Qidirish

14:25 / 2023-01-18 833 0 Сиёсат

«Устингдан тепкиласалар ҳам, шунчаки қўй бўлиш керак» — жамоатчилик Исломовнинг кутилмаган қадамидан норози

Ҳуқуқшунос Саидали Мухторалиев суд тизимини ислоҳ қилувчи фармонда кўплаб камчиликлар борлигини ёзди.

world-news

Президентнинг “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони қабул қилинди.  

Ҳуқуқшунос Саидали Мухторалиев фармонда келтирилган ўзгаришлар суд тизимини ислоҳ қилинишига тўсқинлик қилишини маълум қилди. 

Бу Фармоннинг ташаббускори Олий суд, асосий ижодкори Олий суд раиси Бахтиёр Исломов албатта.  Баҳодир ёзганини кўрдим, “жа унақамасдир” деб ўйладим. Лекин ҳужжатни бирма-бир ўқиб-туриб менинг ҳам хафсалам пир бўлди, тўғриси. 

Суд ишларини кўриб чиқиш босқичлари тубдан ўзгариб кетмоқда. Жумладан, туманлараро, туман, шаҳар судлари томонидан кўрилган ишлар вилоят ва унга тенглаштирилган судларда апелляция ёки кассация тартибида қайта кўриб чиқиладиган бўлади.

Вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан апелляция ёки кассация тартибида кўрилган ишларни шу судларнинг ўзида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқилади. 

Ҳамда вилоят ва унга тенглаштирилган судлар томонидан тафтиш тартибида кўрилган ишларни Олий суднинг судлов ҳайъатларида тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиладиган бўлар экан.

Олдин қуйи судларда шу ислоҳотларга тайёр бўлган билимли ва малакали судьялар корпусини яратиб олиш керак эмасмиди?  Хуллас, 2016 йилдан буёғига судлар тажриба қуёнчаси бўлиб келганлигини мана охири тушуниб етдик", - деб ёзди у. 

Фармоннинг 4 бандига киритилган ўзгаришлар туфайли, эндиликда суд жараёнини ёритган блогер ёки журналистлар жавобгарликка тортилиши мумкин.  

Фармоннинг 4-бандида шундай дейилмоқда: “судьяларнинг чинакам мустақиллигини таъминлаш мақсадида уларнинг ишига ҳар қандай аралашув қатъий жазоланиши, судьяларнинг хавотирсиз ишлаши учун давлат томонидан барча шароитлар яратилиши қайд этилсин”. 

Қонунчиликда “аралашув” деган жумлага аниқ таъриф берилмаган, демакки, яқин келажакда судда тараф ва тараф бўлмаганларнинг ҳар қандай позициясини, жумладан адвокатлар, жамоатчилик фаоллари, блогер ва журналистларнинг танқидлари аралашув сифатида қабул қилиниб, уларни жиноий жавобгарликка  тортиш мумкин бўлади.

Фармонда “судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларини олдини олишнинг самарали механизмларини ишлаб чиқиш, бунинг учун маъмурий жавобгарлик чораларини кучайтириш ва жиноий жавобгарлик белгилаш” ҳам назарда тутилмоқда.

Қаранг, суднинг, судьянинг мислсиз адолатсизлиги ва виждонсизлиги жон-жонидан ўтиб кетган оддий бир фуқаронинг, адвокатнинг, ташкилот юристининг эмоциялари судга ҳурматсизлик деб қабул қилиниши мумкин бўлади. Ва улар хатто жиноий жавобгарликка тортиладиган бўлади. Шунчаки қўй бўлиб юравериш керак, устингдан тепкилаб ташласалар ҳам”, — деб ёзди ҳуқуқшунос. 

Саидали Мухторалиев ушбу фармон орқали суд тизими орқага кетишини айтиб, ҳужжатда энг асосий масала қолиб кетганини қайд этди. 

Энг ёмони, Фармонда судьялар сонини кўпайтириш ҳақида лом-мим дейилмаган. Аслида суд тизимидаги энг муҳим муаммо судьялар сонини кўпайтириш эди.  

Назаримда суд тизимида орқага қайтилади шекилли. Фармонда эски мактаб вакилларининг хиди ҳам урф уриб тургандек. Ҳалиги борку, ҳамма уларнинг олдида “mute” (овозсиз — таҳр) бўлиб, қўл-қовуштириб нима деса “хоп бўлади” деб турган замонларда даврон сурганлар. 

Балким бу ҳужжатга мутасаддилар аниқроқ тушунтириш бергани маъқулдир. Агар уларнинг мақсади биз ўйлаганимиздек бўлиб чиқса, орзу ва умидларимиз ҳақиқатдан ҳам сароб бўлса, барини шунчаки йиғиштириб қўя қоламиз.  Таълими ҳам, тиббиёти ҳам, энергетикаси ҳам, суди ҳам жонга тегди тўғриси”, — деб ёзди Мухторалиев.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш