Qidirish

12:07 / 2023-06-22 725 0 Мақолалар

Туркияда денгиз тубига шўнғиганча сув ости ажойиботларини кашф қилишингиз мумкин бўлган энг гўзал манзиллар…

Туркия, сув остига ғарқ бўлган кемалар ва ўтмиш сирларини сақловчи денгиз ости ҳаёти, бой сув ости флора ва фаунаси билан йил бўйи мовий чуқурликларда ўтмиш изларини кашф қилиш имкониятларини шўнғиш ихлосмандларига тақдим этади.

world-news

8500 квадрат километрлик қирғоқ чизиғи бўйлаб, Туркия сув ости археологияси ва табиатга оид қизиқарли тажрибалари билан шўнғиш туризми ихлосмандларини кутиб олади. Бундан ташқари, Туркиянинг мусаффо сувларида шўнғиш тажрибалари энг қадимий цивилизацияларга гувоҳ бўлган тарихий шаҳарлар, Эгей ва Ўрта Ер денгизининг ўзига хос таомлари ва узумзорлари билан чамбарчас боғлиқ.

Бодрум: Эгейнинг юрагидаги саргузашт

Бодрум Туркиянинг сув ости бойликларини кашф қилишни истаганлар учун Туркегейдаги асосий йўналишлардан бири ҳисобланади. Ярим оролнинг шаффоф сувларида балиқ, саккизоёқ, денгиз ўтлари, сув ўтлари ва денгиз мочалкалари каби кўплаб жонзотлар яшайди.

Минтақада шунингдек, қадимги даврга тегишли бўлиши мумкин бўлган кема ҳалокатлари кузатиш мумкин бўлган 20 та шўнғиш жойи мавжуд. Бодрумнинг энг машҳур шўнғиш манзиллари катта ва кичик рифлардан иборат бўлиб, у ерда барча фаслларнинг илиқ сувларида шўнғишингиз мумкин.

Бодрумдаги яна бир ажойиб шўнғиш манзили бу Орак ороли ва Деликли ғоридир. Туркиядаги сув ости топилмалари намойиш этиладиган Бодрум сув ости музейини зиёрат қилиш сув ости ишқибозлари учун муҳим тажрибаларни ваъда қилмоқда. Туркиянинг энг муҳим дам олиш масканларидан бири бўлган Бодрумда қилиниши керак бўлган ишлар рўйхати ҳам анча узун.

Аҳоли орасида жаннат шаҳарчаси деб аталувчи Муғлада сиз гўзал кўрфазларда қуёшдан баҳраманд бўлишингиз, шаҳарнинг машҳур ресторанларида турк ва жаҳон ошхонасига тегишли энг яхши намуналарини татиб кўришингиз мумкин. “Қадимги дунёнинг етти мўъжизасидан” бири ҳисобланган Мавсол (Маusolus) мақбараси қолдиқлари жойлашган Бодрумда ҳам кўплаб археологик кашфиётлар қилишингиз мумкин.

Фетҳие: Ҳақиқий сув ости жаннати

Бетакрор кўрфазлари, мукофотга сазовор бўлган соҳиллари ва кўзни қамаштирувчи манзаралари билан ёзги таътилнинг севимли марказларидан бири бўлган Фетҳие, Туркиянинг энг яхши шўнғиш нуқталаридан бири Аквариум кўрфазига мезбонлик қилади. Ўз номини сувининг тиниқлигидан олган кўрфаз тажрибали ва янги бошловчилар учун мос келадиган жойдир.

Сўнгги йилларда қўриқланадиган ҳудуд сифатида эълон қилинган кўрфаз тунги шўнғишлар учун ҳам мукаммал танловдир. Сув ости ҳаётининг хилма-хиллиги билан машҳур бўлган Аквариум кўрфазида мовий чуқурликда яшовчи мавжудотларни кўриб ҳайратланишингиз мумкин.

Фетҳиедаги яна бир машҳур шўнғиш маршрути бу - Афкуле. Кўплаб ер ости ғорлари, ранг-баранг балиқлари ва денгиз ўсимликларига эга бўлган, шўнғиш ишқибозлари тез-тез ташриф буюрадиган Афкуле, шунингдек, илғор ғаввослар учун ҳам мос келади. Шунингдек, бу минтақада Caretta Caretta тошбақаларини ҳам учратишингиз мумкин.

Каш: Дунёдаги энг яхши 10 та шўнғиш манзилларидан бири

Турк Ривиерасининг дурдонаси бўлган Анталияга йўл олганингизда, Туркиянинг энг машҳур шўнғиш манзиллари билан қаршилашасиз. Минтақадаги ўн беш шўнғиш нуқтаси ранг-баранг сув ости фаунаси билан ажралиб туради. Сув ости рифлари, тошлоқ жойлари ва кема ҳалокатлари билан Каш эндемик турларни кузатиш учун турли хил ноёб тажрибаларни тақдим этади.

Минтақанинг энг ўзига хос шўнғиш зоналаридан бири бўлган Каш нафақат Туркияда, балки дунёда энг яхши 10 шўнғиш нуқталари қаторида. Кашнинг машҳур шўнғиш маркази Канён деб номланган минтақададир. Канёндаги балиқлар билан рақобатлашиш орқали сувнинг сирли дунёсини ўрганиш - бу ажойиб саргузашт. Сизни сув остига чорловчи Каш классикаси “Учар балиқ” Иккинчи жаҳон уруши пайтида уриб туширилган Савоиа-Марчетти SM79 русумли итальян бомбардимон учоғининг ҳалокатидир.

Чаноққалъа: эртакнамо сув ости саёҳати

Гелиболу тарихий сув ости парки дунёдаги энг муҳим шўнғиш марказларидан бири бўлиб, Чаноққалъа урушлари изларини сув остида кўриш имконини беради. 150 квадрат километрлик сув ости паркида 14 хил нуқтада турли хил чуқурликларда шўнғиш мумкин.

Дунёнинг энг яхши сақланиб қолган жанг майдони бўлган минтақада сиз Layter, Ariburnu Barch, Helles Barch, Bone Barch, HMS Louis, Lundy, HMS Majestic, Massena кема ҳалокатлари билан бир асрдан ошиқ тарихга саёҳат қилишингиз мумкин.

Ушбу ҳалокатларнинг энг машҳурлари Лундй юк кемаси ва HMS Мажестис зирҳли ҳарбий кемасидир. Чаноққалъа ҳақида гап кетганда, яна бир шўнғиш йўли бўлган Сарос кўрфазини унутмаслигимиз лозим. Кучли оқимлар билан ўзини тозалайдиган Эгей денгизининг энг яхши сақланган жойлари орасида 200 дан ортиқ денгиз жониворлари яшайди.

ЮНEСКОнинг Бутунжаҳон маданий мероси рўйхатига киритилган Троя қадимий шаҳри ва Европанинг музейшунослик соҳасидаги энг нуфузли мукофотлари соҳиби бўлган Троя музейига ташриф буюриб, Чаноққалъадаги шўнғиш саргузаштларингизни бойитишингиз мумкин. Чаноққалъа яқинидаги иккита мўъжизавий орол Бозжаада ва Гўкчеадага ҳам кириб ўтишингиз ҳамда у ернинг зайтун мойи билан пиширилган унутилмас лаззатларинидан татиб кўришингиз тавсия этилади.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш