Сўнгги янгиликлар
Парламентда Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти тингланди
Навоийга Монголиядан 1000 бошга яқин Баят зотига мансуб қўйлар олиб келинди
Фаоллар айтаётган “иқтидор” эгаси оддий “Виртуал валютачи” бўлган...
Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюрди
Тожикистоннинг Конибодомида яна тўрт кишининг жасадлари топилди. Маҳаллий аҳоли ваҳимада
Таҳлил қилинган давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг тегишли модда талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди
Ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби белгиланди
Бугун ҳаво янада совиши кутилмоқда
Сўзласам тил, ёзсам қалам куяди...
Нафақат давлат тилида, ёзувида ҳам! (Ўзбекистон Республикасида давлат тили — ЎЗБEК тилидир! Давлат тили лотин ёзуви асосидаги ЎЗБEК алифбосида баён этилиши шарт!!!)
“Лотин ёзувига тўлиқ ўтиш чоралари кўрилади, мансабдорлар давлат тилини билиши шарт бўлади”, Шавкат Мирзиёев
«Давлат тили ўзбек тили» деб эълон қилинганига салкам 35 йил бўлган бўлсада ўз она тилимиз, лотин ёзуви асосидаги давлат тилимиз ҳали-ҳануз ачинарли ҳолда. Она тилимизга нисбатан бундай ачинарли ҳолатларнинг давомли бўлаётганлигини таърифлайдиган бўлсак: “тарихан ўз она тилингга эга бўлган бўлсангда қарамлик давридаги мустамлакачи давлат томонидан маданиятинг, маънавиятинг билан бир қаторда она тилингни ҳам йўқ қилиб, ўзиникини сингдиришда давом этишидир!».
Миллий мустақиллигимизни қайтадан қўлга киритганимизга 33 йил тўлаётган бўлсада давлат тили билан боғлиқ муаммоларнинг сақланиб қолинганлиги давлат учун ҳам ва бу давлатнинг ҳар бир фуқароси учун ҳам ачинарли ҳолат. Аслида эса “давлат ёки мансабдор шахслар айбдор” дейиш мутлақо нотўғри! Ислоҳотни ўзимиздан бошлайлик, кенг жамоатчилик назоратини ўрната олайлик!
Давлат тили ва унинг баён этиладиган ёзувини теле ва радиоканалларда, барча ижтимоий тармоқларда танқидий таклифлар асосидаги кўрсатув ва эшиттирувлар, мақолалар орқали тарғиб қилишимиз керак!
Қайсидир давлат ташкилотига бирор юмуш ёки тўлов қилиш учун борганимизда бошқа тилда ёки кирил ёзуви асосида расмий ҳужжат ёки тўлов қоғози берилганда рад этишимиз, лотин ёзуви асосидаги давлат тилида баён этилган намунасини талаб қилишимиз шарт! Акс ҳолда, мазкур биз учун оддийдек туюлаётган бу каби ҳолатлар асрий муаммоларга айланиб қолишда давом этаверади.
Расмий теле ва радиоканаллар, сайтларда журналистлар томонидан эфирга узатилаётган ҳар бир кўрсатувлар, янгиликлар давлат тили ва адабий тил қоидаларига амал қилинган ҳолда эфирга узатилмоқда (аслида, уларда ҳам истисно ҳолатлар мавжуд), бироқ хусусий телеканаллар ва айрим норасмий сайтлар давлат тили ва адабий тил қоидаларини бутунлай бузган ҳолда чет тили сўзларидан фойдаланиб шевада ҳар хил кўрсатув, эшиттириш, фильм ва сериаллар эфирга узатилмоқда. Кенг жамоатчилик эса ҳар доимгидек жимжит ҳолда томоша қилмоқда ва ундан ўрнак олмоқда.
2020 йил 20 октябрда (ПФ-6084-сон) “Мамлакатимизда ўзбек тилини янада ривожлантириш ва тил сиёсатини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Президентининг фармони қабул қилинган эди.
Ушбу фармон ижросини таъминлаш мақсадида 2021 йил 10 февралда Вазирлар Маҳкамасининг 61-сонли “Лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига босқичма-босқич тўлиқ ўтишни таъминлаш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.
Мазкур қарорнинг 1-илова қисмидаги айрим масалаларнинг “лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига тўлиқ ўтиш” механизмининг ижро муддати ўтган бўлсада, қонуннинг бузилиш ҳолатлари кузатилиб, бу масала амалда тўлиқ татбиқ этилмаяпти:
- Иш қоғозлари, турли бланкларни тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилишини таъминлаш (2022 йил декабрдан) – белгиланган охирги муддатдан 1 йилдан кўп ўтган бўлсада;
- Мамлакатимиздаги жой, кўча, атамалар, ташкилотларнинг номлари, пешлавҳалар, оммавий тарғибот воситалари, реклама ва эълонларни тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилишини таъминлаш (2022 йил декабрдан) – белгиланган охирги муддатдан 1 йилдан кўп ўтган бўлсада;
- Марказий, маҳаллий босма ва электрон оммавий ахборот воситалари, интернет сайтлари, нашриётлар, матбаа корхоналари фаолиятини тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосига ўтказиш (2022 йил декабрдан) – белгиланган охирги муддатдан 1 йилдан кўп ўтган бўлсада;
- Ўзбекистон Республикасида илмий-тадқиқот ишлари натижалари юзасидан тайёрланган диссертациялар ҳимояси билан боғлиқ жараёнларнинг лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлишини таъминлаш (2022 йил декабрдан) – белгиланган охирги муддатдан 1 йилдан кўп ўтган бўлсада;
- Ташкилий-ҳуқуқий шаклидан қатъи назар, барча ташкилотларда иш юритиш ҳужжатлари ва бошқа ҳужжатларни лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ишлаб чиқиш, қабул қилиш ва эълон қилиш амалиётини тўлиқ жорий қилиш (2023 йил 1 январдан бошлаб) – белгиланган охирги муддатдан 1 йилдан кўп ўтган бўлсада.
Бу каби мазкур масалага оид қонун бузилиши ҳолатларини санайдиган бўлсак адоғи йўқ. Биргина мисол, қайсидир тадбиркорлик объекти, дўкон номлари ва маҳсулот рекламаларида ҳам “давлат тили” ва “лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида ёзилиши” билан боғлиқ қонун бузилиш ҳолатлари ҳам йўқ эмас. 2022 йил 7 июнда қабул қилинган “Реклама тўғрисида”ги (ЎРҚ-776-сон) қонуннинг 6-моддаси “Рекламанинг тили” деб номланиб, унга биноан: “Ўзбекистон Республикаси ҳудудида реклама Ўзбекистон Республикасининг давлат тилида тарқатилади. Реклама мазмунининг таржимаси қуйидаги талабларга риоя этган ҳолда бошқа тилларда такрор берилиши мумкин:
- реклама мазмунининг бошқа тиллардаги таржимаси матни унинг Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги асосий маъносини бузиб кўрсатмаслиги керак;
- ташқи реклама орқали жойлаштириладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матнининг пастки қисмида горизонталь ҳолда жойлаштирилиши ва умумий реклама майдонининг қирқ фоизидан ошмаслиги керак;
- рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси матни ҳарфининг ўлчами Ўзбекистон Республикаси давлат тилидаги реклама матни ҳарфининг ўлчамидан кичик бўлиши керак;
- теле-радиоканалларда, шунингдек босма нашрларда тарқатиладиган рекламанинг бошқа тиллардаги таржимаси ҳар кунги умумий реклама ҳажмининг йигирма фоизидан ошмаслиги керак.
Биз давлат тилида иш юритиш, ёзма мурожаатлар, нашрлар ва расмий ҳужжатларда ўзбек тилида жорий этилишида кўплаб ютуқларга эришдик, буни тан оламиз. Лекин унутмайликки, Ўзбекистон Республикасида давлат тили ЛОТИН ёзуви асосидаги ЎЗБEК тилидир!
Шундай экан, ҳар қандай норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар, расмий веб-сайтлар, иш қоғозлари ва турли бланклар, жой ва кўча номлари, реклама ва эълонлар, марказий, ва маҳаллий босма, электрон ОАВ, интернет сайтлари, нашриётлар, матбаа корхоналари фаолияти тўлиқ лотин ёзувига асосланган ўзбек алифбосида бўлиши шарт.
Буни тарғиб ва талаб қилиш ҳар биримизнинг, кенг жамоатчиликнинг бурчи! Агар биз Ўзбекистон Республикасининг барча ҳудудларида давлат тили ҳисобланган ЎЗБEК тили ва унинг лотин ёзуви асосидаги ЎЗБEК алифбосида баён этилиши назоратини ўрната олсак нафақат Ўзбекистонда истиқомат қилаётган бошқа миллат вакилларининг, хорижий давлат расмий вакилларининг ҳам давлат тилимизга нисбатан ҳурматини ва уни ўрганишини тарғиб қилган бўламиз!
Завқи бек Маҳмудов Тарих институти кичик илмий ходими