Qidirish

15:30 / 2022-12-25 412 0 Дунё

АҚШга музлик даври қайтди. Қор бўрони туфайли 30га яқин одам ҳалок бўлди

Қурбонлар соат сайин кўпаймоқда, бўронлар туфайли АҚШнги кўплаб штатларида электр ва газ таъминотида узилишлар кузатилмоқда. Табиат воқеаси туфайли 3000 та рейс бекор қилинди.

world-news

АҚШ шимоли-шарқида қор бўрони кузатилмоқда. Хусусан Огаё штатида 50 га яқин машина тўқнашиб кетди, тўрт киши ҳалок бўлди.  Сўнгги маълумотларга кўра, 27 америкалик бўрон қурбони бўлди. Федерал ҳукумат Техасда фавқулодда ҳолат эълон қилди. Минглаб рейслар бекор қилинган. 

Истеъмолнинг камайиши 

АҚШнинг шимоли-шарқий энергия ва тармоқ оператори ISO New England томонидан биринчи даражали фавқулодда ҳолат эълон қилинди. 

Bloomberg маълумотларига кўра, ISO New England давом этаётган қор бўрони туфайли электр энергияси истеъмолини камайтиришни сўрамоқда. 

“Биз минтақада энергиядан эҳтиёт бўлиш режимини эълон қилдик ва ишлаб чиқаришнинг кутилмаган тарзда йўқолиши сабабли истеъмолни камайтиришга чақирамиз”, — деди ISO New England вакили Метю Какли.

Унинг таъкидлашича, ҳозирда штатда электр энергиясига бўлган талаб оператор имкониятларидан ошиб кетган. Электр энергияси нархи МВт/соат учун 1800 долларга етди. 

Газ ишлаб чиқаришнинг пасайиши

Қўшма Штатлардаги қишки бўрон туфайли табиий газ қазиб олиш даражаси рекорд даражага тушиб кетди. Кунлик пасайиш 2,8 миллион куб метрни ташкил этди, бу ишлаб чиқаришнинг деярли 10 фоизини ташкил қилади.

Қор бўрони эгаллаган ҳудудларда айрим қудуқлар ёпилиб, магистраль газ қувурларидаги суюқлик музлаб қолди. Шу билан бирга, газга бўлган талаб тўрт йил ичида энг юқори даражага етди. 

Энергия сарфини назорат қилувчи poweroutage.us сайти АҚШда 1,7 миллиондан ортиқ уй хўжаликлари ва корхоналар электр таъминотисиз қолгани ҳақида хабар берди. 

Бўрон қурбонлари

CNN телеканалининг хабар беришича, АҚШда камида 16 киши қишки бўрон қурбони бўлган. Кейинчалик NBC 27 киши ҳалок бўлганини маълум қилди.

23 декабрь куни 48 штатдаги 200 миллиондан ортиқ америкаликлар об-ҳавонинг хавф даражаси ошиши ҳақида огоҳлантириш олди.  

Канзас ва Кентукки штатларида қор бўрони туфайли уч киши ҳалок бўлди. Висконсин, Теннесси ва Миссури штатларида ёмон об-ҳаво туфайли бир киши, Нью-Йорк штатида тиббиёт ходимлари ўз вақтида чақирувига ета олмагани учун икки киши ҳалок бўлди. NBC шунингдек, Мичиган, Колорадо, Небраска ва Оклахомада ўлим ҳолатлари кузатилгани ҳақида хабар берди.

Огаё штатида кенг кўламли ЙТҲ натижасида тўрт киши ҳалок бўлди - қарийб 50 га яқин автомобиль қор билан қопланган шосседа тўқнашиб кетди. Бундан ташқари, қишки бўрон туфайли АҚШда 3000 дан ортиқ рейслар бекор қилинган. Энг кескин вазият Денвер, Детройт, Чикаго ва Миннеаполис аэропортларида ривожланмоқда. 

Энергетика вазирлиги маълумотларига кўра, қор бўрони Техас аҳолисини углеводородлар, шамол ва қуёшдан фойдаланган ҳолда ишлаб чиқариладиган 16,7 минг МВт электр энергиясисиз қолдирди. 

Ҳароратнинг пасайиши ва кучли шамол ишлаб чиқариш қувватларининг бир қисмини ўчириб қўйди ва штатда электр энергияси истеъмолининг рекорд даражада ошишига олиб келди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш