Qidirish

07:44 / 2024-03-05 897 0 Жамият

Ўзбекистон Жаҳон банкининг «Аёллар, бизнес ва қонун 2024» индексида бешта энг илғор ўзгаришларни амалга оширган давлатлар қаторига кирди

Жаҳон банки ўзининг «Аёллар, бизнес ва қонун» йиллик ҳисоботини эълон қилди. Унда ҳуқуқий соҳада гендер тенгликка эришиш йўлидаги жаҳон тараққиёти баҳоланади. 

world-news

Ҳужжат 190 та давлатда, жумладан, Ўзбекистонда аёлларнинг аҳволини 10 та кўрсаткич: «хавфсизлик», «ҳаракатланиш эркинлиги», «бандлик», «меҳнатга ҳақ тўлаш», «никоҳ», «ота-оналик», «болаларни парваришлаш», «тадбиркорлик», «мулкни бошқариш» ва «пенсия таъминоти» бўйича баҳоловчи индексни ўз ичига олади. 

«Аёллар, бизнес ва қонун» ҳисоботининг охирги нашри 2022 йил 1-октабрдан 2023 йил 1-октабргача бўлган даврда мамлакатлар қонунчилигидаги тегишли ўзгаришларни баҳолайди. 

Бу даврда дунёдаги атиги 18 та давлат ёки индексда баҳоланган давлатларнинг 10 фоизидан камроғи юқоридаги кўрсаткичлар доирасида аёлларнинг мавқеини яхшилаган ҳуқуқий ислоҳотларни амалга оширди. 

Умуман олганда, ушбу 18 та мамлакат гендер тенглигига эришишга қаратилган 47 та ислоҳотларни амалга оширди. 
Хусусан, Европа ва Марказий Осиё минтақасидаги бешта мамлакат, жумладан Ўзбекистон, Арманистон, Озарбайжон, Кипр ва Молдовада тўққизта шундай ислоҳот амалга оширилди. 

Ўзбекистон Иордания, Малайзия, Серра-Леоне ва Того билан биргаликда энг катта муваффақиятга эришган беш давлат қаторидан жой олди. 

2022 йил октябрь ойидан буён мамлакатда хотин-қизларнинг мавқеини оширишга қаратилган тўртта муҳим ҳуқуқий ислоҳотлар амалга оширилди. 

Ушбу ислоҳотлар, хусусан иккита асосий кўрсаткич – «меҳнатга ҳақ тўлаш» ва «никоҳ» доирасида мамлакатнинг рейтингдаги ўрнини яхшилашга ижобий таъсир кўрсатди. 

Бу Ўзбекистон рейтингининг 11,9 пунктга кўтарилишига олиб келди ва мамлакат «Аёллар, бизнес ва қонун 2024» индексида максимал 100 баллдан 82,5 балл тўплаган. 

Ўзбекистон Сингапур, Туркия ва Бирлашган Араб Амирликлари билан бир хил балл тўплади, шунингдек Марказий Осиёда энг яхши натижаларни кўрсатди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш