Сўнгги янгиликлар
«Ўқитувчиларга имтиёзли автокредит орқали автомобилларни сотишга тайёрмиз» – «Ўзавтосаноат»
Айдар–Арнасой кўллар тизими – кимнинг тизгинида?
ССП раиси ўринбосари Нодира Шотурсунова Наманганда фаол ва ташаббускор аёл тадбиркорлар билан учрашди
Сторителлинг ва мутолаанинг инсон ривожидаги ўрни...
Парламентда Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти тингланди
Навоийга Монголиядан 1000 бошга яқин Баят зотига мансуб қўйлар олиб келинди
Фаоллар айтаётган “иқтидор” эгаси оддий “Виртуал валютачи” бўлган...
Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюрди
Уларни ҳатто Сардор Умурзоқовнинг важоҳати ҳам қўрқита олмаяпти
Жорий йилнинг ноябрь ойи сўкинишни қойиллатган ҳокимларнинг жазоланиши билан ўтди. Интернетда ҳақоратли аудиолари тарқалгач, эл-юрт олдида ноқулай аҳволга тушиб, шармандаси чиққан мансабдорларни била туриб, етарли хулоса чиқармаган Ангрен ва Янги Наманган тумани ҳокимларининг қулоғидан чўзиб қўйишди.
Хусусан, Ангренда тадбиркорни қаматгани билан мақтанган ҳоким Алишер Райимовга ҳайфсан интизомий жазоси қўлланилган, Наманганда эса Президентга ваъда бериб, ваъдасини бажаришга тўсқинлик қилиш мақсадида тадбиркорни камситиб, ножўя сўзлар билан ҳақорат қилган Янги Наманган тумани ҳокими Жобир Абдуллаевга ҳам “Ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланилиб, барча турдаги рағбатлантиришлардан маҳрум қилинган.
Ёдингизда бўлса, Effect.uz ноябрь ойида дастлаб Тошкент вилояти Ангрен шаҳар ҳокими Алишер Райимовга, сўнгра эса Янги Наманган тумани ҳокими Жобир Абдуллаевга тегишли бўлган ҳақоратли аудиолар эълон қилинган эди. Шундан сўнг, жамоатчиликда ушбу ҳолатлар натижаси қандай якун топгани ҳақида табиий саволлар туғилди.
Жамоатчилик наздида сўкинган ҳокимларни ишдан олиш кераклиги кўп бора таъкидланган бўлса, айримлар танганинг иккинчи томонини ҳам кўриш кераклигини таклиф қилишди. Тўғри, танганинг иккинчи тарафида кўриниш бериб, камситилган тадбиркорлар қандайдир хатоларга йўл қўйган бўлиши мумкин.
Уларнинг хатолари бор деб ҳам ҳисоблайлик, лекин бу ҳақида бизга кимдир асослантирилган маълумотларни тақдим этолмади. Бу билан улар хатолардан холи демоқчи эмасмиз. Ҳа, инсон шундай мавжудот хато қилишга мойил, аммо Президент ишонган ҳокимларнинг куракда турмайдиган сўкинишлари, орияти бор инсоннинг қалбига жуда оғир ботади.
Ангрен ҳокимига боғлиқ вазият ҳақида тўхталадиган бўлсак, 19 ноябрь куни Тошкент вилояти ҳокимлиги Одоб-аҳлоқ комиссиясининг йиғилиши бўлиб ўтган. Йиғилишни комиссия раиси – вилоят ҳокимининг биринчи ўринбосари Музаффар Файзиев олиб борган.
Йиғилишда EFFECT.UZ’да чоп этилган Ангрен шаҳри ҳокими Алишер Райимовга тегишли бўлган, давлат хизматчиси учун номақбул сўзлар, ҳақоратлар ишлатилган аудиоёзув кескин танқидий муҳокама қилинган.
Ангрен шаҳри ҳокими Алишер Райимов ҳолат бўйича комиссияга тушунтириш бериб, қилган ҳатти-ҳаракатлари учун қаттиқ пушаймон эканлигини билдирган.
Комиссия бу ўринда давлат хизматчисига доир одоб-ахлоқ қоидалари бузилганини қайд этиб, йиғилиш баённомаси асосида вилоят ҳокими Зойир Мирзаевга ходимнинг ҳатти-ҳаракатлари юзасидан тегишли чора кўриш учун тақдимнома киритган.
Вилоят ҳокими 24 ноябрь куни Алишер Райимовга нисбатан интизомий жазо чорасини қўллаш тўғрисида фармойишга имзо чеккан.
Фармойишда “Маҳаллий давлат ҳокимияти тўғрисида”ги Қонунининг 6, 25-моддаларига мувофиқ, Меҳнат Кодексининг 181-моддаси 1-қисмига асосан:
Вазирлар Маҳкамасининг 2022 йил 14 октябрдаги “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлари тўғрисида”ги 595-сонли қарори талабларига риоя қилмаганлиги, давлат хизматчисининг касб этикасини бузганлиги, мансаб ваколатларини суистеъмол қилиб, ноқонуний хатти-ҳаракатларни содир этганлиги учун Ангрен шаҳар ҳокими Алишер Абдумаликович Райимовга нисбатан “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган.
Ангрен ҳокими қаматгани айтилаётган Латиф исмли тадбиркорнинг тақдири ҳозирча номаълум. Мухбиримиз тадбиркорни сўккан, устига-устак, қаматгани билан мақтанган Райимов 3 декабрь куни Нурафшонда ўтказилган Халқаро ногиронлар куни муносабати билан ўтказилган хайрия тадбирига бемалол инсон каби кўриниш берганини тасвирга олди.
Effect.uz тадбиркор билан боғлиқ ҳолатни кузатиб бормоқда, катта эҳтимол билан ушбу иш бўйича бошлаган журналистик суриштирувларимизни давом эттирамиз.
Бундан ташқари, Наманганда президентга берган ваъдасини сунъий тўсиқлар ортидан бажара олмаётган тадбиркор Анасхон Дедабоевни ҳақорат қилган Янги Наманган тумани ҳокими Жобир Абдуллаевга вилоят ҳокими Шавкат Абдурразоқов томонидан “Ҳайфсан” интизомий жазоси қўлланди. Шунингдек, Абдуллаев барча турдаги рағбатлантиришлардан маҳрум қилинган.
Вилоят ҳокимлиги матбуот хизматининг хабар беришича, 3 декабрь куни Наманган вилояти ҳокими Шавкатжон Абдуразаков бошчилигида Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат фуқаролик хизматчилари томонидан одоб-ахлоқ қоидаларига риоя этилишини таъминлаш бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида” 2022 йил 15 октябрдаги 595-сон қарори ижроси бўйича кенгайтирилган муҳокама йиғилиши ўтказилган.
Селектор тартибида ўтказилган йиғилишда вилоят сектор раҳбарлари, вилоят ҳокимининг ўринбосарлари, маслаҳатчилари, шаҳар ва туман сектор раҳбарлари, вилоят бошқармалари, шаҳар ва туман ташкилотлари раҳбарлари, маҳаллий Кенгаш депутатлари, Одоб-ахлоқ комиссия аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари вакиллари иштирок этган.
Янги Наманган тумани ҳокими Жобир Абдуллаевнинг ижтимоий тармоқларда жойланган телефон орқали ёзиб олинган аудио суҳбати қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди. Албатта, бу ҳол нафақат туманнинг, балки Наманган вилоятининг шаънига номуносиб ҳаракат сифатида баҳоланди, дейилади вилоят ҳокимлиги эълон қилган ахборотда.
Вилоят ҳокими Шавкат Абдураззоқов Янги Наманган тумани раҳбарининг бу ҳаракатларини асло оқлаб бўлмаслигини таъкидлаган.
«Бугун жаҳон миқёсида юртимиз ҳақида сўз кетганда, “Янги Ўзбекистон” ибораси тилга олиниб, янги босқичдаги ислоҳотларда вилоятимизнинг ҳиссаси ўз меваларини бера бошлаётган, эришаётган ютуқларимиз Президент Шавкат Мирзиёев томонидан алоҳида эътироф этилаётган, қолаверса бизга юксак ишонч билдириб, турилган бир вақтда шаҳримизни саноат, тадбиркорлик ва кичик бизнес асосий драйвер бўлган Янги Наманган тумани раҳбарининг бу ҳаракатларини асло оқлаб бўлмайди!», деган вилоят ҳокими.
Шунингдек, Наманганда ўтказилган йиғилишда жорий йил давомида ижтимоий тармоқларда шаҳар ва туманлар ҳокимликлари, вилоят бошқармалари, тегишли ташкилотлар раҳбарларининг хатти-ҳаракатлари бўйича ёритилган масалалар атрофлича муҳокама қилинган.
Маълумот учун айти жоиз, EFFECT.UZ ҳокимларнинг бундай ҳатти-ҳаракатларини ёритишдан, оммага олиб чиқишдан ҳеч қандай манфаатдор эмас.
Янги Ўзбекистон раҳбарлари Ватанда бўла туриб, ўз ҳамюртини, хоҳланг у оддий фуқаро бўлсин, хоҳланг бошқа бўлсин, Инсон қадри улуғланаётган юртда одамларга нисбатан шанга, ор-номусга тегадиган сўзларни ишлатиш ҳақида мутлақо ҳаёлига келтирмаслиги шарт.
Ҳар бир муаммони дипломатик усул ёки бироз оғир-вазминлик билан ҳал қилиш шу муаммони бартараф этишнинг энг ижобий варианти бўлади деб ўйлаймиз. Effect.uz ҳар икки масалани ҳам охиригача кузатиб боради.
Шуни қўшимча қилишимиз ҳам муҳимки, қонунлар устувор мамлакатда ҳар бир ноқонуний ҳаракатлар ва ҳаракатсизликлар учун тегишли жазолар мавжуд, фақат уларни ижросини вилоят ҳокимлари эмас, балки ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар таъминлаши даркор.
Чунки вилоят ҳокимлари нари-борса, ўзининг кимлигини унутган қўл остидаги мулозимларини нари-борса фақат қулоғидан чўзиб қўйиши мумкин холос. Акс ҳолда лавозимга яқинда тайинланган Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқовнинг важоҳати ҳам айрим ҳокимларни қўрқита олмаяпти. Назаримизда, ҳокимлар билан иш ташкиллашда қандайдир бошқача ёндошув керак.
Акс ҳолда Халқ ва президент ишончини суистеъмол қилаётган айрим ҳокимларни жиддий сиёсати билан тилга тушган Президент администрацияси раҳбари Сардор Умрзоқовнинг важоҳати ҳам қўрқита олмаяпти.
Кимнидир қаматиб, бошқасини эса “итариш” билан қўрқитган ҳокимларга берилаётган енгил интизомий жазо чораси эртага яна бошқа бир ҳокимларни янада эркалатиб юбориши мумкин. Раҳбарлар бу каби хатоларни келажакда такрорламаслиги учун улар билан ишлашдаги ёндошувни ўзгартириш вақти келди назаримизда.