Сўнгги янгиликлар
Қибрайликлар оёққа турди. Сабаби нима?
5 минг йиллик тарихга эга Бирги қишлоғи ҳақида нималар маълум?
Изник: насронийликнинг тирик музейи
Анталиянинг яширин хазиналари ҳақида эшитганмисиз?
Анқара замонавий меъморий мероси билан ЮНEСКО рўйхатига киритилди
Хитойда сунъий ёмғир ёғдириш бўйича тажриба ўтказилди
Йўл тор, маршрут қатнови кам, аҳоли эса норози
Сўх тумани аҳолисининг талаби нега қондирилмаяпти?
Билмаганга бўлишма! – Ҳуқуқшунос «ҳуқуқ фаоллар»ини ўзлари қонунларни билмасликда айблади
Яқинда ҳуқуқ ҳимоячиси Ташановнинг битта фикрига қонунлар асосида аниқ тушунтириш ёзгандим, мени гапларимни моҳиятини тушунмабдилар шекилли, «мен барибир ғолибман» деб изоҳ қолдирибдилар.

Тўғриси, бу даражадаги ўз фикридан ўзгалар фикрига лоқайдлик даражаси бўлиши мумкинлигига ишонмагандим, «ғолиб бўлдим, кимдир ютқазди» деб ўтирган одам, гап нимадалигини, сўз масъулияти ва қонунлардаги талабни афсуски умуман тушунмаган кўринади.
Шу тушунтиришимни қўллаб 100 лаб одамлар ўз муносабатини билдиришди. Яқин кунларда инсон ҳуқуқлари бўйича «фаол»нинг ижтимоий тармоқлардаги яна бир чиқишини менга юборишди. Унда фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи Олий суд томонидан бузилаётганлиги иддао қилинган ва бу маҳкама нега керак деган жуда баландпарвоз гаплар ёзилган.
Яна бир марта таъкидлаш жоизки, ҳар қандай инсон ҳуқуқлари ҳимоячисининг хулосалари аввало, амалдаги қонунчиликка мувофиқ бўлиши лозим. Акс ҳолда, улар юзаки бўлиб, бундай хулосалар берган шахснинг нуфузи ва обрўсига путур етказиши мумкин.
Энг аввало, фуқароларнинг мурожаат қилиш ҳуқуқи билан процессуал тартибда шикоят қилиш ҳуқуқини фарқлаб олиш лозим. Жумладан, «Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида» Қонуннинг 1-моддасига асосан, ушбу Қонун жиноят-процессуал қонунчилиги ва бошқа қонун ҳужжатлари билан кўриб чиқиши белгиланган мурожаатларга татбиқ этилмайди.
Фуқаролар жиноят ишлари бўйича процессуал тартибда шикоят қилиш ҳуқуқи эса, мазкур жараён фақатгина Жиноят-процессуал кодекси билан тартибга солинади. Шу ўринда ўртоқ Ташанов томонидан ушбу тушунчаларни чалкаштириш нима сабабдан қилингани нафақат биз ҳуқуқшунослар учун, балки матнни ўқиган оддий ўқувчи учун ҳам тушунарсиз бўлса керак.
«Фаолнинг» чиқишида Олий суд томонидан тафтиш инстанциясига шикоятлар қабул қилинмаётгани қайд этилган. Қайд этиш жоизки, ҳар қандай шикоят судлар томонидан кўриб чиқиш учун қабул қилиниши шарт. Бундай тартиб ЖПКда батафсил регламентация қилинган. Хусусан, ЖПКнинг 521-10-моддасига асосан, тафтиш тартибида берилган шикоят Олий суднинг судьяси томонидан ўрганиб чиқилади, деб белгиланган.
Фақат эътибор берилиши керак бўлган жиҳати шунда-ки, тафтиш тартибида берилган шикоят қачонки уни кўриб чиқиш учун асослар мавжуд бўлсагина Олий суднинг тегишли судлов ҳайъати томонидан кўриб чиқилади, асослар бўлмаса кўриб чиқиш рад этилади.
Шу боис, ЖПКнинг 521-10-моддасига асосан судья тафтиш тартибида берилган шикоятни кўриб чиқиш натижалари юзасидан суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмаслиги тўғрисидаги ёки шикоятни кўриб чиқиш учун Олий суднинг
Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига ўтказиш ҳақидаги ажримлардан бирини чиқаради.
Шуни ҳам эсдан чиқармаслик керак-ки, рад қилиш ажрими ҳам узил-кесил ҳисобланмайди, уни устидан ҳам шикоят қилиш имконияти бор. Жумладан, ЖПКнинг 521-11-моддасига кўра, бу ажрим устидан Олий суд раисига ёки унинг ўринбосарига шикоят қилиниши мумкин. Бундай шикоят беришнинг муддати қонунда чекланмаганлигини алоҳида эслатиб ўтган бўлардим.
Шундай экан, Олий суд томонидан шикоятлар қабул қилинмаётганлиги тўғрисидаги важлар мутлақо асоссиз эканлигини айтиш ўринлидир.
Иккинчи масала, «фаол»нинг Олий судни ўзига мослаб қонунларни қабул қилиши ҳақидаги фикрга ҳам қўшилмайман. Тафтиш тартиби амалиётга кирганига 1 йил бўлиб, уни қабул қилиш бир қатор амалиётдаги «оғриқли» масалаларни ҳал қилишга қаратилган эди. Авваллари, жиноят ишини жайдари айтганда «футбол қилиш» ҳолатлари учраганлиги сир эмас. Бошқача айтганда, на туман, на вилоят, на Олий суд иш бўйича охирги нуқтани қўйишни истамаган. Бу янги қонун билан эса, вилоят ва унга тенглаштирилган судларнинг ва айниқса, Олий суднинг ўзига шундай масъулиятни олиши одамларнинг узоқ йиллик эътирозларини ҳал этишга қаратилган эди. Эндиликда мазкур судлар ишни «пастга» жўнатмай, сўнгги нуқтани қўйишга мажбурдирлар.
Иш тафтиш инстанциясида кўрилгунча, туман (шаҳар), вилоят ва унга тенглаштирилган судларда ҳам бир неча марта кўрилади. Бу ҳамма давлатларда бор тартиб бўлиб, мазкур тартиб қонунчиликка бекорга киритилмаган. Уни Олий суд ўзига мослаган деган иддао, ёш боланинг йиғисига ўхшайди.
Шу ўринда, Олий суднинг 2024 йилда амалга оширган ишлари бўйича расмий ахборотини ахтардим. Унга кўра, Олий суднинг тафтиш инстанциясида 3 834 та иш кўрилган бўлиб, уларнинг 96 фоизи бўйича «якуний» нуқта қўйилган. Бу ушбу инстанция амалда ишлаяпти дегани. Ёки бу ишлар «фаолимиз» учун муҳим эмасми, ахир ҳар бир ишда одамлар ва мулкий ҳуқуқлар тақдири ҳал бўлади ёки фақат Ташанов кўтарган иш ҳал бўлиши керакми, шунда ҳисобми?
Постда қайд этилган суд қарорларини тафтиш тартибида қайта кўриб чиқиш учун асослар мавжуд эмаслиги ҳақидаги ажримни олган 20 дан ортиқ шахсларга қўшимча тавсия беришим мумкинки, бундай ажримни олиб, бемалол Олий суд раиси ёки ўринбосари номига шикоят ёзишлари мумкин. Худди шу тартиб қолган маъмурий, фуқаролик ва иқтисодий процессларда ҳам мавжуд.
Назаримда, ҳамма ўзини ишини қилиш керак ёки инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга масъул фаоллар юридик билимлари бўлмаса, масалани сал қонун томонини ўрганмасдан асоссиз аю-ханнос солишни бас қилишлари керакда.
Албатта суд тизимида муаммолар мавжуд, уни ҳеч ким инкор эта олмайди. Лекин танқид асосли бўлиши керакмасми.
Охирида айтар сўзим бор!!!
Ҳуқуқ соҳасида фикр билдириш популистларга қолдими? Ҳуқуқ нормаларини, оддий принципларни билмайдиган «билмасвойлар»га наҳотки юристлар тушунтириб қўйишмайди, етказишмайди, жойини кўрсатишмайди?
Нега аччиқ бўлсада бундай гапиряпман, чунки бунга жиддий сабаб бор деб биламан. Бу мени ушбу экспертнинг постлари бўйича ёзган иккинчи раддиям бўлиб, экспертнинг ижтимоий тармоқлардаги аудиторияси Ўзбекистон аҳолисининг 0,1 %ини ташкил этмасада, унинг постлари «чин ҳақиқат» (аксиома) сифатида улашилиб, кенг жамоатчиликда салбий фикрлар уйғотишга сабаб бўлмоқда.
Фикримча, популистлар, соҳани ва қонунларни тушунмайдиган, билмайдиган сохта пиярчилар одамлар фикрларини бу каби бузишга уринишларга йўл қўймаслик керак. Бу учун нима қилиш керак ? Бу учун холис, ақлли, илмли ва масъулиятли ҳуқуқшунослар популистларни фикрлари ва постларига беэътибор бўлмай соҳа кесимида раддиялар билдириб, илмий ҳамда қонуний асослантирилган таҳлилларни нашр этиб бориш лозим.
Шунинг учун зиёлиларимизга мурожаат қилиб, уларни ўзларининг тегишли соҳаларида активроқ бўлишга чақириб, майдонни пиарчи ва хайпчи популистларга бериб қўйиш нотўғрилиги, муҳокамалар, танқидлар ва фикрлар билдириш конструктив, объектив ва амалдаги қонунларни эътиборга олган ҳолда бўлиши жамият ривожи учун ўта муҳимлигини эслатмоқчиман.
Раззоқ Альтиев



