Qidirish

21:57 / 2023-04-02 892 0 Ҳодисалар

«Хоразмда зўравонликка учраган қизларнинг хавфсизлиги таъминланди» – Саида Мирзиёева

Президент Администрацияси Ижро этувчи аппаратининг Коммуникациялар ва ахборот сиёсати бўйича шўъба мудири Саида Мирзиёев Хоразмдаги болалар уйининг уч нафар жабрланган қизларига хавфсизлик таъминланишига эришилганини маълум қилди.

world-news

“Уларнинг хавфсизлиги, руҳий ва жисмоний тикланиши ҳозирда устувор масала. Шу билан бир вақтда бу каби вазиятларда ҳаракат қилиш ва, энг асосийси, уларнинг олдини олиш тизимини яратиш устида ишлашимиз керак. Қонунларни қатъийлаштириш ва зўравонликка мутлақ тоқатсизлик нормаларини яратиш вақти келди. Барча даражаларда.

Бу вазиятда менга умид бағишлайдиган бирдан-бир жиҳат борки, у ҳам бўлса ошкоралик ва фуқаролик жамиятининг овози. Эҳтимол, бусиз атрофда бўлаётган воқелардан ожизларча бехабар бўлиб қолардик.

Зўравонлик доим бўлган, лекин айнан ҳозир очиқлик туфайли ушбу ҳодиса ҳақида баланд овоз билан гапиряпмиз ва бунга қарши курашиш учун реал ресурсларимиз пайдо бўлди.

Ўзбекистон сўз ва медиа эркинлиги борасида зиммасига олган мажбуриятлари, бу жараён барча учун жуда оғриқли кечаётган бўлса-да, ўз мевасини бермоқда. Тизим бир кунда барпо этилиб қолмайди, бу узоқ йўл ва манфаатлар курашидир. Ва бугун муаммоларни эркин кўтараётган овоз ҳар қачонгидан ҳам баланд янграмоқда.

Бефарқ бўлмай, бу кейс юзасидан фуқаролик позициясини билдирган барча ОАВ ва фаолларга миннатдорлик билдираман. Амалда ишлайдиган одил судлов тизимини яратиш йўлида бирлашсак, куч бўламиз!”, дея ёзади Мирзиёева.

Эслатиб ўтамиз, бу мудҳиш жиноятни жамоатчиликка “Сукут сақлама” лойиҳаси ошкор қилди. Маълум бўлишича, Хоразм вилоятида камида икки мансабдор – вилоят адлия бошқармаси бошлиғи Айбек Машарипов (1979 й.т.) ва туман ФВБ раҳбари Анвар Курязов (1984 й.т.) оилавий меҳрибонлик уйидаги 15-17 ёшли қизлар билан жинсий алоқа қилиб келган. Бу ишга қизларни 10 ой давомида меҳрибонлик уйи мудираси мажбурлаб келган. Мудира 5 йилга озодликдан маҳрум қилинган бўлса, икки мансабдорга 1,5 йиллик озодликни чеклаш жазоси тайинланган.

Бу жазони аввалига Хива тумани суди 2022 йил 6 сентябрда тайинлаган. Уч нафар айбланувчи берган шикоятни кўриб чиққан Хоразм вилояти суди апелляция инстанцияси 27 декабрдаги ажрими билан бирламчи ҳукмни ўзгаришсиз қолдирган.

Kun.uz интернет-нашри енгил жазо тайинлангани ҳолати бўйича судга шикоят қилиш ваколати болалар омбудсманида ҳам борлиги, лекин у бу ваколатидан фойдаланмаганига эътибор қаратганди. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бу ишни ўрганишни энди бошлаган.

Ҳолат маълум бўлиб, озодликдан маҳрум қилиш билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлангани резонансга сабаб бўлгач, 1 апрел куни Президент администрацияси шуъба мудири Саида Мирзиёева Бош прокуратурадан ҳолатни синчиклаб ўрганиб, ҳуқуқий баҳо беришни сўраганди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш