Qidirish

09:29 / 2023-03-26 308 0 Ҳодисалар

«Сентоб»га расман «туризм қишлоғи» мақоми берилди

Туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида қишлоққа олиб борувчи 5 км ички йўл таъмирланди.

world-news

Навоий вилоятининг Нурота туманида “Сентоб туризм қишлоғининг очилиш маросими бўлиб ўтди.

Унда Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда Навоий вилояти ҳокимлиги мутасаддилари, Нурота тумани ҳокими Азамат Файзиев, Тожикистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Азиз Раҳмонзода ҳамда туман фаоллари иштирок этишди. Бу ҳақда Маданият ва туризм вазирлиги матбуот хизмати хабар бермоқда.

Вилоятимизда туризм соҳасини ривожлантириш бўйича кўплаб ишлар амалга ошириб келинмоқда. Хусусан, “Сентоб” қишлоғини “Туризм қишлоғи”га айлантириш натижасида 200 га яқин ишсиз аҳоли, жумладан, хотин-қизлар доимий иш ўринларига эга бўлди.

Бугунги кунда қишлоқда 30 дан ортиқ тадбиркорлик субъекти мавжуд. “Сентоб қишлоғига мунтазам равишда Англия, Франция, Австрия, Россия ва бошқа давлатлардан хорижий сайёҳлар оқими кузатилмоқда, – деди тадбирни очиб берган Нурота тумани ҳокими Азамат Файзиев.

Шунингдек, тадбирда Маданият ва туризм вазирлиги вакили Лола Раҳмонбоева сўзга чиқиб, давлат раҳбари томонидан туризм соҳасига қаратилаётган эътибор, сайёҳликни ривожлантириш йўлида амалга оширилаётган ислоҳотлар ва туризм қишлоқларининг соҳа ривожидаги ўрни ҳақида сўз юритди.

Вазирлик бошқарма бошлиғи ўринбосари Лола Зикриллаева туризм қишлоқларида оилавий меҳмон уйлари фаолиятини ташкил қилиш жараёнига алоҳида тўхталиб ўтди:

Маданият ва туризм вазирлиги ҳамда унинг Навоий вилоятидаги бўлинмаси ташаббуси билан “Сентоб қишлоғида бугунга келиб 20 та оилавий меҳмон уйи ва 3 ҳостел фаолият кўрсатмоқда. Уларга белгиланган стандартлар асосида меҳмон уйлари номи туширилган кўрсаткичлар ўрнатилди. Айни дамда туризм қишлоғида 15 дан ортиқ туристик хизмат йўлга қўйилган.

Шундан сўнг Маданият ва туризм вазирлиги мутасаддилари томонидан Нурота тумани ҳокими Азамат Файзиевга “Сентоб – туризм қишлоғи эканлигини расман тасдиқловчи сертификат ва ташаккурнома топширилди. Шу билан бирга, “Сентоб МФЙ раиси Мурод Мирзоев ҳам ташаккурнома билан тақдирланди.

Тожикистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Абдужаббор Азиз Раҳмонзода тадбирда сўзга чиқиб, “Сентоб қишлоғи аҳолисини туризм қишлоғи мақоми билан табриклади.

Бундан ташқари, қишлоқ аҳли томонидан Наврўз байрамининг асосий таоми ҳисобланган сумалак тайёрланди.

Таъкидлаш жоизки, туризм инфратузилмасини ривожлантириш мақсадида қишлоққа олиб борувчи 5 км ички йўл таъмирланди.

Шу билан бирга, тунги ёритиш чироқлари, иккита пиёдалар кўприги, иккита селфи ҳудуд, учта санитария-гигиена шохобчаси, “Сентоб қишлоғининг рамзий кириш стеллоси, туристик ахборот маркази қурилиб, фойдаланишга шай ҳолатга келтирилди. Оилавий меҳмон уйлари ва ҳостелларга белгиланган стандартлар асосида кўрсаткичлар ўрнатилди.

Маълумот учун, Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 10 июлдаги Ўзбекистон Республикасида туризм соҳасини тиклаш ва ривожлантириш учун қулай шарт-шароитларни яратиш чора-тадбирлари тўғрисидаги қарори ҳамда Президентнинг 2022 йил 28 январдаги 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегияси тўғрисидаги Фармони билан тасдиқланган 2022-2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясини Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йилида амалга оширишга оид давлат дастурининг ижроси юзасидан Нурота тумани “Сентоб қишлоғига туризм қишлоғи мақоми берилган.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш