Qidirish

23:39 / 2023-01-04 1117 0 Сиёсат

«22-зона»да ўтирган собиқ Бош прокурор озодликка чиққани айтилмоқда

Рашиджон Қодиров 2000—2015 йилларда Ўзбекистон бош прокурори сифатида ишлаган. 

world-news

Собиқ Бош прокурор Рашиджон Қодиров озодликка чиққанлиги айтилмоқда. Бу ҳақда  “Эзгулик” жамияти раиси Абдураҳмон Ташанов Facebook’даги саҳифасида маълум қилди.

Вақт югурик, елдай учади. 3,5 йил аввал айни саратонда оламшумул жиноятлари учун 10 йилга қамалган собиқ мулозим озодликка чиқибди!

Булар у кишининг уйини жиноий даромаддан топилган санаб, 10 миллиард бошланғич нарх билан савдога қўйишганди. Энди нима бўлади, жаноб қишнинг қаҳратонида қаердан бошпана топаркин!? Ишқилиб, қийналиб қолмасин!

У кишининг қилмиши ҳақида фильм қилинади, дейишганди. Режиссёрларимизнинг дангасалиги туфайли бундан ҳам бебаҳра қолди халқ”, — деб ёзди Ташанов.

Қайд этиш жоиз, 2000—2015 йилларда Ўзбекистон бош прокурори лавозимида фаолият кўрсатиб келган Рашиджон Қодиров (Жиноят кодекси 210-моддаси 3-қисмининг “а” банди), пора беришга далолат қилиш (ЖК 28,211-моддаси 3-қисмининг “а” банди), фирибгарлик (ЖК 168-моддаси 3-қисмининг “а” банди), солиқлар ёки бошқа мажбурий тўловларни тўлашдан бўйин товлаш (ЖК 184-моддасининг 3-қисми), тергов қилишга ва суд ишларини ҳал этишга аралашиш (ЖК 236-моддасининг 2-қисми), жиноий фаолиятдан олинган даромадларни легаллаштириш (ЖКнинг 243-моддаси) каби, ҳокимият, бошқарув ва жамоат бирлашмалари органларининг фаолият тартибига қарши бир қатор оғир ва ўта оғир жиноятларни содир қилганликда айбли деб топилган.

Суднинг ҳукми билан айбли деб топилган жиноятлари учун Рашиджон Қодировга, ЖК 50-моддасининг 6-қисми тартибида 10 йил озодликдан маҳрум қилиш ва энг кам ойлик иш ҳақининг 500 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланган эди. 

Рашиджон Қодиров — Ўзбекистондаги энг қудратли ва сирли шахслардан бири бўлган. У 1952 йилнинг 23 февралида ўша пайтда Наманган вилоятига қарашли бўлган Балиқчи туманида туғилган. Тошкент давлат университети (ҳозирги Ўзбекистон миллий университети)нинг ҳуқуқшунослик факультетини тамомлаган. 

Фаолиятини 1975 йилда Андижон вилояти прокуратураси терговчилигидан бошлаган. 1980—1991-йилларда Ўзбекистон ССР Давлат хавфсизлик қўмитаси тергов бошқармасида турли лавозимларда ишлаган. 1992—1994-йилларда Ўзбекистон Республикаси Миллий хавфсизлик хизмати раисининг ўринбосари бўлган. 

1994 йили у республика Бош прокурорининг ўринбосари этиб тайинланган. 2000 йилнинг февралида эса Бош прокурорлик курсисини эгаллаган. Шундан сўнг у уч марта, яъни 2005, 2010, 2015 йилларда беш йиллик муддатга ушбу лавозимга қайта тайинланган.  

2015 йилнинг бошида 4-муддатга Бош прокурорликка қайта тайинланган Рашиджон Қодиров ўша йилнинг 21 апрелида ушбу лавозимдан озод қилинган эди. 

Уни лавозимдан озод қилиш ҳақидаги Президент фармонида ўзгариш сабаби Рашиджон Қодировнинг конституциявий ваколат муддати тугагани ва унинг бошқа ишга ўтаётгани дея кўрсатилган эди. 

Ўшанда унинг ўрнини Ихтиёр Абдуллаев эгаллаганди. Эътиборли жиҳати, янги Бош прокурорни жамоага ўша пайтдаги Ўзбекистон бош вазири Шавкат Мирзиёев таништирган эди.

2015 йилнинг 16 май куни Рашиджон Қодиров Ўзбекистон Республикаси Конституцион суди судьяси этиб тайинланган эди. Ушбу қарор Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг иккинчи ялпи мажлиси томонидан қабул қилинганди.

Бироқ Олий Мажлис Сенатининг 2017 йилнинг августидаги ялпи мажлисида Конституциявий суд аъзолари қайта тайинланганда Рашиджон Қодиров ушбу лавозимдан маҳрум бўлган эди.

2017 йилнинг 2 август куни ўтказган видеоселектор йиғилишида Президент Шавкат Мирзиёев прокурорларни қаттиқ танқид қилган, прокуратура тизими издан чиқиб кетгани, коррупция ботқоғига ботгани, прокурорларнинг одамларни менсимай қўйгани, оёғи ердан узилганини айтиб ўтган ва буларнинг барчасида исмини айтмаса-да, аввалги Бош прокурорни айблаган эди. 

Мана, биз янги Бош прокурорни қўйдик ва 80 фоиз одамни ўзгартирдик. Олдинги қолган ахлатдан, олдинги Бош прокурор қолдирган ўғри тизимдан 20-15 фоиз одамлар юрипти. Буларни барибир ўзгартирамиз охиригача, —деган эди давлат раҳбари.

Эслатиб ўтамиз, Ташанов 2021 йил 22 сонли колонияда Ўзбекистоннинг икки собиқ бош прокурори — Рашиджон Қодиров ва Ихтиёр Абдуллаев билан бўлган учрашгани ҳақида ёзган эди.

“Собиқ бош прокурор Рашиджон Қодиров ҳозирда тикув цехида ишламоқда. Унинг қўлидан чиққан гулдор матолардан тикилган бежирим аёллар кўйлаги, лозими ва бошқа ашёлар кўзни қувонтиради”, — дея ёзган эди Ташанов.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш