Qidirish

15:49 / 2023-06-17 536 0 Жамият

«Шоли етиштириш қарорда кўрсатилмаган, бузиш қайси қарорда кўрсатилган?» – Амударё ҳокимлиги фермерларга шоли экмасликни маслаҳат берди, бунгача туманда бир нечта шоли майдонлари бузиб ташланган эди

16 июнь куни Effect.uz’да Қорақалпоғистон Республикасининг Амударё туманида «Шерзод Жумабоев» фермер хўжалигига тегишли шоли даласи эксковатор ёрдамида бузиб ташланганлиги бўйича видео тарқалган эди.

world-news

Амударё ҳокимлигининг баёнотига кўра, видеода кўрсатилган шоли даласи «Шерзод Жумабоев» фермер хўжалигига тегишли бўлмасдан, аслида «Базаргул-Жумабой» масъулияти чекланган жамиятига қарашли бўлиб, «Базаргул-Жумабой» масъулияти чекланган жамиятига туман ҳокимининг 2015 йил 8 июнь кунги 272 сонли қарорига асосан балиқчиликни ривожлантириш мақсадида 4,9 гектар ер майдони ажратилган.

2023 йил ҳосили учун барча тоифа хўжаликлари томонидан етиштириладиган қишлоқ хўжалиги маҳсулотларининг прогноз ҳажми Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгашининг 2023 йил 13 апрель кунги 120-13-0-Қ/23-сонли қарорига асосан жойлаштирилганлигини, прогнозда Амударё туманида жами 252 777 тонна қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари етиштирилиши, шундан, сабзавот 40655 т, полиз 21460 т, картошка 19430 т, дуккакли экинлар 1375 т, мойли экинлар 2885 т, озуқабоп экинлар 143 575 т, мева 20535 т, узум 2761 т ва бошқа экинлар 102 тонна етиширилиши белгиланган. Шоли маҳсулотини етиштириш эса қарорда кўрсатилмаган.

Аммо «Базаргул-Жумабой» МЧЖ балиқчиликни ривожлантириш мақсадида ажратилган ерга шоли экиб, фермер, томорқа ер эгаларининг, қўшни ҳудуддаги миришкор деҳқонларнинг сувсизликдан азият чекишини инобатга олмасдан, ўз манфаатини жамият манфаатидан юқори қўйиб шоли экинини жойлаштирган.

Қолаверса, Амударё тумани Ирригация бўлимининг маълумотномасига асосан, «Бозоргул-Жумабой» МЧЖ 2022-2023 гидрологик йилнинг шўр ювиш ва вегетация даврларида Амударё тумани ирригация бўлими Сув хўжалиги махсус хизмати билан шартнома тузмаганлиги аниқланган.

«Шу ўринда барча тоифадаги хўжалик раҳбарларига юзланмоқчимиз. Сув бу – халқ бойлиги. Унда барча фуқароларнинг бирдек ҳаққи бор. Жорий йилда кутилаётган сув тақчиллиги сув кам талаб этиладиган экинларни экишни тақозо этмоқда. Шундай экан, юқоридаги каби ҳолатлар содир бўлмаслиги учун, аввало, инсонийлик нуқтаи назаридан бошқа юртдошларимизни ҳам онгли равишда шоли маҳсулотини жорий йилда экмасликни маслаҳат берамиз», дейилади Амударё тумани ҳокимлиги баёнотида.

Таҳририятдан: Шоли етиштириш қарорда кўрсатилмаган бўлса, лекин экилган шолини инсофсизларча бузиб ташлаш ёки дейлик ҳеч қандай расмий ҳужжатсиз бузиб ташлаш қайси қарорда кўрсатилган? Устига-устак, амударёлик фермерларнинг тумандаги кластердан 72 млрдга яқин ҳаққи бор.

Қарздорлик ёпилмаётгани туфайли, фермерлар ишчи-ходимларини ва ўзларини молиявий таъминлаш учун шоли экишга мажбур бўлишган. 

Шу кунларда Президент Шавкат Мирзиёев томонидан Қорақалпоғистонда шоли етиштириш масаласини аниқ механизмларини белгилаб бериши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш