Qidirish

23:08 / 2022-12-24 748 0 Жамият

Тошкентда «Мўъжизалар даври» 21 йиллик хайрия ярмаркаси ўтказилди

Хайрия ярмаркасида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги ўртасида кўнгиллилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган меморандум имзоланди.

 

world-news

Жорий йилнинг 23 декабрь куни Тошкентда «Мўъжизалар даври» 21 йиллик хайрия ярмаркаси ўтказилди. Тадбирда Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Нусратилла Зикриллаев, Маданият вазири Озодбек Назарбеков, Миллий гвардия қўмондони ўринбосари Сарвар Мамаюсупов, Ўзбекистон кўнгиллилар уюшмаси бошқаруви аъзоси Лазизхон Нигманов, маҳаллий ва хорижлик экспертлар, шунингдек, 100 дан ортиқ кўнгиллилар ва ногиронлиги бор болалар манфаатига қаратилган комплекс дастурларни амалга оширувчи 20 дан ортиқ ташкилотлар, хусусан, ихтисослаштирилган мактаб-интернатлар, меҳрибонлик уйлари ва жамоат ташкилотлари ҳамда оммавий ахборот воситалари иштирок этди.

Тадбирда Туризм ва маданий мерос вазири ўринбосари Нусратилла Зикриллаев сўзга чиқиб, Бош вазир ўринбосари – Туризм ва маданий мерос вазири Азиз Абдуҳакимовнинг табригини ўқиб эшиттирди.

«Давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев бошчилигида инсон қадрини янада улуғлаш борасида қатор ислоҳотлар амалга ошириб келинмоқда. Буни 2022 йилнинг «Инсон қадрини улуғлаш ва фаол маҳалла йили» шиори остида ўтгани тасдиқлайди. Қолаверса, Президентимизнинг 20 декабрь куни Олий Мажлисга ва халқимизга Мурожаатномасида 2023 йил «Инсонга эътибор ва сифатли таълим йили» деб эълон қилинди. Бу юртимизда инсонни қадрлаш доимий устувор вазифа эканлигини англатади, — lейилади табрикда.

«Мўъжизалар даври» платформаси ҳам ана шу тамойилларга амал қилган ҳолда, бугунги кунда Ўзбекистон Кўнгиллилар уюшмаси ҳамда Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Тараққиёт дастури, Давлатлараро гуманитар ҳамкорлик жамғармаси каби халқаро ташкилотлар, шунингдек, бизнес соҳаси вакилларини эзгу мақсад йўлида бирлаштирмоқда. Бизнинг ҳам ижобий ўзгаришларнинг бир қисмига айланишимиз, эзгу лойиҳаларни амалга оширишга кўмаклашишимиз жуда муҳимдир».

Таъкидлаш жоизки, ярмаркада 400 нафар бола томонидан 2000 дан ортиқ ижод намуналари: расмлар, откриткалар, юмшоқ ўйинчоқлар, зардўзлик, батик, мунчоқ, каштачилик, заргарлик буюмлари ва бошқа кўплаб нарсалар иштирокчилар эътиборига ҳавола қилинди. Шунингдек, чегарасиз туризм, экологик масъулиятни ошириш, экотизимларни сақлаш ва табиатга ҳурмат борасидаги билимларни оммалаштиришга алоҳида эътибор қаратилди.

Бундан ташқари, тадбир давомида ногиронлиги бор ёшларнинг фаоллигини оширишга қаратилган учрашувлар, маҳорат дарслари, катта муваффақиятларга эришган ногиронлиги бор шахслар, Паралимпия ўйинлари совриндорлари ва Ҳамдўстлик мамлакатлари меҳмонлари иштирокида видео интервьюлар ўтказилди.

Қайд этиш жоизки, хайрия ярмаркасида Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳамда Маданият вазирлиги ўртасида кўнгиллилар фаолиятини янада қўллаб-қувватлашга қаратилган меморандум имзоланди.

Кўргазманинг асосий мақсади ижтимоий кўмакка муҳтож ва ногиронлиги бор болаларнинг ўзини ҳар томонлама намоён қилишига, касбий иқтидорини шакллантиришига, келажакда етук кадрга айланишига ва тўлақонли ҳаёт қуришига барча шароитларни яратиб бериш кераклигини кўрсатишдан иборат.

Бундан ташқари, ишбилармонлар, хайрия ва халқаро ташкилотлар вакиллари, пойтахт аҳолиси ва меҳмонларнинг эътиборини ногиронлиги бор, етим ва оғир шароитда яшайдиган болаларга қаратиш, болаларнинг ижодий ташаббусларини ҳар томонлама рағбатлантириш ҳам мақсад қилинган.

Кўргазмадан тушган маблағлар болаларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш мақсадида масъул иштирокчи ташкилотларга ажратилади.

Маълумот учун, «Мўъжизалар даври» Марказий Осиёдаги ягона платформа бўлиб, у ногиронлиги бор ёшларни касбга йўналтириш ва уларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш масаласини илгари суради. Хайрия ярмаркаси 2003 йилдан буён ҳар йили кўнгиллилар ташаббускор гуруҳи томонидан ўтказиб келинмоқда. 2020 йилда Ўзбекистон кўнгиллилар уюшмаси ташкил этилиши билан яна давом эттирилди. Бугунги кунга қадар «Мўъжизалар даври» лойиҳаси 4500 дан ортиқ кўнгиллиларни бирлаштирган.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш