Сўнгги янгиликлар
Парламентда Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти тингланди
Навоийга Монголиядан 1000 бошга яқин Баят зотига мансуб қўйлар олиб келинди
Фаоллар айтаётган “иқтидор” эгаси оддий “Виртуал валютачи” бўлган...
Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюрди
Тожикистоннинг Конибодомида яна тўрт кишининг жасадлари топилди. Маҳаллий аҳоли ваҳимада
Таҳлил қилинган давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг тегишли модда талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди
Ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби белгиланди
Бугун ҳаво янада совиши кутилмоқда
Амир Темурдан ҳам зиёда яшаган Рашид Қодиров ҳақида берилган ваъда нега бажарилмади? Собиқ бош прокурорнинг кирдикорлари қачон очиқланади?
Бугун, Амир Темур бобомиз кўрмаган шароитларда яшаб, қамоқда аёллар лозимини кўзни қувонтирадиган даражада тикишни ўрганган, шунингдек, Сурхондарёни расвосини чиқарган Миллий Хавфсизлик хизматининг собиқ терговчиси Нодир Тўрақуловнинг қайнотаси, Ўзбекистон бош прокурори лавозимида 15 йил ўтирган – яқинда эса қамоқдан афв этилиб, озодликка чиққан Рашид Қодиров ҳақида батафсил маълумот берамиз.
Шу йилнинг 5 январь куни Ўзбекистон Бош прокуратурасини 15 йил бошқарган Рашид Қодиров шартли равишда озодликка чиқарилгани маълум бўлди. Хўш, қамоққа ўзи билан бир қанча мансабдорларни тортиб кетган собиқ бош прокурор ўзи аслида ким, у қандай қамоққа олинган ва қамоқдан қандай чиқди?
2000 йилдан 2015 йилнинг апрелигача Прокуратура раҳбари лавозимида – Рашид Қодиров 2018 йилнинг 22 февралида Тошкент шаҳрида Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида қўлга олинганди. Қодиров «Товламачилик», «Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш», «Пора олиш» моддалари билан айбланган.
Қодиров ушлангани тўғрисидаги дастлабки хабарлар ОАВда 2018 йил 22 февралда тарқалган. Бош прокурорга нисбатан йирик миқдорда давлат мулкини ўзлаштириш ва хориж банклари воситасида пул ювиш амалиётлари ўтказиш айби юкланган. Шу сабабли унга нисбатан ҳибсга олиш эҳтиёт чораси қўлланилади. Бироқ, ўша вақтда Бош прокуратура бу маълумот мутлоқ асоссиз эканлигини таъкидлаган.
Аммо Бош прокуратура орадан бир кун ўтиши билан Қодировга нисбатан Жиноят кодексининг 165, 205, 210-моддалари билан жиноят иши қўзғатилгани ҳақида хабар беради.
Қайд этилишича, 2018 йилнинг 23 февраль куни Қодиров Ўзбекистон Республикаси Жиноят-процессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган. Бошқа тафсилотлар эса очиқланмаган. Маълумот учун: Жиноят кодексининг 165-моддаси - Товламачилик, 205-моддаси - Ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, 210-моддаси эса Пора олишдир.
Кейинроқ «Қодиров иши» иши доирасида жами 21 киши қамоққа олингани жамоатчиликка маълум қилинди. Президент 2018 йилнинг 13 апрел куни Сирдарё вилоятида ўтказилган йиғилишда Собиқ Бош прокурорнинг 2 нафар ўринбосари қамоққа олинганини очиқлайди.
“Бундан ташқари, собиқ МХХ раисининг 3 нафар ўринбосари ҳам қамоқда. Биттаси – Шуҳрат Ғуломов умрбод қамоқ жазосига маҳкум этилган. Нимага? Коррупция! Вақт келади, тергов ҳаракатлари тугаса, мен ҳаммасини телевидение орқали айтаман: Бош прокурор нималар билан шуғулланганини ҳам» - дея сўзида Рашид Қодировни эслаган Президент.
Гап жиноят иши бўйича бош прокурорнинг собиқ ўринбосарлари ҳамда Тошкент вилоятининг собиқ прокурорлари Жамшид Файзиев ва Улуғбек Суннатов ҳақида бормоқда.
Қодировнинг ўринбосари Суннатов бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилиб, 2019 йилнинг июнида 19 йилга кесилган бўлса, Тошкент вилоятининг собиқ прокурори Жамшид Файзиев 13 йиллик қамоққа маҳкум қилинган.
Тошкент шаҳар прокурорининг собиқ биринчи ўринбосари – “Темир прокурор” лақаби билан машҳур бўлган Мираълам Мирзаев муайян муддатга мансабдорлик ва моддий жавобгарлик билан боғлиқ бўлган лавозимларда ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилиниб, боз устига махсус унвон ва давлат мукофотларидан маҳрум қилинган. Худди шундай, жазо Жамшид Файзиев ва Улуғбек Суннатовларга ҳам тегишли бўлган.
Эслашингиз учун, Шавкат Мирзиёев 2017 йилнинг 8 январида Тошкент вилояти бўйича бўлиб ўтган видеоселектор йиғилишида ўша пайтда вилоятда прокурор бўлиб ишлаган, Жамшид Файзиевни танқид қилиб, уни киноя билан «Жаноб Файзиев» дея атаганди.
2018 йил март ойи бошларида Рашид Қодировнинг ўғли Алишер Қодиров Ўзбекистон Ички ишлар вазирлиги томонидан қидирувга берилган. Бироқ вазирлик сайтида бу борада тегишли маълумот эълон қилинган.
Қайд этилишича, Алишер Қодиров Жиноят кодексининг 165-моддаси 2-қисми А-банди, шу модданинг 3-қисми А-банди, 168-модданинг 3-қисми А-банди шу модданинг 4-қисми А-бандида назарда тутилган жиноятларни содир этишда гумонланиб, унга нисбатан қидурув эълон қилинган.
2018 йил март ойи воқеаларини давом эттирадиган бўлсак, Қодировга нисбатан қўзғатилган жиноят иши бўйича унинг яқин кишиларидан бири бўлган хусусий банклардан бирининг норасмий эгаси – Фарҳод Мамажонов «Рашид Қодировнинг пулларини ювиш» билан шуғулланишда айбланиб, сўроқ қилинаётгани ҳақида хабарлар тарқалган. Ўшанда Фарҳод Мамажонов ушлангач, унинг мол-мулклари хатлангани тўғрисида шов-шувлар болалайди. Лекин бу сафар ҳам Бош прокуратура бу маълумотлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини маълум қилган.
Бундан ташқари, Рашид Қодировнинг куёви – собиқ Миллий хавфсизлик хизматининг Сурхондарё вилояти бошқармаси тергов бўлими бошлиғи – полковник Нодир Тўрақулов 2018 йилнинг 25 октябрида 16 йилга озодликдан маҳрум қилинган. Президент Сурхондарёни от ўйинига айлантирган, Нодир Тўрақуловни қилган ишлари учун сотқинликда айблаган.
Шундан сўнг, 2018 йил май ойида Президент Улуғнор туманидаги фаоллар иштирокида ўтказилган видеоселекторда Рашид Қодировни яна бир марта эслаган.
“Мана, Бош прокурор бутун бошли жамоаси билан қамоқда ётибди. Миллион-миллион доллар топширяпти. Икки-уч ой ичида телевидение орқали ўзини гапиртираман. Коррупциялаштириб юборганди, ҳар бир туман прокуроридан 30-40 минг доллар олган. Ҳаммасини қайтариб беряпти. Битта ноинсоф ўғли миллиардер! Ва бошқа ташкилот раҳбарлари ҳам, МХХнинг собиқ беш нафар муовини ҳам қамалиб ётибди. Ҳаммаси ўғри, қип-қизил ўғри. Қандай оғир бўлмасин, мен барибир ҳаммасини жойига қўяман.
Ҳаммаси бориб, Болтиқбўйида уй қуриб олган. Суратларини кўрсангиз, кечирасиз, Амир Темур бобомиз шунча миллатнинг раҳбари бўлиб ҳам, ундай жойларда яшамаган. Амирликнинг шайхлари ҳам бунақа жойда яшамайди. Кимнинг пули булар - халқники. Қодиров ким ўзи? Қип-қизил ўғри одам бўлган. Шунинг учун, прокуратурада 70 фоиз одам алмашди, ҳалол одамларни қўйдим. Ким хиёнат қилса, шундай йўлдан боради. Ҳаммани кечираман, фақат ўғирлик қилмай, хиёнат қилмаса, у менинг дўстим бўлади. Ана шуни халқ билиши керак”, деган Президент.
2018 йилнинг 5 июнь куни Бош прокуратурада оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирокида матбуот анжумани бўлиб ўтган. Очиқ савол-жавоб тарзида ўтказилган йиғилишда, Рашид Қодиров иши бўйича жами 21 киши қамоққа олингани айтилади.
Халқаро пресс клубнинг 2018 йил декабрь ойидаги сессиясида Бош прокурор ўринбосари Эркин Йўлдошев Рашид Қодиров иши бўйича қилинаётган ишлар ҳақида маълумот берган. Йўлдошев ўшанда жиноий ишнинг натижалари кенг оммага ошкор қилиниши ҳақида гапирганди.
Бироқ Қодировга оид жиноят ишининг хронологияси негадир кенг оммага кўрсатилгани йўқ. Ҳатто Қодиров ҳақида суратга олинган 70 дақиқалик ҳужжатли фильм ҳам негадир зангори экран юзини кўрмади.
Бунинг оқибатида эса жамоатчиликда салбий фикрлар пайдо бўлди. Нега фильм халққа кўрсатилмади, деган ҳақли саволга мана ҳозиргача ҳеч ким жавоб бера олгани йўқ. Эҳтимол, фильм эндиликда оммага кўрсатилиши ҳам мумкин. Чунки, Жаноб Қодиров энди панжара ортида эмас!. Балки...
15 йиллик Бош прокурорнинг Суд жараёни 6 ойга яқин давом этган. Иш жараёнида «Давлат сирлари тўғрисида»ги қонун талабларига мувофиқ, ёпиқ тарзда ўтказилган суд тергови жараёнида барча судланувчиларнинг кўрсатувлари бирма-бир атрофлича текширилган, 200га яқин гувоҳларнинг кўрсатувлари тингланиб, иш бўйича ўтказилган экспертиза ва хизмат текширувлари хулосалари, шунингдек жиноят ишида тўпланган далиллар, уларнинг қонунийлиги ва асослилиги нуқтаи назаридан тафтиш қилингани айтилади.
Жиноятлари учун суд ҳукми билан айбли деб топилган Қодировга, Жиноят кодексининг 50-моддасининг 6-қисми тартибида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган. Effect.uz’нинг ҳуқуқ-тартибот идораларидаги манбасига кўра, Қодиров соғлиғидаги муаммолар туфайли 2022 йил Конституция байрами арафасида Президент томонидан афв этилган. Унинг қандай тартибда афв этилгани бизга ҳозирча номаълум.
Қодировнинг озодликка чиққанидан хабар топган, инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Facebook’даги саҳифасида қуйидагиларни ёзди:
“Вақт югурик, елдай учади. 3,5 йил аввал айни саратонда оламшумул жиноятлари учун 10 йилга қамалган собиқ мулозим озодликка чиқибди! Булар у кишининг уйини жиноий даромаддан топилган санаб, 10 миллиард бошланғич нарх билан савдога қўйишганди. Энди нима бўлади, жаноб қишнинг қаҳратонида қаердан бошпана топаркин!? Ишқилиб, қийналиб қолмасин! У кишининг қилмиши ҳақида фильм қилинади, дейишганди. Режиссёрларимизнинг дангасалиги туфайли бундан ҳам бебаҳра қолди халқ”, — дея Қодировнинг озодликка чиққанига муносабат билдирган Абдураҳмон Ташанов.
Эслатиб ўтамиз, “Эзгулик” жамияти раиси 2021 йил 22-сонли колонияда Ўзбекистоннинг икки собиқ бош прокурори — Рашиджон Қодиров ва Ихтиёр Абдуллаев билан бўлган учрашуви ҳақида шундай ёзган эди.
“Собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров тикув цехида ишлаётган экан. Унинг қўлидан чиққан гулдор матолардан тикилган бежирим аёллар кўйлаги, лозими ва бошқа ашёлар кўзни қувонтиради. Генерал Абдуллаевни чинни цехида идишга нақш солаётган жараёнда учратдим”, дея киноя қилган Абдураҳмон Ташанов.
Маълумот ўрнида, Рашиджон Қодиров — Ўзбекистондаги энг қудратли ва сирли шахслардан бири бўлган. Чунки у ҳақида оммавий ахборот воситаларида жуда ҳам оз маълумот учрайди.
Қодиров 1952 йилнинг 23 февралида ўша пайтдаги Наманган вилоятига қарашли бўлган Балиқчи туманида туғилган. Тошкент давлат университети ҳозирги Ўзбекистон миллий университетининг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган.
Фаолиятини 1975 йилда Андижон вилояти прокуратураси терговчилигидан бошлаган. 1980—1991-йилларда Ўзбекистон ССР Давлат хавфсизлик қўмитаси тергов бошқармасида турли лавозимларда ишлаган. 1992—1994-йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари бўлган.
1994 йили у республика Бош прокурорининг ўринбосари этиб тайинланган. 2000 йилнинг февралида эса Бош прокурорлик курсисини эгаллаган. Шундан сўнг у уч марта, жумладан, 2005, 2010, 2015 йилларда беш йиллик муддатга ушбу лавозимга қайта тайинланган.
2015 йилнинг бошида 4-муддатга тайинланган Рашиджон Қодиров ўша йилнинг 21 апрелида лавозимдан озод қилинган. Уни лавозимдан озод қилиш ҳақидаги Президент фармонида ўзгариш сабаби Рашиджон Қодировнинг конституциявий ваколат муддати тугагани ва унинг бошқа ишга ўтаётгани важи кўрсатилган эди. Яна бир эътиборли жиҳати, янги Бош прокурорни жамоага ўша пайтдаги Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев шахсан таништирган эди. Лавозимга Қодировдан кейин айни вақтда қамоқда қолаётган собиқ ДХХ раиси Ихтиёр Абдуллаев келган.
2015 йилнинг 16 май куни Рашиджон Қодиров Конституцион суд судьяси этиб тайинланган. Ушбу қарор Олий Мажлис Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси томонидан қабул қилинган.
Бироқ Олий Мажлис Сенатининг 2017 йилнинг августидаги ялпи мажлисида Конституциявий суд аъзолари қайта тайинланганда Рашиджон Қодиров ушбу лавозимдан маҳрум бўлганлигини кўриш мумкин эди.