Сўнгги янгиликлар
ССП раиси ўринбосари Нодира Шотурсунова Наманганда фаол ва ташаббускор аёл тадбиркорлар билан учрашди
Сторителлинг ва мутолаанинг инсон ривожидаги ўрни...
Парламентда Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти тингланди
Навоийга Монголиядан 1000 бошга яқин Баят зотига мансуб қўйлар олиб келинди
Фаоллар айтаётган “иқтидор” эгаси оддий “Виртуал валютачи” бўлган...
Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюрди
Тожикистоннинг Конибодомида яна тўрт кишининг жасадлари топилди. Маҳаллий аҳоли ваҳимада
Таҳлил қилинган давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг тегишли модда талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди
Қўчқоров зиммасига оғир масъулият юклатилди. Президент унга 1 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш вазифасини қўйди
Президент камбағалликни қисқартиришнинг энг асосий механизми – аҳолини даромадли иш билан таъминлаш эканини қайд этган.
Президент Шавкат Мирзиёев раислигида камбағалликни қисқартириш ва аҳоли бандлигини таъминлаш ҳамда кичик бизнесни ривожлантиришга қўшимча шароитлар яратиш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиш бўлиб ўтди.
Мирзиёев бошчилигида бўлиб ўтган йиғилишда камбағалликни қисқартириш, аҳоли бандлигини таъминлаш ва кичик бизнесни қўллаб-қувватлаш бўйича 2023 йил учун режалар муҳокама қилинди.
Статистика тилга кирганда ёхуд айрим ҳокимлар Президент берган юкламани кўтара олишмаган. Ҳоким ёрдамчилари эса...
Йиғилишда Президент камбағалликни қисқартириш миллий сиёсат даражасига олиб чиқилганини таъкидлаган. Статистикага кўра, ўтган йилнинг ўзида камбағаллик даражаси 17 фоиздан 14 фоизга тушгани, бунда ҳоким ёрдамчилари 1 миллион нафар аҳолини касб-ҳунарга ўқитиб, тадбиркорлигини бошлашга кўмаклашгани, даромадли иш билан банд қилган.
Шу даврда 200 мингга яқин тадбиркорлик субъекти ташкил қилинди, 10 мингта корхона фаолияти кенгайтирилди, 11 мингта корхона қуввати тикланган.
Президент статистикада кўрсатилган ижобий натижаларни 2023 йилда давом эттириш, бандликни таъминлаш бўйича барча тармоқ ва ҳудуд раҳбарларига аниқ топшириқлар берди.
Жумладан, 2023 йилда 5 миллион нафар аҳоли бандлигини таъминлаш, шу жумладан 2 миллионта доимий иш ўринларини яратиш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Мисол учун, Андижон вилояти жорий йилда инвестиция лойиҳалари ҳисобига 40 мингта, пахта ва ғалладан бўшаган ерларни аҳолига бўлиб бериш ҳисобига 75 мингта ва мавсумий ишлар орқали 200 мингта, маҳаллаларда микромарказлар ташкил этиш, саноат зоналарида ишлаб чиқаришни кенгайтириш ва марказий кўчаларни хизматларга ихтисослаштириш, савдо-сервис объектларини барпо этиш ҳисобидан 135 мингта; оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида ажратиладиган кредитлар ҳисобидан 20 мингта иш ўринлари яратишни режа қилган.
Ёки, Қашқадарё вилояти Шаҳрисабз туманида картошкачиликни йўлга қўйиб, 10 минг аҳолини даромадли иш билан таъминлаш, боғларнинг суғориш тизимини тиклаш ҳисобига 2 минг, Кўкдалада тарвуз экишни йўлга қўйиб, 32 минг, Миришкорда дала четларига тут эктириш ҳисобига пиллачиликда қўшимча 6 минг аҳолини даромадли қилишни режа қилган.
“Қолган вилоятлар-чи? Бу борада ҳудудларнинг дастурлари билан бирма-бир танишиб чиқдим. Очиқ айтиш керак, айрим вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари масаланинг ичига кирмаган”, - деди Президент.
Президент Навоий, Бухоро, Наманган, Қўқон, Оҳангарон ва Чирчиқ шаҳарлари, Зафаробод, Арнасой, Вобкент, Шофиркон, Когон, Ғиждувон, Ромитан туманларининг бандлик ва камбағалликни қисқартириш бўйича режалари пухта ишлаб чиқилмагани, уларда мавжуд барча имконият ва захиралар ҳисобга олинмаганини танқид қилди.
Шу билан бирга, камбағаллик кўрсаткичлари республика бўйича яхшиланган бир пайтда, Навоий, Сурхондарё ва Фарғонада ўзгариш сезилмаётгани таъкидланди.
Президент камбағалликни қисқартиришнинг энг асосий механизми – аҳолини даромадли иш билан таъминлаш эканини қайд этди. Шу боис, маъмурий ислоҳотлар доирасида камбағалликни қисқартиришга масъул 5 та идора яхлит тизимга айлантирилди.
Эндиликда меҳнат ресурслари ва ишсизлик ҳисобини юритиш ҳам, бандликка кўмаклашиш ва тадбиркорликни маҳаллабай ривожлантириш ҳам битта - Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигида бўлади. Бундан ташқари, янги вазирликка Хитойдан камбағалликни қисқартириш бўйича катта тажрибага эга экспертлар жалб қилинмоқда.
Бош вазир ўринбосари Жамшид Қўчқоров, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига ушбу экспертлар билан бирга барча вилоятларда камбағалликни қисқартириш бўйича амалий ишларни ташкил қилиш, вилоят ҳокимлари билан бирга 2023 йил учун бандлик дастурини туманлар кесимида қайтадан кўриб чиқиб, тасдиқлаш топширилди.
Президент оилавий тадбиркорликни янада рағбатлантириш мақсадида молиявий кўмак кўлами кенгайтирилишини таъкидлади.
Жумладан, 2023 йилда:
- тадбиркорлар фаолиятини кенгайтириш учун кредит миқдори амалдаги 225 миллион сўмдан 300 миллион сўмгача оширилади;
- деҳқон хўжаликларига гаровсиз кредит миқдори 50 миллион сўмгача оширилади (амалда 33 миллион сўм);
- аввал оилавий тадбиркорлик дастурлари доирасида кредит олиб, яхши натижа кўрсатган тадбиркорлар ушбу дастурлар доирасида яна имтиёзли кредитлар олиши мумкин бўлади (ҳозир фақат бир марта олиш мумкин);
- кредитларнинг бир қисмини пластик картага олишга рухсат берилади.
2023 йилда оилавий тадбиркорлик дастурига 12 триллион сўм берилади (2022 йилда – қарийб 10 триллион сўм). Президент яқинда имзолаган қарорга кўра, оилавий тадбиркорликка қўшимча 300 миллион доллар ажратилади.
Йиғилишда илгари ажратилган кредитларнинг қайтарилиши масаласига тўхталиб ўтилди.
“Ҳокимлар бу маблағларни қайтаришни ўйламаса, оилавий тадбиркорлик қаердан бўлади? Ахир бу пуллар қайтса, яна туманнинг ўзига берилади-ку!”, - деди Президент.
Мутасаддиларга ушбу масалани қатъий назоратга олиш топширилди.
Шунингдек, бандлик вазирига янги вазирликка бюджетдан ажратилган 1,5 триллион сўмни аввало энг оғир маҳаллаларда камбағалликни қисқартиришга йўналтириш бўйича дастур ишлаб чиқиш топширилди.
Жамшид Қўчқоров зиммасига яна оғир вазифа юклатилди
Президент Бош вазир ўринбосарига, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлигига вилоят ҳокимликлари билан бирга жалб қилинган 135 миллион долларлик кредит линияси бўйича оғир маҳаллалар кесимида тадбиркорлик лойиҳалари пакетини шакллантириб, ушбу маҳаллаларда камида 50 минг аҳолини банд қилиш вазифаси қўйилди.
Икки йил ичида аҳолига бериладиган ерлар 200 минг гектардан ошади. Бу – Самарқанд вилоятининг жами пахта ва ғалла еридан кўп майдон. Лекин, бу йил ажратилиши керак бўлган ерларни кўпи ҳали захирага олинмаган, ишлар пала-партиш ташкил қилинаяпти.
Маҳалланинг ичидаги кичик-кичик қулай майдонлар қолиб, даланинг ўртасидаги катта ерларни ажратиш ҳолатлари ҳам бор.
Шу муносабат билан мутасаддиларга:
- ҳар бир маҳаллага “уста деҳқонлар”ни жалб қилиб, ушбу ер майдонларида фақат экспортбоп-бозорбоп маҳсулотлар етиштирилишига эътибор қаратиш;
- ҳар бир туман агрологистика марказлари ва экспортёрлар билан шартномалар тузилишини таъминлаш топширилди.
Бу ерлардан самарали фойдаланиб, камида 1 миллиард долларлик маҳсулот ишлаб чиқариш зарурлиги кўрсатиб ўтилди.
Президент тадбиркорлик субъектларини кўпайтириш бўйича янги ёндашувларни жорий қилиш зарурлигини қайд этди.
Масалан, ўтган йили Бухорода – 8 та, Наманган, Сурхондарё ва Сирдарёда – 2 тадан, Тошкент вилоятида – 1 та туманда янги ташкил этилган тадбиркорлар сони 2021 йилга нисбатан 30-40 фоизга камайган.
Энг оғир аҳвол Андижон, Термиз ва Когон шаҳарлари, Жалақудуқ, Марҳамат, Олот, Қоракўл, Шофиркон, Мингбулоқ ва Қибрай туманларида эканини қайд этиб, Президент ушбу ҳудудлар ҳокимларининг бу борадаги фаолияти қониқарсизлигини кўрсатиб ўтди.
Мутасаддиларга вилоят ҳокимлари билан бирга икки ҳафта муддатда ушбу туманларга бориб, мавжуд шароитларни ўрганиб, уларнинг ҳар бири бўйича тадбиркорликни ривожлантириш дастурини ишлаб чиқиш топширилди.
Маҳалладаги ишсиз аҳолини даромадли қилиш мақсадида 1 мингта маҳаллага хизмат кўрсатувчи 300 та микромарказ ташкил этиш дастури бошланган. Президент 1 апрелга қадар ҳар бир вилоятда камида 5 тадан микромарказни ишга тушириш зарурлигини таъкидлади.
Жорий йилда Ғиждувон, Булоқбоши, Зангиота, Фарғона туманлари, Қўқон, Марғилон, Урганч шаҳарларида камида 20 тадан шундай марказларни ташкил қилиш топширилди. Умуман, 2023 йилда яна 1 миллион аҳолини камбағалликдан чиқариш вазифаси қўйилди.