Qidirish

18:28 / 2022-12-10 70 0 Ҳодисалар

«Мен 10 ой қамоқда ўтирганман» — Наманганлик депутатнинг ваколати муддатидан олдин тугатилди

world-news

Ижтимоий тармоқлар орқали кўплаб муҳокамаларга сабаб бўлган депутат Музаффар Жамолитдиновнинг фаолияти кўриб чиқилди ва унинг депутатлик ваколати муддатидан олдин якунланди.

Тармоқ фойдаланувчилари томонидан қаттиқ танқид остига олинган собиқ депутат нега бундай маънода пост жойлаганига ўзининг Facebook саҳифасида изоҳ берди.

Жамолитдиновнинг айтишича, бундан 6 йил олдин у 10 ой давомида қамоқда ўтирган.

“Пост қўйилгач турли гурухларда чиқа бошлаган муносабатлардан сўнг ўзим қўйган постни такрор-такрор ўқиб нотўғри жойланганимни англадим.

Яъни мендаги асл мақсад халқни қамалиши билан қўрқитиш ёки тахдид қилиш эмас, балки тинчлик хотиржамликни қадрига етишга қаратилган эди.

Нима учун ушбу постда айнан қамоқ билан боғлиқ холатга тўхталганимга ҳам изоҳ бермоқчиман. Бундан 6 йил аввал мен ўзим бир ишда айбланиб 10 ой қамоқ эхтиёт чорасида “турма”да сақланганман.

Шунда оилавий хотиржамлик тинчлик ҳамма нарсадан устунлигини англаб етганман. Мен 10 ой давомида кечирган ташвишларим шу даражада оғир бўлганидан ҳамда яна қайтадан тикланиш жуда қийин бўлганидан айни кундаги электр ва газ билан боғлиқ муаммолар ўз назаримда енгилдек туюлди.

Куни кеча ижтимоий тармоқларда чиққан коммунал муаммолар билан боғлиқ турли видеоларни кўриб ҳаёлимдан "бундан ҳам оғир ташвишларда юрганлар бор" деган фикр билан пост жойлаган эдим.

Жойланган постни кимдур биринчи бўлиб нотўғри талқин этгани натижасида ортидан барча канал ва саҳифаларда турли танқидлар урчиб борди.

Шу ўринда мен жойлаган постни тахдид деб қабул қилган фуқаролардан тўғри қабул қилишларини сўраб узур сўрайман”, — деб ёзди у.

Шунингдек, Музаффар Жамолитдинов депутатлик фаолияти давомида қилган ишлари ҳақида маълумот берди.

“Депутатлик ваколатим давомида жами 16 та фуқарога нисбатан қўзғатилган жиноят ишларида фуқароларни ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш учун жамоат ҳимоячиси бўлиб иштирок этганман.

Шундан 6 та фуқарони ўз кафиллигимга олганим ва уларга қамоқ билан боғлиқ бўлмаган жазо тайинлаш ҳақида судларга киритган илтимосномаларим судлар томонидан қаноатлантирилиб ўша фуқаролар ҳозирда жамиятдан ажралмаган ҳолда ишлаб ўқиб юрибди (видеоматериаллар ҳамда судларни ҳукмлари жойланади).

Мен ўзим сайланган округимдаги фуқаролар билан хонадонбай ва фуқаробай ишлашда қатор ишларни сайловчилар билан бирга амалга ошириб келганман.

Бугунги очиқлик сиёсатида фикр билдирган ва муаммоларни айтган фуқаро қамалмаслигини аксинча фуқаролар кўтарган муаммоларни бартараф этиш чоралари кўрилаётганини барча кўриб билиб турибди.

Бугунги давлат сиёсати шу даражада инсонпарварки, халпарварки ҳатто мен ўзим ҳам битта қўйган постим ортидан одамларни талқини ва танқидини муҳокама қилмасдан депутатлик ваколатимни муддатидан аввал тугатиш ҳақида ариза бердим”, — деб ёзди Жамолитдинов.

Маълумот ўрнида, Музаффар Жамолитдинов ЎзЛиДеп партияси аъзоси бўлган. У 2019 йил сайловда сайланган бўлиб 2020 йилдан депутатлик фаолиятини бошлаган.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш