Сўнгги янгиликлар
Парламентда Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти тингланди
Навоийга Монголиядан 1000 бошга яқин Баят зотига мансуб қўйлар олиб келинди
Фаоллар айтаётган “иқтидор” эгаси оддий “Виртуал валютачи” бўлган...
Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюрди
Тожикистоннинг Конибодомида яна тўрт кишининг жасадлари топилди. Маҳаллий аҳоли ваҳимада
Таҳлил қилинган давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг тегишли модда талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди
Ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби белгиланди
Бугун ҳаво янада совиши кутилмоқда
Қураматоғ тизмаларидаги "Олтин топган" – ОКМК тарихига бир назар
ОКМКнинг 75 йиллиги байрам тадбирига ташриф буюрган меҳмонлар 3-мис бойитиш фабрикаси қурилиши билан танишди. Шунингдек тадбир доирасида ОАВ вакиллари учун ҳам пресс-тур ҳам ташкил этилди.
Комбинатнинг тарихи, шубҳасиз, Олмалиқ шаҳри заминида қадим-қадимдан маъданларга бой ҳудудларнинг мавжудлиги ва у ердаги топилмалар билан узвий боғлиқ.
Манбаларга кўра, бугунги Олмалиқ ҳудудида II-XII асрларда пойтахти Тункент ва Тўқкент номлари билан машҳур бўлган кўҳна Илоқ давлати жойлашган. Илоқ давлати бутун Ўрта Шарқда олтин ва кумуш қазиб олиниши билан ном чиқарган ҳунармандчилик марказларидан саналган. Қураматоғ тизмаларида жойлашган Олмалиқдан кўплаб қадимий ҳунармандчилик ашёлари ва оловли печларнинг топилгани бу ерларда маъданчилик, темирчилик, мисгарчилик ривожланганини тасдиқлайди.
Юртимизда фойдали қазилмаларни тизимли равишда излаш ишлари бундан юз йил олдин, яъни1924 йилда бошланган бўлиб, бу борада Олмалиқ кон ҳудудлари асосий тадқиқот объектига айланган эди. 1927 йилдан бошлаб Олмалиқ кон ҳудудида қидирув ишлари олиб борилди. Натижада Қалмоққир ва Сариқ Чўққи мис молибден рудаларининг ноёб конлари, шунингдек, қўрғошин-рух кони – Қўрғошинкон топилди. Муваффақиятли тадқиқотлардан сўнг, 1931 йилда бу ерда кон металлургия комбинатини қуриш тўғрисида якуний қарор қабул қилинди. Иккинчи жаҳон уруши кўплаб истиқболли лойиҳалар қатори комбинат қурилишига ҳам тўсқинлик қилди. Комбинат қурилиши урушдан кейин – 1946 йилларда яна қайта кун тартибига қўйилди. 1948 йилнинг 16 июнида эса Пленум кенгаши (собиқ СССР Вазирлар Кенгаши)нинг Олтин топган, қўрғошин-рух комбинатини қуриш тўғрисидаги қарори қабул қилинди. 1949 йилда “Олтин топган” кон металлургия комбинати қурилиши бошланди.
1967 йилнинг 5 июлида Олтин топган қўрғошин-рух комбинати Олмалиқ кон-металлургия комбинати деб номланди. Бу вақтга келиб комбинатда кондан руда қазиб олишдан то қимматбаҳо металлар тайёрлаш жараёнигача бўлган тизим шаклланганди.
Мустақилликнинг илк йилларидаёқ комбинатда янги лойиҳалар ишга туширилди. Жумладан, 1991 йили комбинатда олтин ва кумушни аффинажлаш цехининг қурилиши якунланди. 1991 йил 24 декабрь куни биринчи кумуш қуймаси, 26 декабрь куни эса биринчи олтин қуймаси олинди. 1992 йилдан комбинатда олий пробали олтин ва кумуш ишлаб чиқарила бошланди. Тозаланган олтин ва кумуш ишлаб чиқаришнинг йўлга қўйилиши қисқа муддатларда хориж экспертлари эътирофини қозонди. Жумладан, Лондон қимматбаҳо металлар биржаси комбинатда ишлаб чиқилган кумуш ёмбиларга 1996 йилнинг октябрь ойида ҳамда олтин ёмбиларга 1997 йилнинг 27 октябрида “Good Delivery”, яъни “Яхши етказиб берувчи” мақомини берди.
Олмалиқ кон-металлургия комбинати – мис-молибден, полиметалл ва олтин таркибли маъданларни қазиб олиш ва қайта ишлаш бўйича Ўзбекистонда ва Марказий Осиёда етакчи саналиб, мис маҳсулотларини ишлаб чиқариш бўйича дунёдаги 30 та йирик корхона сафига киради.
ОКМК таркибига бугун 6 та кончилик корхонаси, 5 та бойитиш фабрикаси, мис эритиш ва рух заводлари, марказий таъмирлаш-мехника заводи, оҳак заводи, саноат темирйўл транспорт бошқармаси, автомобиль ва технологик транспорт бошқармалари, истеъмол моллари ишлаб чиқариш бошқармаси, шунингдек, 20 дан ортиқ ёрдамчи цехлар ва лабораториялар киради.
Комбинатда 35 мингдан зиёд ишчи-ходимлар ишлайди. Йилига 148 минг тоннадан ортиқ мис катоди, 90 минг тонна рух метали, шунингдек, олтин ва кумуш қимматбаҳо металлари, молибден, вольфрам, рений, селен, теллур ва кадмий каби ноёб металлар ишлаб чиқарилади.
Ҳозирги пайтда 2030 йилгача комбинатни ривожлантириш концепцияси доирасида “Ёшлик-1” конини” ўзлаштириш ва 3-Мис бойитиш фабрикасини қуриш ишлари олиб борилмоқда. Фабрика фойдаланишга топширилгандан сўнг 3 мингга яқин иш ўринлари яратилади.
Жорий йил 15 октябрь куни президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг Олмалиқ кон-металлургия комбинатига ташрифи давомида ушбу лойиҳанинг 2-босқичи доирасида 4-мис бойитиш фабрикаси қурилишига старт берилди. Бу лойиҳа орқали йилига 146 минг тонна катодли мис ва бошқа қимматбаҳо металларни олиш қувватлари яратилади. Фабрика ва унинг инфратузилмаларида 3 мингдан ортиқ киши ишлайди.
Янги фабриканинг ишлаб чиқариш жараёнида юқори технологик, экологик хавфсиз ва тежамкор технологиялар қўлланилади.
Мазкур лойиҳалар Ўзбекистон тарихидаги энг йирик инвестиция лойиҳалари ҳисобланади. Уларнинг амалга оширилиши натижасида комбинатнинг ишлаб чиқариш қуввати бир неча баробарга оширилади.