Сўнгги янгиликлар
Тошкентдаги кўчалардан бири 1 ойга ёпилди
Истанбулдан Тошкентга учган самолётда чақалоқ дунёга келди
Наманганда халқаро террористик ташкилот тарафдорлари фош этилди
Канада ва Германиядан ҳам яхшироқ: Ўзбекистон хавфсизлик даражаси бўйича юқори натижани қайд этди
Пластик карта орқали пора олган божхона инспекторига жиноят иши қўзғатилди
«UzAuto Motors» АЖдан мижозлар учун янгилик
Туркия ва Ўзбекистон ўртасида туризм соҳасидаги ҳамкорлик янги босқичга чиқмоқда
Саида Мирзиёевада янги ваколатлар
«Тошкент ҳавосининг ифлосланишида мазутнинг айби йўқ» — Энергетика вазирлиги

Энергетика вазирлиги Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлигининг «Тошкент иссиқлик электр станциясида мазутдан фойдаланилаётгани аниқланди» сарлавҳали мақоласига муносабат берди.
Экология вазирлиги томонидан эълон қилинган мақолада Тошкент ИЭСнинг асосий ёқилғиси газ эканлиги, шунингдек, қўшимча ёқилғи сифатда мазутдан фойдаланилаётганлиги аниқлангани эълон қилинган.
Шу сабабли Тошкент шаҳри ҳавосини тутун қоплаган, дея алоҳида таъкидланган ва шу билан Тошкент шаҳрининг ҳавоси ёмонлашиб, PM-2,5 майда дисперсли заррачалар миқдорининг кескин ошиб кетиши айнан мазкур корхонада мазут ёқилиши туфайли рўй бераётгани келтирилган.
Энергетика вазирлигининг иддао қилишича, Тошкент ИЭСда чиндан ҳам куннинг тиғиз вақтларида, табиий газ таъминотида босим пасайган пайтда захира ёқилғиси сифатида мазутдан фойдаланилади.
«Мазут ёқилғисининг ишлатилиши жараёни эса қонунчиликда белгиланган тарзда барча масъул идоралар, хусусан, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан ҳам келишилган тартибда йўлга қўйилган.
Станцияда мазут ёқилиши натижасида атмосферага зарарли моддаларнинг чиқишини камайтириш мақсадида белгиланган техник параметрларга мос келувчи фильтрлар ўрнатилган.
Келгусида барча иссиқлик электр станцияларига ёқилғидан чиқаётган зарарли моддаларни 95 фоизгача камайтириб берадиган қўшимча фильтрларни ўрнатиш кўзда тутилган.
Шу билан бирга, Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги томонидан тасдиқланган меъёрий ҳужжатда станцияда мазут ёқилиши технологияси ҳамда ундан чиқадиган зарарли моддалар ҳисоб-китоблари келтирилган. Ушбу ҳужжат талабларига кўра, корхонада ҳавога ташланаётган моддалар белгиланган меъёр талабларидан ҳеч қачон ошмаган», - дейилади иддаода.
Вазирликнинг қўшимча қилишича, 2 февраль (мақола эълон қилинган кун) ИЭСда захира ёқилғисининг максимал сарфи суткасига 5 минг 17 тоннани ташкил этган бўлиб, ўша куни атмосфера ҳавосидаги РМ-2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 35,1мкг/м3ни ташкил қилган. Бу эса ЖССТ тавсияларидан 7 баробар юқори бўлган.
«Бугун соат 16:00 га қадар юқорида қайд этилган корхоналар томонидан 600 тонна мазут ёқилган. Аммо шунга қарамай бугун соат 14:10 ҳолатига кўра, пойтахт ҳавосидаги PM-2,5 майда дисперсли заррачалар миқдори 162 мкг/м3ни ташкил этган.
Бу «ўта зарарли» ҳисобланади ва ЖССТ тавсияларидан 32,4 марта кўпроқ. Ушбу миқдор Тошкент жаҳондаги ҳавоси энг ифлос шаҳарлар рўйхатида 3-ўринга чиқишини таъминлаб берди.
Бу эса пойтахт ҳавосининг ифлосланишида мазутнинг заррача ҳам ҳиссаси йўқлигини, иссиқлик электр станцияларида ушбу ёқилғи Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги билан келишилган меъёрий талаблар асосида ёқилаётганини яна бир карра исботлайди», - деб қўшимча қилинади муносабатда.



