Qidirish

22:51 / 2024-12-09 1043 0 Жамият

"Ҳимоям остидаги шахс колонияда таҳқирланмоқда, унга инсонга хос бўлмаган муомала қилиняпти" – адвокат

"Косондаги ЖИЭМда ҳимоямдаги шахсга кучли босим бўлмоқда. Колония раҳбарияти менга ҳам таҳдид қиляпти. Бундан ташқари, унга ҳимоячи билан учрашишни ҳам тақиқлаб қўйишди. Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бошқармасига бир неча марта мурожаат қилган бўлсам-да, ҳеч бир реакция билдиришмади. Ҳозирги вақтда ҳимоям остидаги шахсни асоссиз равишда жазолаб, “турма” режимига ўтказишмоқчи", дея маълум қилди адвокат Комилова ўз Telegram-каналида.

world-news

Қашқадарё вилояти Косон туманида жойлашган 10-сонли ЖИЭМда адвокат ҳимояси остидаги шахс кучли руҳий-жисмоний босим ва тазйиқларга дуч келаётгани айтилмоқда.

"Ҳимоямдаги шахс ЖИБ Чилонзор туман судининг 2024 йил 13 июндаги ҳукми билан 14 йилга озодликдан маҳрум қилинган бўлиб, жазо муддатини ушбу муассасада ўтамоқда. Мен уни 2023 йил май ойидан бери ҳимоя қилиб келаман. Ушбу муассасада амалдаги қонунчилик ва ҳатто ИИВнинг тегишли низомига зид равишда адвокат билан учрашув хонасига видео ва аудио мосламалари ўрнатилган, яъни суҳбатлар ёзиб олинади!..

2024 йил 30 ноябрь куни Ғ.Б.нинг олдига борганимда уни изоляторда сақлашаётгани эшитдим. Жазо олганлиги сабабли мен билан учрашишга рухсат йўқлигини айтишди. Мен дарҳол ишонч телефонига қўнғироқ қилганимдан сўнггина учрашувга рухсат беришди.

Ҳимоям остидаги шахсни кўриб, тўғриси, қўрқиб кетдим: унинг билагида қўлкишан изи қолган, устидаги кийими эса жуда ифлос ва одам киядиган аҳволда эмасди. Маҳкумга бу қадар ғайриинсоний муносабатда бўлишга ҳеч кимнинг ҳаққи йўқ. Ғ.Б. менга жуда қаттиқ руҳий ва жисмоний босимлар остида қолганини сўзлаб берди.

Унинг астматик муаммо бор, яъни нафас олишга қийналади. Шу важдан бир неча маротаба тиббиёт бўлимига унинг номидан мурожаат қилдим, лекин мурожаатларим эътиборсиз қолди.

Ҳимоямдаги шахснинг ҳуқуқларини талаб қилишим ортидан менинг ўзимга ҳам босим бўлмоқда. 2024 йил 4 декабрь куни 10-сонли ЖИЭМдан қўнғироқ қилиб бундан кейин Ғ.Б. билан учраша олмаслигимни, учрашиш учун гўёки адвокатлик лицензиям йўқлигини, шу сабабли менга нисбатан текширув ўтказишаётганлигини айтиб таҳдид қилишди. Мен бу иддаони инкор қилиб, менга нисбатан текширув ўтказишга ваколати йўқлигини айтганимда қўнғироқ қилган шахс эшитмай, телефонни ўчириб қўйди (сўзлашув аудиоёзуви мавжуд).

Бу энди Конституциянинг 142-моддаси ҳамда “Адвокатлик фаолиятининг кафолатлари ва адвокатларнинг ижтимоий ҳимояси тўғрисида”ги қонуннинг 7-моддаси талабларини оёқости қилишдан бошқа нарса эмас.

Ҳимоям остидаги Ғ.Б. колонияда таҳқирланмоқда, унга инсонга хос бўлмаган муомала қилиняпти. Бундан ташқари, унга ҳимоячи билан учрашишни ҳам тақиқлаб қўйишди. Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш бошқармасига бир неча марта мурожаат қилган бўлсам-да, ҳеч бир реакция билдиришмади. Ҳозирги вақтда ҳимоям остидаги шахсни асоссиз равишда жазолаб, “турма” режимига ўтказишмоқчи. 

Яқинда Ўзбекистон Омбудсмани ўз ахборотида “руҳий, психологик, жисмоний ёки бошқача тарзда босим ўтказилганлиги тўғрисида ижтимоий тармоқларда тарқалган 15 та хабар ўрганилиб, бу бўйича 14 та муносабат билдирилганини, мутасадди вазирлик ва идораларга Омбудсманнинг 12 та талабномаси киритилган”лигини маълум қилди.

Ижтимоий тармоқларни мониторинг қилишлари рост бўлса, Омбудсмандан менинг адвокатлик фаолиятимга тўсқинлик қилиб келаётган ва ҳимоям остидаги Ғ.Б.нинг ҳуқуқларини поймол қилаётган 10-сонли ЖИЭМ бошлиғи ва унинг ўринбосарларига нисбатан қонуний чора кўрилишида амалий ёрдам кутиб қоламан. 

Очиғи, юқоридаги ҳолатлар юзасидан бир неча бор Омбудсман офиси билан ҳам боғланишга уриндим, лекин унинг ягона ишонч телефони (1096) умуман ишламади" деб ёзади адвокат ўз Telegram-каналида.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш