Qidirish

14:26 / 2023-06-30 7667 0 Ҳодисалар

Наманганда депутат пора билан қўлга тушди. У кутубхонага ажратилган ерни пулламоқчи бўлган

Наманган вилояти Поп тумани кенгаши депутати кутубхона учун ажратилган ерни пуллаётганида қўлга тушди.

Маълум қилинишича, чустлик тадбиркор жорий йилнинг май ойида Поп тумани ҳудудида алюмин эшик-ром цехи учун бўш ер майдони излаб юрганида халқ депутатлари туман кенгаши депутати вазифасида ишловчи шахс билан танишиб қолган. 

Депутат унга Поп шаҳри марказида жойлашган, илгари Поп туман кутубхонаси фаолият юритган 4 сотих ер майдони бугунги кунда ўзига тегишлилигини айтиб, ушбу ер майдонини 35 минг долларга сотиш истагида эканини билдирган.

Харидор эса ҳужжатларда муаммо бўлмаса ерни сотиб олишини айтган, депутат эса ерга эгалик қилиш ҳақидаги ва бошқа ҳужжатларни туман кадастр палатасида ишловчи танишлари орқали расмийлаштириб беришни ваъда қилган.

Дастлаб у харидордан олдиндан 10 минг доллар бериб туришини, келишилган пулнинг қолган қисмини ернинг ҳужжатларини расмийлаштириш даврида олиши айтган. Шундан сўнг, ҳаридор Наманган вилояти ИИБ бошлиғи номига ариза билан мурожаат қилган.

Мазкур аризага асосан Наманган вилоят ИИБ ТҚХ Жиноят-қидирув бошқармаси Коррупция ва иқтисодий жиноятларга қарши кураш бўлими ДХХ вилоят бошқармаси билан ҳамкорликда ўтказилган тезкор тадбирда халқ депутатлари Поп тумани кенгаши депутати фуқародан кимёвий ишлов берилган 10 минг долларни олиб, унга ер майдонига тегишли бўлган қарор нусхасини берган вақтида ашёвий далиллар билан ушланган.

Терговга қадар текширув давомида ушбу ер майдони депутатга кутубхона қуриш учун топширилгани маълум бўлди.

Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси 4-қисми билан жиноят иши қўзғатилган. Айни пайтда Поп тумани ИИБ ҳузуридаги тергов бўлинмаси томонидан тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш