқилгани, унинг 12 аъзосидан 11 нафари ижобий хулоса берганини ўз хатида тасдиқлаган. Тадбиркорга Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан 20 апрель 2022 йилда имзоланган “Қурилиш соҳасига оид ягона қурилиш регламентларини тасдиқлаш тўғрисида”ги 200-сонли қарорнинг 4-иловасига кўра, давлат хизматлари орқали мурожаат қилишни тавсия қилган.
Лекин Қурилиш ва уй-жой коммунал хўжалиги Бош бошқармаси хатидаги бир жумла одамни сергак торттиради. Унда шундай дейилган: “давлат хизматлари орқали шаҳарсозлик кенгашига мутасадди ташкилотлар билан келишилган ҳолда, мурожаат қилиш мақсадга мувофиқлигини маълум қиламиз” (хат услуби айнан сақлаб қолинди – Таҳр.).
Бу хат билан Бош бошқарма “Сизнинг масалангиз шаҳарсозлик кенгашида мутасадди ташкилотлар томонидан 11 ижобий ва 1 қарши (ФВВ) овоз билан фойдангизга ҳал қилинди, энди бемалол давлат хизматлари орқали мурожаат қилинг ҳамда фаолиятингизни бошланг” деган мазмун борми? Ёки “11 ижобий хулосангиз бор, қолган биттасининг (ФВВ) ҳам розилигини олинг ва кейин ҳаракатингизни қилинг” дейилганми?
Шаҳарсозлик кенгаши якуний қарорга келишда кўп овозлилик тамойилига таянадими ёки ҳамма иштирокчилар якдил рози бўлгандагина масала ижобий ҳал бўлди деб ҳисобланадими? Шуниси бизга қоронғу.
Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ҳамда унинг икки бошқармаси ўз сўзида қайсарлик билан туриб олиши 80 ёшга кирган Афандидан ёшини сўрашганда, “Мен 18 ёшдаман, бундан кейин ҳам шундай қоламан, чунки бир сўзлиман” деб берган жавобидек мантиқсиз.
ЎЗБОШИМЧАЛИК — ДАВР ТАЛАБИМИ?
ФВВ ва унинг Тошкент вилояти бошқармаси Ўзбекистон Республикасининг қайси қонун ҳужжатлари, меъёрий нормаларига таянаётганини ҳам исботлаб беролмаяпти. Улар дастак қилиб олган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларида оралиқ масофани ўлчаш учун ноқонуний қурилган, давлат рўйхатидан ўтказилмаган бино ва иншоотлар мезон сифатида хизмат қилиши мумкинлиги кўрсатилмаган. Кўрсатилмайди ҳам.
Фавқулотда вазиятлар вазирлиги суянаётган ШНК (шахарсизлик норматив қоидаси) билан танишиб чиқайлик, ШНКнинг 2.09.20-08нинг 2.2.4-бандида Кўп ёқилғили АЁҚС, АГТКС ва АГҚС (бир деворли резервуарли АГҚСдан ташқари)лардан уларга тегишли бўлмаган объектларгача бўлган минимал масофа 4-жадвалга мувофиқ қабул қилинади. Ушбу жадвалда Оралиқ масофаси аниқланиши зарур бўлган объектлар номи кўрсатилган бўлиб, (хужжатда айнан шундай ёзилган) уй-жой ва жамоат бинолари масофалари белгиланган. ШНК талабига кўра аввало ушбу объект уй жой сифатида давлат рўйхатдан ўтган бўлиши лозим. Айни вақтда давлат томонидан уй-жой сифатида тан олинмаган объектга Бошқарма ёнғин хавфсизлиги масофаларини қўйиб бериши ШНК норма талабига зид хисобланади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 212-моддасига кўра, Қонунчиликда белгиланган тартибда қурилиш мақсадлари учун ажратилмаган ер участкаларида, шунингдек иморат қуриш учун зарур рухсатнома олмасдан ёки архитектура ва қурилиш нормалари ҳамда қоидаларини жиддий бузган ҳолда қурилган уй-жой, бошқа бино, иншоот ёки ўзга кўчмас мулк ўзбошимчалик билан қурилган иморат ҳисобланади. Ўзбошимчалик билан иморат қурган шахс унга мулк ҳуқуқини ололмайди. Бу шахс қурган иморатини тасарруф этишга — сотишга, ҳадя этишга, ижарага беришга, иморатга нисбатан бошқа битимлар тузишга ҳақли эмас.
Вазирлар Маҳкамасининг 29 декабрь 2018 йилдаги қарори билан тасдиқланган Низомга кўра, “Ўзбошимчалик билан эгаллаб олинган ер участкаларига ёки ҳуқуқни белгиловчи ҳужжатларсиз фойдаланилаётган ер участкаларига бўлган ҳуқуқлар давлат рўйхатидан ўтказилмайди”. Бу тамойил Ер Кодекси, Фуқаролик Кодексида ҳам мустаҳкамлаб қўйилган.
“Ҳамкор Петрол” МЧЖ вакилларининг айтишича, ФВВ ва унинг вилоят бошқармаси мутасаддилари ўзаро суҳбатда бу қарорларини “Д. Тапилованинг шу ноқонуний қурилган иморати қачонлардир рўйхатга олиб қолинса-чи” дея хаспўшлашяпти экан. Бу эса “қиёмат бўлиб қолса, нима қиламан”, деб уйи ертўласини чуқурроқ қазиётган одамнинг ишига ўхшайди.
Фавқулотда вазиятлар вазирлиги мутасаддилари ўз келажагидан шунчалар хавотирдамилар? Шу гапда жон бўлса, нима учун улар суднинг ҳал қилувчи қарори, Кадастр Агентлиги, Қурилиш Бош бошқармаси хулосаларидан ўзларига қўрғон ясаб олмаяптилар?! Бу идораларнинг малакали мутахассислари “Ҳамкор Петрол” МЧЖ ҳақ эканини қонун талаблари ва меъёрий ҳужжатлар билан асослаб қўйишган-ку?!
Қолаверса, Ўзбекистон Республикасида қонуний кучга кирган суд ҳужжатлари барча давлат органлари, жамоат бирлашмалари, корхоналар, муассасалар ва ташкилотлар, мансабдор шахслар, фуқаролар учун мажбурий ҳисобланади. Лекин ҳам шаҳар, ҳам вилоят суди томонидан чиқарилган қарор ҳамда ажримлар Тошкент вилояти фавқулотда вазиятлар бошқармаси томонидан мутлақо инобатга олинмаётгани жумбоқ.
ТАДБИРКОРНИНГ АЙБИ НИМАДА?
Очиғи, ҳужжатларни қайта-қайта ўрганиб чиқиб ҳам шу саволга жавоб тополмадик. Чунки АЁҚШ эгаси бирорта ноқонуний бино қурмаган бўлса, яқинида жойлашган қурилма билан масофани ўзича қисқартирмаган бўлса, нима учун ФВВ унга эътироз билдиряпти?!
Нима учун Тошкент вилояти фавқулотда вазиятлар бошқармаси Д. Тапиловага “Сиз қураётган ноқонуний иморат АЁҚШгача бўлган оралиқ масофанинг қисқаришига олиб келяпти, бу эса ёнғин хавфсизлиги нуқтаи назаридан нотўғри” деб айтмаяпти?! Нима учун шу пайтгача айтмаган?!
Фавқулотда вазиятлар вазирлиги Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш Бош бошқармаси бошлиғи У. Музафаров томонидан имзоланган хатда “ўзбошимчалик билан қурилган иморатларни аниқлаш ҳамда уларни бартараф қилиш (бузиб ташлаш)” у раҳбарлик қилаётган тузилма ваколатига кирмаслиги айтилган.
Балким шундайдир?! Ваҳоланки, Бош бошқарма ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалаларида шунчалар сергак ва қатъиятли экан, унда шундоққина АЁҚШ биқинида шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига зид равишда бино қурилаётганига нима учун йиллар мобайнида эътибор қаратмади?
Нимага Чирчиқ шаҳар ҳокимлиги, вилоят Қурилиш Бош бошқармаси ва бошқа тегишли ташкилотларни бу ҳақида огоҳлантирмади? Нима учун уларга тақдимнома киритмади?
Д. Тапилова ноқонуний қурилиши билан ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузмаяптими? У АЁҚШ биносигача бўлган масофани қисқартириб, ёнғин хавфи туғдирмаяптими? Балки ўзбошимчалик билан барпо қилинаётган қурилишларни аниқлаш ФВВ ваколати эмасдир, лекин АЁҚШ томон илгарилаб бораётган бинога ҳеч бўлмаганда ёнғин хавфсизлиги нуқтаи назаридан эътибор қаратиш керак эмасми? Ёки бу ҳам ФВВ ваколатига кирмайдими?
Бу масалада “Ҳамкор Петрол” масъулияти чекланган жамиятининг айби ёки хатоси йўқлиги шундоқ ҳам кўриниб турибди-ку?! Нима учун тадбиркор бошқа фуқаронинг қилган, қилаётган ноқонуний ҳаракати бадалини тўлаши керак?
Корхона Д. Тапилова ва Тошкент вилояти фавқулотда вазиятлар бошқармаси туфайли фаолиятини бошлолмаяпти ва бунинг ортидан кунига жуда катта миқдорда зарар кўряпти, даромад ололмаяпти, қарзини тўлолмаяпти. Бу азият ва йўқотишлар ўрнини ким қоплаб беради?
ВАЗИРЛИККА ТАВСИЯ
Фавқулотда вазиятлар вазирлиги дастак қилиб олган шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини ишлаб чиқишда унинг таркибидаги Давлат ёнғин назоратини ташкил этиш Бош бошқармаси, Ёнғин хавфсизлиги олий техника мактаби ҳам бевосита қатнашган (у пайтда бу тузилмалар ички ишлар вазирлигига қарарди). Демакки, ҳужжатни тайёрлашда бу идора ва муассасалар ўз фикрини айтган, таклифлар киритган, талабларини қўйган. Ҳали ҳам кеч эмас.
Агарки, Фавқулотда вазиятлар вазирлигига Ўзбекистон Республикасининг амалдаги қонунлари, хусусан, Фуқаролик Кодекси, Судлар тўғрисидаги Қонун, Ер Кодекси, Вазирлар Маҳкамаси қарорлари аҳамиятсиз бўлса, шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларига “ФВВ ва унинг бошқармалари белгиланган тартибда рухсат олмасдан ноқонуний қурилган, давлат рўйхатидан ўтказилмаган бино ва иншоотлардан масофани ўлчаш мезони сифатида фойдаланиш ҳуқуқига эга” деб бир банд киритсин.
На суд, на бошқа давлат ташкилотларининг қарор ва хулосаларини мутлақо тан олмаётган ФВВ ходимларининг айтишича, бу борада вазирликнинг ўз фикри бор эмиш. Лекин бу фикр қайси қонун ва меъёрий ҳужжатларга асослангани номаълумлигича қоляпти.
Ўнлаб идоралар ва уларнинг малакали ходимлари “Пахтанинг ранги оқ бўлади” деб туришган бўлса, “Йўқ, қора бўлади” деб оёқ тираш илм-фанда нима деб аталишини билмаймиз, лекин ФВВ қайсарлиги мавжуд қонун ҳужжатларини кўр-кўрона талқин қилишдан сув ичаётгандек.
ИДОРА МИНГТА, ФВВ БИТТАМИ?
“Ҳамкор Петрол” МЧЖ барпо қилаётган автомобилларга сиқилган газ тўлдириш компрессор станцияси (АСГТКС) ниҳоятда муҳим аҳамиятга эга лойиҳа. Чунки у йўл ёқасида — Тошкент-Чирчиқ-Чимён йўналишида жойлашган. Қолаверса, тадбиркор А. Алимжанов ғояси Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 11 октябрь 2017 йилдаги “Автомобилларга газ тўлдириш компрессор станциялари тармоғини ривожлантириш ва автотранспорт воситаларини сиқилган табиий газга босқичма-босқич ўтказиш ҳамда уларда газбаллон ускуналаридан хавфсиз фойдаланишни таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги 815-сонли қарори ижросини таъминлаш борасида олиб борилаётган ишларга ҳамоҳангдир.
Бу лойиҳа Чирчиқ шаҳрида янги иш ўринлари ташкил қилиш ва маҳаллий бюджетга қўшимча даромадлар жалб этишга имкон яратади. Юқорида айтганимиздек, “Ҳамкор Петрол” МЧЖ лойиҳаси Чирчиқ шаҳрининг 2035 йилгача бўлган Бош режасидан ҳам ўрин олган.
Унинг шаҳар ҳамда вилоят аҳолиси ва меҳмонлари учун қанчалик катта аҳамият касб этишини яхши англаган Чирчиқ шаҳар ва Тошкент вилояти ҳокимликлари ташаббуси билан “Ҳамкор Петрол” МЧЖ лойиҳаси мамлакат миқёсида тан олинган қурилишлар рўйхатига киритилди.
Энергетика вазирлигининг 2020 йилда Ўзбекистон минтақалари бўйича АСГТКС қуриш мақсадли параметрлари қаторига Чирчиқ шаҳридан фақат “Ҳамкор Петрол” МЧЖ лойиҳаси жалб қилинган.
Қолаверса, бу АСГТКС масаласи “Ўзнефтгазназорат”давлат инспекцияси, “Ўзтрансгаз” АЖ, Транспорт, Қурилиш вазирликлари билан келишилган.
Шундай нуфузли идоралар қўллаб-қувватлаётган ва 2020 йилда ишга туширилиши белгиланган лойиҳа нима учун ҳалигача фаолиятини бошламагани сабабини эса шу мақолада батафсил ёритдик.
Фақат Фавқулотда вазиятлар вазирлиги маҳаллий ҳокимликлар, шаҳар ҳамда вилоят миқёсидаги бошқармалар, судлар ва уларнинг хулоса, қарор, ажримларини мутлақо тан олмаслиги сабабларини англаб етолмадик. Улардаги бу журъат, кибр манбасини тополмадик.
Балки ФВВ вазн тоифаси ўзиникига яқин идораларни назарига илар? Ундай бўлса, ФВВ мутасаддиларига “Ҳамкор Петрол” МЧЖ томонидан барпо қилинадиган АСГТКС масаласида Энергетика вазирлиги, “Ўзнефтгазназорат”давлат инспекцияси, “Ўзтрансгаз” АЖ, Транспорт, Қурилиш вазирликлари фикрини ҳам эшитиб кўришни тавсия қилган бўлардик?!
Ишончимиз комилки, бу нуфузли органларда шаҳарсозлик нормалари ва қоидаларини Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ва унинг Тошкент вилояти бошқармаси ходимларидан кўра яхшироқ биладиган ва тўғри талқин қиладиган мутахассислар албатта топилади.
СЎНГГИ СЎЗ ЎРНИДА
Яқинда “Ҳамкор Петрол” МЧЖ директори А. Алимжанов 26 июнь 2023 йил санаси билан қайд қилинган ва Фавқулотда вазиятлар вазири ўринбосари М. Мухитдинов томонидан шахсан имзоланган хат олди. Унда АЁҚШ ҳамда қўшни ер участкасида жойлашган фуқаро Д. Тапиловага (хатда Талипова деб хато ёзилган. Таҳр.) тегишли қурилиши тугалланмаган иморатгача бўлган масофа масаласи Давлат ёнғин назорати органлари томонидан бир неча марта кўриб, ўрганиб чиқилгани ва “Ҳамкор Петрол” МЧЖга асослантирилган жавоб берилгани таъкидланган.
Шунингдек, хатда бу мавзу муҳокамаси “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонуннинг 30-моддасига мувофиқ тугатилгани маълум қилинган. Тушунишимизча, ФВВ ўз фикрида қолмоқчи ва “Ҳамкор Петрол” МЧЖ масаласини ёпмоқчи. Лекин бу расмий жавоб қатор савол ва фикрлар туғдиряпти.
ФВВ ва қонунбузар Д. Тапилова туфайли боши берк кўчага кириб қолган, бор маблағини, етмаганига қарз кўтариб бўлса ҳам, АЁҚШ лойиҳасига тиккан “Ҳамкор Петрол” МЧЖ раҳбари А. Алимжанов нима қилсин? У қонунни бузмадику! Бу масалада унинг заррача айби йўқ-ку! А. Алимжановнинг хатоси мамлакатимизда қонун устивор эканига ишонганими?
Нима учун тадбиркор бошқа фуқаронинг АЁҚШ атрофида содир этаётган қонунбузарлик ҳолати учун азият чекиши керак? Ёки вазирликнинг Д. Тапиловага ёнғин хавфсизлиги талабларини бузаётганини айтиб, чора кўришга журъати етмайдими?
Наҳотки, Фавқулотда вазиятлар вазирлиги бу масалада бирор айби бўлмаган ўзбек тадбиркорининг том маънода синиб кетишига жимгина қараб турса?! Унинг вазифаси “Ҳамкор Петрол” МЧЖни инқирозга етаклаш эмас, соҳасининг етук мутахассиси сифатида йўл-йўриқ кўрсатиш, қўллаб-қувватлаш эмасми?!
Хатда АЁҚШга қўшни иморат “Д. Тапиловага тегишли” деб айтилган. Вазирлик мулк ҳуқуқини келтириб чиқарувчи қайси ҳужжатларга таяниб бундай даъво қиляпти? Нимага хатда Кадастр Агентлиги Чирчиқ шаҳар бўлими, Тошкент вилояти Қурилиш Бош бошқармаси хулосалари, фуқаролик ишлари бўйича Чирчиқ туманлараро судининг ҳал қилувчи қарорида айтилганидек, “Д. Тапилованинг давлат заҳирасидаги ер майдонини ўзбошимчалик билан эгаллаб, рухсатсиз ва ҳужжатларсиз қурилган иморати” дейилмаяпти?
Нима учун асослантирилган жавоб хатлари тақдим қилинганини таъкидлаётган ФВВ бу хулосага келишда қайси қонун ва меъёрий ҳужжатларга таянганига ойдинлик киритмаяпти? Ёки хатда асос сифатида келтирилган ШНҚ 2.09.20-08 нинг 4-жадвалида масофани белгилаш учун ноқонуний бино ва иншоотлардан ўлчаш мезони сифатида фойдаланишга рухсат берилганми?
Вазир ўринбосари М. Мухитдинов 2022-2023 йиллар давомида шу масала бўйича “Ҳамкор Петрол” МЧЖга бевосита вазирлик томонидан бешта, Тошкент вилояти бошқармаси номидан тўртта жавоб хати чиқарилганини таъкидлаган. Шундай обрўли вазирлик учун аҳолиси сони 200 минг нафарга ҳам етмайдиган кичкина шаҳарчадаги мўъжазгина АЁҚШ муаммосини ўрганиш учун икки йил зарур бўлдими?! Бу иснод эмасми?
Ўзбекистон Республикаси Президенти 2017 йилдаёқ “Тадбиркор йўлига тўсиқ бўлиш давлат сиёсатига хиёнат қилиш демакдир” демаганмиди? Наҳотки, давлат раҳбарининг юрак тубидан чиққан шу буюк ҳикматни унутиш учун беш йилгина кифоя қилса?!
Гапимиз Фавқулотда вазиятлар вазирлиги ва унинг ҳудудий бошқармалари мутасаддилари учун кулгили туюлса ҳам айтамиз: ҳар қандай қонун, меъёрий ҳужжатлар, биринчи навбатда, инсонлар ҳаётини енгиллаштириш учун қабул қилинади, уларни жар ёқасига етаклаш учун эмас.