Сўнгги янгиликлар
Туркияда “Тунги музейлар” лойиҳаси июнь ойида янги мавсумини бошлайди
Ўзбекистонга C гепатитига қарши дорининг жорий йилдаги илк партияси олиб келинди
Қибрайликлар оёққа турди. Сабаби нима?
5 минг йиллик тарихга эга Бирги қишлоғи ҳақида нималар маълум?
Изник: насронийликнинг тирик музейи
Анталиянинг яширин хазиналари ҳақида эшитганмисиз?
Анқара замонавий меъморий мероси билан ЮНEСКО рўйхатига киритилди
Хитойда сунъий ёмғир ёғдириш бўйича тажриба ўтказилди
Экологик вазиятни яхшилашга қаратилган қонун лойиҳаси маъқулланди

Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги таклифлари асосида тайёрланган «Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиришлар киритиш тўғрисида»ги қонун Олий Мажлис Сенатининг 49-ялпи мажлисида кўриб чиқилди ва маъқулланди. Бу ҳақда Экология, атроф-муҳитни муҳофаза қилиш ва иқлим ўзгариши вазирлиги матбуот хизмати хабар берди.
Таъкидланишича, сўнгги йилларда Ўзбекистонда атроф-муҳитни муҳофаза қилиш, экологик хавфсизликни таъминлаш, табиий ресурслардан оқилона фойдаланиш, санитария ва экологик ҳолат сифатини ошириш бўйича тизимли ишлар олиб борилмоқда.
Бироқ қурилиш, ишлаб чиқариш ва урбанизация кўламининг кенгайиши табиатга чиқариладиган ташламаларнинг кескин ортишига сабаб бўлмоқда.
Бу эса табиий муҳитнинг меъёридан ортиқ даражада ифлосланиши олдини олиш мақсадида табиатга зарарли таъсир кўрсатаётган объектлар фаолиятини чеклаш ёки тўхтатиш мезонларини қайта кўриб чиқишни тақозо этмоқда.
Бугунги кунда ҳудудларда, айниқса, шаҳарларда айрим саноат корхоналари томонидан ташланмаларнинг атмосфера ҳамда сувга меъёрдан бир неча бор юқори миқдорда ташланиши фуқароларнинг турмуш тарзи, ҳаёти ва соғлиғига салбий таъсир кўрсатмоқда.
Мисол учун, саноатнинг асосий тармоқлари ҳисобланган энергетика, нефть ва газ, кимё, металлургия, қурилиш материаллари каби тармоқларда бу жараён доимий тарзда мониторинг қилинади.
Мониторинг кузатув натижаларига кўра охирги бир йил давомида 284 ташкилотнинг 552 та ифлослантириш манбасида ифлослантириш даражаси белгиланган меъёрдан ортгани аниқланган.
Жумладан, атмосфера ҳавосига ташлама ташлайдиган 77 ташкилотнинг 152 та манбасида, сув ҳавзаларига оқава сувларини ташлайдиган 169 ташкилотнинг 323 та манбасида, тупроқларни ифлослантирувчи 38 ташкилотнинг 77 та манбасида ифлослантириш даражаси белгиланган меъёрдан ортган.
Шунингдек, 98 ташкилотнинг 269 та манбасида ифлослантириш даражаси доимий тарзда меъёрдан ортганлиги аниқланган.
Юқоридаги сабаб ва омилларни инобатга олиб, «Табиатни муҳофаза қилиш тўғрисида»ги, «Атмосфера ҳавосини муҳофаза қилиш тўғрисида»ги ҳамда «Экологик назорат тўғрисида»ги қонунларга ўзгартиришлар киритилмоқда.
Бу ўзгартиришлар корхоналар, ташкилотлар, иншоотлар ва бошқа объектларнинг экологияни меъёридан ортиқ ифлослантирувчи манбаларини ўн иш кунидан ортиқ бўлмаган муддатга чеклаш, тўхтатиб туришни назарда тутади.
Мақсад экологиянинг меъёридан ортиқ ифлосланиши ҳамда аҳолининг ҳаёти ва соғлиғига хавф юзага келишининг олдини олишдир.
Қолаверса, мазкур қонун ваколатли давлат органларининг масъулиятини ошириш йўлида хизмат қилади.



