Qidirish

11:43 / 2025-01-29 135 0 Жамият

Давлат ва жамият ривожланишида дунёвий билимлар зарур

world-news

Ҳар бир халқ, давлат ва жамият ривожланиши учун албатта дунёвий билимлар зарур, бусиз жамият ва давлат ривожланишини тасаввур қилиб бўлмайди. Қолаверса, дунёвий илмлар доимий ривожланиб боради.
Дунёвийлик кеча ёки бугун пайдо бўлмаган, у қадимдан мавжуд бўлган. Фақат унга турли даврларда турлича қарашлар бўлган. Тарихга қарайдиган бўлсак, дунёвий олимлар билан диний уламолар ўртасида келишмовчиликлар, зиддиятлар юзага келиб турган.
Масалан, Н.Коперник “ер ва бошқа сайёралар қуёш атрофида айланади” деб ҳисоблаган. Италиялик астроном ва файласуф Галилео Галилей худога қаттиқ ишонган бўлсада, ХВИ асрда Н.Коперникнинг фикрини маъқуллаб, “ер ўз ўқи атрофида айланади” деган фикрини билдиргани учун Римга чақиртирилиб инквизиция судида суд қилинган ва қийноққа солинган. Судда ундан ўз фикридан қайтиш сўралган ва у фикридан қайтган. Рим католик черковининг таъқиблари сабабли хатто унинг Римга кириши чеклаб қўйилади.
Кейинчалик уларнинг фикри тўғрилиги исботланиб, “ер қуёш атрофида айланиши” дунёвий билимлар асосида фанда ўз исботини топди. 
Хўш энди Сиз ҳам дунёвийлик ва дунёвий қонунчилик нима учун зарурлиги ҳақида фикр юритиб кўринг. Дунёвийлик борлиги учунгина фан, таълим, тиббиёт, маданият, санъат ва бошқа соҳалар ривожланиб бормоқда, инсоният томонидан муҳим ихтиролар қилинмоқда, ушбу ихтиролар инсоният тараққиётига хизмат қилмоқда.
Дунёвийликни тан олмаётган ёки дунёвийлик илмлари асосида ривожланиш йўлига ўтмаган давлатлар эса ривожланишдан ортда қолмоқда, ушбу мамлакатларда инсон ҳуқуқлари бузилмоқда.
Шу сабабли, Ўзбекистонда ҳам конституцияда ва қонунларнинг устунлигини сўзсиз тан олган ҳолда дунёвий давлатчилик билан боғлиқ нормаларни ҳаётга изчил ва тўлиқ жорий этиш, фан ва технологиялар ютуқларидан фойдаланиб, уни янада ривожлантириб боришимиз лозим деб ҳисоблайман. 
Инсонларнинг диний эркинликларини ва бошқа табиий ҳуқуқларини амалга ошириш ва кафолатлаш фақат дунёвий давлатда таъминланиши мумкин. 
Шунинг учун ҳам Ўзбекистонда дунёвий давлат тамойилларини ҳамма бир хил тушуниши учун ягона ёндашувлар ва қоидалар мажмуини қабул қилиш, яъни расмий ҳужжатларда унинг аниқ ва барча учун бирдай тушунарли бўлган ифодасини белгилаш керак. 
Сабаби, ҳозирги кунда ҳам айрим фуқароларимиз томонидан дунёвий давлатчиликнинг мазмун-моҳиятини бузиб талқин қилиниши жамоатчиликда дунёвийлик ҳақида нотўғри фикрлар шакллантиришга олиб келмоқда. 
Дунёвий давлатда умумжамият манфаатлари марказий аҳамиятга эга бўлади. Яъни, жамият манфаатлари индивидуал манфаатлардан устун бўлади. Ушбу тушунчанинг ўзи ҳам дунёвийликнинг жамиятда тутган ўрни қанчалик муҳимлигини кўрсатиб турибди.
Яна бир муҳим жойи дунёвий давлатда диний ташкилотлар давлатдан ажратилган бўлади, қонун доирасида фаолият юритаётган диний ташкилотлар фаолиятига аралашилмайди, барча диний ташкилотлар ва конфессиялар фаолияти учун тенг шароитлар яратилади. Ушбу механизмлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларида ўз аксини топган. 
Миллий қонунчилигимиздаги дунёвийлик тамойиллари умумеътироф этилган халқаро ҳужжатлар нормаларига тўлиқ мос келади.
Хусусан, БМТнинг “Фуқаровий ва сиёсий ҳуқуқлар тўғрисида”ги халқаро пактида “Ҳар бир инсон фикр, виждон ва дин эркинлиги ҳуқуқига эга”лиги эътироф этилган бўлиб, унда ҳам дин ва эътиқод эркинлигига белгиланган ҳамда унга нисбатан белгиланиш мумкин бўлган чекловларга аниқлик киритилган. 
Жумладан, “Дин ёки эътиқод эркинлигига фақат қонун билан белгиланган ва жамоат хавфсизлигини, тартибини, саломатлиги ва ахлоқини, шунингдек бошқа шахсларнинг асосий ҳуқуқлари ва эркинликларини муҳофаза этиш учун зарур бўлган чеклашлар белгиланиши мумкин”лиги мустаҳкамланган.
ЮНEСКО томонидан 1995 йилда эълон қилинган Бағрикенглик тамойиллари декларациясида “ҳар ким ўз эътиқодига амал қилишда эркиндир ва ҳар ким бу ҳуқуққа бошқалар ҳам эга эканини тан олмоғи лозим”лиги баён этилган.
Дунёвий давлатда ҳуқуқий тизим, ҳуқуқ нормалари ва уларни қўллаш бирор-бир диний ақидага асосланмайди, улар фақат инсонпарварлик, адолат, инсон ҳуқуқлари ва тенглик ғояларига таянади. 
Дунёвий давлатчиликни ривожлантиришнинг муҳим шартларидан бири давлат хизматчилари, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларининг диний бетарафлигини таъминлашдан иборатдир. Аксарият давлатларда давлат хизмати билан боғлиқ қонун ҳужжатларида давлат хизматчиларининг диний бетарафлиги билан боғлиқ талаблар ўрин олган.
Масалан, Озарбайжоннинг “Давлат хизмати тўғрисида”ги қонунига асосан, давлат хизматчиси мақомидан диний тарғибот учун фойдаланиш ва давлат органлари объектларида диний расм-русмларни ўтказиш таъқиқланган.
АҚШнинг 1997 йил тасдиқланган “Федерал хизматчилар учун диний хатти-ҳаракатлар ва диний қарашларни ифодалаш тўғрисидаги қоидалар”да “Раҳбар ҳар қандай шаклда ўз қўл остидаги ходими диний фаолият билан шуғулланишига ундашга ҳақли эмас”лиги белгиланган.
Францияда давлат хизматчиси диний жиҳатдан қатъий бетараф бўлиши ва ўз диний қарашларини бирор-бир шаклда намойиш қилиши мумкин эмаслиги белгиланган. Бундай талаб нафақат мансабдор шахслар, балки оммавий хизмат соҳалари ходимлари, масалан, мактаб ўқитувчиси, почта хизматчиси ёки жамоат транспорти ҳайдовчисига ҳам тааллуқли бўлиб, улар иш вақтида ўзининг қайси динга мансублигини кўрсатувчи элементларни ошкора намойиш қилиши мумкин эмас.
Россия Федерациясининг “Давлат фуқаролик хизмати тўғрисида”ги қонунида давлат фуқаролик хизматчиси диний бетарафликни сақлаши, ўз мансаб ваколатларидан диний бирлашмалар манфаати учун фойдаланмаслиги, шунингдек диний ташкилотларга нисбатан ўз муносабатини оммавий шаклда ифода этмаслик сингари талаблар белгиланган.
Юқоридаги мисоллардан ҳам кўриниб турибдики, давлат хизматида ижтимоий муносабатларнинг дунёвий қадриятларга асосланганлигини таъминлаш алоҳида аҳамиятга эга.
Дунёвий давлатда барча фуқароларнинг, шу жумладан хотин-қизларнинг тенг ҳуқуқлиги ва барча учун тенг имкониятлар яратилади. Бугунги кунда гендер тенгликка эришиш, хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш, уларнинг жамият ва давлат ҳаётидаги ролини кучайтириш учун шарт-шароит яратиш янги Ўзбекистонни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади ва  бу борада юртимизда ҳам самарали ишлар амалга оширилди.
Бунга мисол сифатида, “Эркаклар ва аёллар учун тенг ҳуқуқ ва имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Аёлларни тазйиқ ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги қонунлар қабул қилинганини келтириш мумкин.
2023 йил 1 ноябрдан кучга кирган “Ўзбекистон Республикасининг Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодексига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги Қонунида миллий, ирқий, этник ёки диний мансублигига қараб бир тоифа фуқароларни бошқа тоифа фуқаролардан устун ёки нуқсонли эканини тарғиб қилиш, ноқонуний никоҳ ўқиш маросимини бажариш, икки ёки ундан ортиқ хотин билан эр-хотин бўлиб яшашни тарғиб қилиш, хотин-қизлар ва эркакларнинг тенг ҳуқуққа эгалигини инкор этиш сингари ҳолатлар учун маъмурий ва жиноий жавобгарлик чоралари назарда тутилган.
Афсуски, қонунлар билан тартибга солинган ушбу ижтимоий муносабатларга диний қарашларга асосланиб, ушбу ўзгаришларни салбий деб кўрсатиш ҳолатлари ҳам кузатилмоқда. Давлат бошқарувини диний ақидалар билан амалга ошириш мумкин деган фикрлар ҳам учраб турибди.
Дунёвий давлатда давлат бошқаруви ва ижтимоий муносабатлар диний қоидалар билан эмас, балки Конституция ва қонунчилик ҳужжатлари билан тартибга солинади. 
Шу билан бирга, дунёвий давлатчиликни ҳамда жамиятни ривожланиши учун таълим тизими ҳам дунёвий бўлиши лозим. Бизнинг қонунчилигимизда таълим тизимида дунёвийликни таъминлаш учун барча зарур ҳуқуқий асослар яратилган. Таълим тизими диндан ажратилган, таълим тизимининг ўқув дастурларига диний фанлар киритилишига йўл қўйилмаслиги белгиланган.
Конституциямизда ҳар кимнинг таълим олиш ҳуқуқи эътироф этилиб, умумий ўрта таълимнинг мажбурийлиги, таълим давлат назоратида эканлиги белгиланган. 
Афсуски, сўнгги пайтларда ўқувчиларнинг таълим олиш ҳуқуқини диний қарашлардан келиб чиқиб чеклаш, таълим олишга қаршилик кўрсатишга уриниш ҳолатлари кўпаймоқда.
Ваҳоланки, “Таълим тўғрисида”ги қонунда вояга етмаган таълим олувчиларнинг ота-онаси ва бошқа қонуний вакилларининг боланинг умумий ўрта, ўрта махсус таълим ёки бошланғич профессионал таълим олишини таъминлаш, таълим ташкилотининг таълим-тарбия жараёнини тартибга солувчи ички тартиб-қоидаларига риоя этиш сингари мажбуриятлари белгиланган. 
Хатто ушбу мажбуриятини бажармаганлиги учун жавобгарлик ҳам мавжуд. Бундай механизмлар болаларнинг таълим олиш ҳуқуқини таъминлашга, ушбу соҳада юзага келиши мумкин бўлган ҳуқуқбузарликларни олдини олишга хизмат қилади.
Шу билан бир қаторда, таълим муассасаларининг ўқув дастурларида аниқ ва табиий фанларни ўқитишга, ёшларни ҳуқуқий ва сиёсий саводхонлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилиши керак.
Хорижий давлатларда кузатилаётганидек, ўрта умумтаълим муассасаларида ўқувчиларга динлар тарихи, диний қадриятлар ва дунёвийлик тамойиллари ҳақида таълим беришнинг самарали йўлини жорий этиш мамлакатимиз учун ҳам долзарб бўлиб қолмоқда. 
Хулоса қилиб айтганда, Ўзбекистонда дунёвий давлат тамойилларини ҳамма бир хил тушуниши учун ягона ёндашувлар ва қоидалар мажмуини қабул қилиш, расмий ҳужжатларда белгилаб бериш бугунги куннинг долзарб масаласи ҳисобланади. 
Зеро, Конституцияда белгиланган дунёвийлик тамойилларини тегишли қонун ҳужжатларида мустаҳкамлаш ва уларни ҳаётга тўла татбиқ этиш жамият барқарорлигига, уни мустаҳкамлашга, миллий тотувлик ва диний бағрикенгликнинг ривожлантиришга, фуқароларнинг эътиқод эркинлигини рўёбга чиқишига хизмат қилади. Айниқса кўп миллатли давлатимизда турли динларга эътиқод қилувчи аҳолимизнинг тинч-тотувлигини таъминлашда, инсонларнинг бир-бирига ўзаро ҳурматда бўлишига ва давлатимизнинг ривожланишида давлатнинг дунёвий бўлиши муҳим аҳамият касб этади.

                                                                                                                                                      Анвар Эминов,
                                                                                                                                                      Демократик жараёнларни таҳлил қилиш маркази эксперти

Изоҳлар 0

Фикр билдириш