Qidirish

23:44 / 2025-06-04 133 0 Жамият

«Босим ўтказилаётгани тўғрисидаги хабарлар асоссиз» – «Ўзбектелеком» HUMANS иши бўйича муносабат билдирди

«HUMANS» МЧЖ виртуал оператори «Ўзбектелеком» АК мобил тармоғидан фойдаланиб, даромад топсада, уни харажатларини тўлашни ортга сурган.

world-news

Аввалроқ Ўзбекистондаги Humans брендига эгалик қилувчи Сингапурнинг Humans Mobile PTD Ltd. компанияси Жаҳон банкининг Инвестиция низоларини ҳал қилиш халқаро марказида (ICSID) Ўзбекистонга қарши арбитраж ишини бошлагани, даъво 30 май куни АRB/25/24 рақами билан рўйхатга олинган ва кўриб чиқилаётгани тўғрисида хабар берилганди. Ишда судланувчи — Адлия вазирлигининг Ўзбекистон Манфаатларни ҳуқуқий ҳимоя қилиш бошқармаси ҳисобланади.

Даъво қўзғатилишига Ўзбекистон ва Сингапур ҳукуматлари ўртасида 2003 йил 15 июлда имзоланган инвестицияларни рағбатлантириш ва ҳимоя қилиш тўғрисидаги икки томонлама битим бузилгани ҳақидаги тахмин асос бўлган.

«Ўзбектелеком» АК муносабати…

Айрим оммавий ахборот воситалари томонидан «HUMANS» МЧЖ (кейинги ўринларда – HUMANS) айрим давлат ташкилотлари томонидан етказилган зарар учун компенсация ундирмоқчилиги юзасидан маълумотлар тарқалди.

Аввалроқ HUMANS’нинг ўзи «Ўзбектелеком» АКнинг қарзларни тўлаш, акс ҳолда тармоқдан узиб қўйилиши ҳақидаги огоҳлантиришидан кейин, Рақобат қўмитасига шикоят аризаси киритгани ҳам ОАВ орқали тарқалган эди.

Аслида нима бўлган эди?

Биринчидан, HUMANS виртуал оператори, бошқа мобил операторлардан фарқли равишда, ўз тармоғини яратиш учун сармоя киритмаган. Шунинг учун, у мобил алоқа хизматларини кўрсатишга 2020 йилдан буён шартнома асосида «Ўзбектелеком» АК мобил тармоғидан фойдаланиб келган.

Иккинчидан, баъзи ОАВда «Ўзбектелеком» АК томонидан HUMANS операторига нисбатан «бозордаги устун (монополь) мавқесидан фойдаланиб босим ўтказаётганлиги» тўғрисида нохолис ахборотлар тарқалмоқда.

Аслида: HUMANS ўз инфраструктурасига эга «Ўзбектелеком» АКдан ташқари Ucell, Beeline, Mobi.uz каби бошқа мобил операторлари билан ҳам шартнома асосида хизматларини кўрсатиши мумкин, қонунчиликда фақат «Ўзбектелеком» АК билан мобил инфраструктурадан фойдаланиш керак деб ҳеч қаерда белгиланмаган.

Учинчидан, «Ўзбектелеком» АК Ўзбекистонда интернет хизматларини арзонлаштириш ва уларни аҳолига янада қулай қилиш бўйича муҳим ишларни амалга ошириб келмоқда. Натижада, Халқаро интернет каналларининг ўтказувчанлик қобилияти кенгайтирилиши ҳисобига оператор ва провайдерлар учун 1 Мбит/с интернет нархи 2017-2024 йилларда 40 баробарга арзонлаштирилди.

Тўртинчидан, HUMANS узоқ муддат давомида шартнома мажбуриятларини тизимли равишда бузиб келган, яъни кўрсатилган хизматлар бўйича катта миқдорда қарздорликни тўламасдан келган. «Ўзбектелеком» АК фақат истемолчилар хуқуқи бузилмасин, улар HUMANS бўладими, бошқа операторми истемолчи тўлаган пулига яраша хизмат олсин деб ўз хизматини давом эттирган.

Шу муносабат билан «Ўзбектелеком» АК мавжуд қарздорликни ундириш ва келгусида компанияга зарарни камайтириш мақсадида тегишли судга даъво аризаси киритишга мажбур бўлган. Мазкур даъво жорий йилнинг 8 май куни Тошкент шаҳар иқтисодий судининг «Ўзбектелеком» АК томонидан кўрсатилган хизматлар учун қарздорлик юзасидан «HUMANS» компаниясига нисбатан чиқарган суд қарори эълон қилинган.

«Агар келгусида жамоатчиликни, тартибга солувчи органлар ва бизнес ҳамкорларни чалғитувчи, ҳақиқатга тўғри келмайдиган маълумотлар тарқатилса, «Ўзбектелеком» АК ўз ишбилармонлик обрўсини ҳимоя қилиш мақсадида судга мурожаат қилиш ҳуқуқини ўзида сақлаб қолади.

«Ўзбектелеком» АК очиқлик, ҳалол рақобат ва амалдаги қонунчиликка риоя қилиш тамойилларига содиқлигини тасдиқлайди. Компания бозордаги исталган иштирокчи, жумладан HUMANS компанияси билан, улар ўз мажбуриятларини виждонан бажарган тақдирда конструктив мулоқотга очиқ», дейилади АК муносабатида.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш