Qidirish

17:14 / 2024-02-01 1529 0 Сиёсат

«Креслони ўзига «никоҳлаб» олган ноинсофлар, халққа хиёнат қилишга нима ҳаққинг бор?» — Мирзаев бир гуруҳ «главврач»ларни ишдан бўшатди

Зойир Мирзаев ўтказган йиғилишда 10 ТТБ бошлиқлари ишдан олинди, «Тошкент вилояти дори-дармон» АЖ раҳбарига ҳайфсан берилди ва касалларга қўшиб дори ёзиб бераётган шифокорлар танқид қилинди.

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев ТТБ раҳбарлари ва соҳа мутахассислари билан йиғилиш ўтказди. Йиғилишда беморларга таклиф қилинаётган дори-дармон воситаларининг сифати, берилаётган шифокор рецепти қай даражада асосли эканлиги хусусида сўз борди.

Вилоят ҳокими йиғилиш бошида маҳаллий ишлаб чиқарувчи тадбиркорлар билан шартнома имзоламагани учун Ангрен, Охангарон шаҳри, Бекобод, Бўстонлиқ, Қибрай, Қуйи Чирчиқ, Охангарон, Пскент, Чиноз ва Янгийўл туманлари ТТБ раҳбарларини лавозимидан озод қилиш бўйича топшириқ берди.

Ушбу топшириқ ижросини бажариш Отабек Султонбековга (Тошкент вилояти ҳокимининг ёшлар сиёсати, ижтимоий ривожлантириш ва маънавий-маърифий ишлар бўйича ўринбосари)  ва ССБ раҳбарига топширилди.

«Буларга фақат импорт дори керак. Нимага келдиларинг йиғилишга? Нимага давлат раҳбарини мурожаатини эшитиб туриб, нима ҳақларинг бор бажармасликка? Ким сизларга шундай ваколат берди?» - деб дакки берди Мирзаев.

Шунингдек, вилоят раҳбари молия бошқармасига ишчи гуруҳ тузиб, «оффшор», «обнал»чи  фирмалар билан  шартномалар тузган раҳбарларни аниқлашни топшириқ берди.

«Бир умрга касалхонани «кресло»сини никоҳлаб олган ноинсоф икки-учтанг ўтирволиб, дори-дармонларни ота-бобонгдан қолган фирмадан олишга ким рухсат берди? Халққа ҳиёнат қилишга нима ҳақларинг бор? Касалнинг ризқидан қирқиб, қанақа қилиб барака топмоқчисизлар?», - деди Мирзаев.

Ҳокимнинг маълум қилишича, Тошкент вилоятида 5700 нафардан ортиқ шифокорлар беморларга рецепт ёзиб беради. Хусусан Пскент туманида оддий беморларга 8-10 та дориларни қўшиб ёзиб бериш ҳолати аниқланган. Шу муносабат билан ҳоким ушбу туманга прокуратура органларини жалб қилиб, коррупциявий ҳолатларни аниқлаш бўйича топшириқ берди.

«Пскент шифокорлари рекорд ўрнатди, қаердан келяпти 8-10 та дори? Касалхона атрофида жойлашган касалхона кимга тегишли эканлигини оддий касал ҳам билади», - деди Мирзаев.

Йиғилиш давомида айтилган камчиликларни эътиборга олмасдан, уларга бефарқ қараган «Тошкент вилояти дори-дармон» АЖ раҳбарига «ҳайфсан» берилди. 

Шунингдек, Зойир Мирзаев туман тиббиёт бирлашмалари раҳбарлари фаолиятини танқид қилди:

«Ўзи ҳам емайди, бировга ҳам бермайди. Ҳеч нарсага эътибор бермайди, янтоқлар ўсиб ётган, дарахтлар қуриб кетган, брусчаткаларни дабдаласи чиққан, асфалтлар қўпорилиб кетган.

Лекин жаноб «главврач» бита йўл билан киради, қайтиб ўша йўл билан уйига чиқиб кетади. Бошқа йўлдан юрсалар оёқлари қайрилиб қолади, бундай одамлар узоқ яшайди. Ундан халққа нима наф? Манга деса 50 йил ишламайсанми? Беш йил ишлаб, лекин ҳайкал қўядиган даражагача бориш мумкин. Бундай режим билан узоққа бориб бўлмайди», - деди ҳоким.

Шунингдек, ҳоким Отабек Султонбековга ҳар ойда Фармацевтика кенгашини йиғилишини ташкиллаштириш вазифасини юклади. Ушбу йиғилишда касалларга қўшиб ёзиб бераётган шифокорлар жалб қилинишини ва уларни ҳисоботларини эшитилишини айтди.

«Пскент ва Чиноз туманида вазият ўзгармаса ҳоким ўринбосари ва қолганларни ишдан оламиз. Даволайдиган шифокор, креслога амалдор топилади, «мен кетсам касалхонага нима бўлади?» деб ўйламанглар», - деди ҳоким.

Йиғилиш якунида Зойир Мирзаев ҳоким ўринбосарлари фаолиятига тўхталиб, уларни муаммоларни бартараф қилиш бўйича таклиф бермаётганини сабабини айтди.

«Ҳоким ўринбосарлари нега таклиф билан чиқмайди? Чунки уларнинг «тили қисиқ» шерик», - деди ҳоким.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш