Qidirish

11:15 / 2023-03-10 296 0 Бизнес

Францияликлар Тошкент вилоятида халқаро дам олиш масканини барпо этади

Маданият ва туризм вазирлигининг маълум қилишича, «Чимён» мавсумий оромгоҳи объектларини лойиҳалаш, илмий-тадқиқот, қурилиш, жиҳозларни етказиб бериш ва ўрнатиш, ишга тушириш бўйича очиқ тендер ўтказилган.

world-news

Таъкидланишича, «Белдерсой – Чимён – Нанай» халқаро мавсумий курортини қуриш ва эксплуатация қилиш лойиҳа идораси» давлат унитар корхонаси томонидан «Чимён туристик зонасини қуриш» лойиҳаси доирасида эълон қилинган тендерда Франциянинг «Montagne et Neige Développement» (MND) компанияси ғолиб деб топилган.

Маълумот учун, MND тоғли ҳудудларда лойиҳаларни амалга ошириш бўйича етакчи саноат гуруҳи бўлиб, 2004 йилдан буён дунёнинг 49 давлатида фаолият юритиб келмоқда. Компания бутун дунё бўйлаб «Kurchevel», «Chamonix-Mont-Blanc», «Rosa Xutor», «Moleson», « Narvik» ва бошқа 1500 дан ортиқ лойиҳаларни амалга оширишда иштирок этган.

Мазкур лойиҳа доирасида мавсумий тоғ боғи ҳам ташкил этилади. Бу боғда маҳаллий ва хорижий сайёҳларга очиқ ҳавода ҳордиқ чиқариш учун барча имкониятлар яратилади.

Лойиҳада 2515 метр баландликка кўтариладиган 10 кишилик асосий канат йўли (максимал қуввати – 2000 киши/соат) ва 80 кишилик оралиқ маятник типидаги канат йўли (максимал қуввати – 800 киши/соат) қурилиши ҳам кўзда тутилган.

Қайд этиш жоизки, ҳудуд зиёратчиларни 3309 метр баландликка олиб чиқадиган иншоотлар мавжуд бўлган Марказий Осиёдаги энг баланд нуқтага айланади.

Шунингдек, Франция компанияси томонидан 20 дан ортиқ турдаги қишки ва ёзги аттракционлар, умумий узунлиги 20 км дан ортиқ бўлган 11 та чанғи йўлаклари, меҳмонхона мажмуалари ва коттежлар, 6000 та туристик маскан ҳам барпо этилади.

Мазкур лойиҳа Тошкент вилоятининг туризм инфратузилмасини ривожлантириш, мамлакатимизнинг тоғли ҳудудларида оммавий спортни рағбатлантириш, кенг, қулай шароитлар ва янги иш ўринлари яратишга хизмат қилиши кутилмоқда.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш