Qidirish

19:52 / 2022-12-15 240 0 Сиёсат

Бош вазирга 10 кун муддат берилди

Йиғилишда кун тартибидаги асосий масала – аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш бўйича устувор вазифалар муҳокама қилинди.

world-news

Бугун, 15 декабрь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида тадбиркорлик ва саноатни ривожлантириш, аҳоли бандлигини таъминлаш чора-тадбирлари юзасидан видеоселектор йиғилиши бўлиб ўтди. Йиғилишда кун тартибидаги асосий масала – аҳолини даромадли меҳнат билан банд қилиш бўйича устувор вазифалар муҳокама қилинди.

Йил бошидан тадбиркорлик, саноат, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш каби соҳаларда 2 миллион аҳолининг доимий бандлиги таъминланди. Бундан ташқари, 4 миллиондан зиёд аҳоли мавсумий меҳнат орқали даромадли бўлди.

Жумладан:

- оилаларга деҳқончилик учун тарқатилган 100 минг гектар ерларда, 1 миллион 200 минг аҳоли доимий ва мавсумий банд бўлди.

- ҳудудларда корхоналар 85 мингтага кўпайиб, уларнинг сони 550 мингтага етди. Бунинг ҳисобига 2022 йилда даромад солиғи тўлаётган расмий банд бўлганлар сони 400 мингтага ошди. Шунингдек, 3,5 мингта саноат лойиҳаси ишга туширилиб, 160 мингта доимий иш ўрни яратилди;

- Янги Ўзбекистон массивлари қурилаётгани, ипотека ва қурилиш бозори кенгайгани ҳисобига бу йилнинг ўзида 4,5 мингта янги қурилиш корхонаси ташкил этилди ва 135 минг доимий иш ўрни яратилди;

- туризм ва сервис соҳаларида йирик хизмат кўрсатиш марказлари ишга тушгани, сервис-савдо кўчалари, туризм қишлоқлари ташкил қилингани, ижтимоий солиқ 1 фоиз қилингани, иш вақтига чекловлар олиб ташлангани ҳисобига 1,5 миллион аҳоли қўшимча даромадли бўлди;

- йўловчи ташиш, риэлторлик, дурадгорлик, кулолчилик, уйда сут маҳсулотлари тайёрлаш каби 79 та фаолият тури бўйича ўзини ўзи банд қилиш имконияти яратилгани натижасида бу йили 914 минг нафар фуқаро рўйхатдан ўтиб, ўзини ўзи банд қилганлар сони 2 миллионга яқинлашди.

Яқинда Сирдарё, Навоий ва Фарғона вилоятлари ҳокимлари ҳисоб-китоблар билан кейинги йилда “ишсизликдан ҳоли ҳудуд”га айлантириш бўйича ўзига мажбурият олди.

Бошқа вилоят, туман ва шаҳар ҳокимлари ҳам 20 декабргача келгуси йил аҳолини банд қилиш дастурини қабул қилиши шартлиги таъкидланди.

Яратилган имкониятларга қарамасдан, айрим ҳудудларда аҳоли бандлигини таъминлаш кўрсаткичлари яхши эмаслиги кўрсатиб ўтилди.

2022 йил давомида доимий бандлар сони Китоб, Косон, Мирзаобод, Нарпай, Нишон, Фурқат туманларида камайган. Тегишли вилоят ҳокимларига уч кун муддатда ушбу туман ҳокимларга нисбатан чора бўйича таклиф бериш топширилди.

Хусусий секторда фаолият кўрсатаётган 232 мингта корхонада ишчилар сони бор-йўғи 1 нафарни ташкил қилади. Бу дегани, улар ҳалиям “яширин иқтисодиёт” шароитида ишлаб, “конверт”да ойлик тўлаб келмоқда.

Бундай ҳолат 47 та туманда энг юқори. Мисол учун, Нукус, Зарбдор, Миришкор, Музработ, Каттақўрғон туманларида – 80 фоиз, Жондор, Косон, Ургут, Пастдарғом, Учқўрғонда – 75 фоиз, Гулистон, Наманган, Қўшкўпир туманларида – 70 фоиз корхоналарда 1 та иш ўрни кўрсатилган.

Чакана савдо, йўловчи ва юк ташиш, қишлоқ хўжалиги хизматлари, меҳмонхона, ошхона, Ай-Ти, автомобиль таъмирлаш каби фаолиятлар бўйича ижтимоий солиқ ставкаси 12 фоиздан 1 фоизга туширилган.

Ушбу 47 та тумандаги корхоналарнинг ярмидан кўпи айнан шу фаолиятлар билан шуғулланади. Лекин, бу туманлардаги корхоналар адолатли солиқ тўлаш ва давлат билан ҳамкорликка ўта олмаяпти.

Шунингдек, 25 ёшгача бўлганларни ишга қабул қилганда, тадбиркорлар 6 ой давомида ижтимоий солиқдан озод қилинди.

«Бу имтиёзлар айнан туманларда тадбиркорликни ривожлантиришга туртки беришга қаратилган-ку! Лекин, ушбу туманларнинг ҳокими, биринчи ўринбосари ва солиқ раҳбари нима билан банд? Нима учун, 70-80 фоиз корхоналарида 1 нафардан ходим ишлаётгани билан бирор марта қизиқиб кўрмаган?», - сўради давлат раҳбари.

Вилоят ҳокимларига масъул идоралар билан биргаликда бир ой муддатда бу 47 та туманда сўров ўтказиб, ҳар бирига алоҳида ёндашувларни ишлаб чиқиш топширилди.

Йиғилишда аҳолига тарқатиш учун белгиланган 100 минг гектар ернинг 4 минг гектарида экин экилмагани кўрсатиб ўтилди. Хусусан, Косонда – 1,2 минг гектар, Бекободда – 141 гектар, Нишонда – 123 гектар, Ғузорда – 116 гектар, Сариосиё, Элликқалъа ва Шуманайда – 90 гектардан ерларда экин экилмаган.

“Одамларимизни даромадли қилиш мақсадида бу ерларни озиқ-овқат экиш учун бўлиб бердик. Қачон бундай бўлган? Лекин, тайёр экин ерига эга топа олмаган туман ҳокими ўзи нима иш қилади?”, - деди Президент.

Тегишли ҳудудлар раҳбарларига ушбу 7 та туман ҳокимлари бўйича таклиф бериш топширилди. Ўтган даврда саноат ишлаб чиқариш ҳажми 15 та туманда пасайган. Хизматлар соҳасида ҳам 15 та туманда ўсиш суръатлари паст.

“Майли, булар саноатни қила олмасин, четдан инвестиция олиб келишни билмасин, лекин хизматларни ривожлантириб, одамларни рози қилишга интилмаган туман ҳокимларининг ишлашга ҳаққи йўқ”, - деди давлат раҳбари.

Бу туманлар ҳокимларининг 1-ўринбосарлари, иқтисодий идоралар раҳбарлари фаолиятига баҳо бериш топширилди. Келгуси йилда 2 миллион аҳолига даромад манбаини яратиб бериш, бунда меҳнат бозорига кириб келадиган 700 минг нафар ёшларни банд қилишга алоҳида ёндашувлар жорий қилиш, бугунги кунда мавсумий ва вақтинчалик ишлар билан банд бўлган 1,7 миллиондан ортиқ аҳолини йил давомида ишлашига шароит қилиб бериш, норасмий банд бўлган 3,8 миллион аҳолининг камида 50 фоизига қонуний фаолият юритиши учун имкониятлар яратиш каби вазифалар белгилаб берилди.

Ўн кун муддатда аниқ ҳисоб-китоблар билан 2023 йил учун аҳоли бандлиги бўйича қарор лойиҳасини киритиш топширилди.

Аҳоли бандлигини таъминлаш доирасида қуйидаги жиҳатларга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги қайд этилди.

Биринчи йўналиш – келаси йили пахта ва ғалладан бўшаган 100 минг гектарни аҳолига бўлиб бериш энг катта захира бўлади.

Энди ерни қўлидан иш келадиган, деҳқончиликни биладиган одамларга бериш, камида 600 минг аҳолини доимий ва 900 минг аҳолини мавсумий даромад олишини таъминлаш зарур.

8 триллион сўмлик 600 дан зиёд сақлаш, саралаш ва қайта ишлаш лойиҳаларини амалга ошириш орқали қишлоқ аҳолиси учун саноатда иш ўринлари яратиши керак. Шу билан бирга, келаси йили қишлоқ хўжалигига халқаро молия ташкилотларидан жалб қилинадиган 400 миллион долларни кўпроқ доимий иш ўринлари яратадиган лойиҳаларга йўналтириш зарур.

Келгуси йилда пилла етиштирувчиларнинг манфаатдорлигини ошириш мақсадида ушбу соҳага ҳам эркинлик берилиши таъкидланди. Эндиликда етиштирилган пилла аҳолидан жаҳон биржаларидан кам бўлмаган нархда харид қилинади. Бу камида 500 минг аҳолини банд қилиб, уларнинг даромадини 2-3 баравар ошириш имконини беради.

Иккинчи йўналиш доирасида ишсизлик оғир бўлган 1 мингта маҳалла учун 300 та микро-марказ ташкил этиб, уларга тадбиркорлик учун имконият яратилиши зарур.

Туман ва шаҳарларнинг 255 та марказий кўчаси ҳамда 274 та маҳалладаги савдо-хизмат кўчалари тўлиқ ишга тушиши шартлиги кўрсатиб ўтилди. Мутасаддиларга 17 та туман ва шаҳарнинг мастер-режаларини 1 апрелгача якунига етказиб, савдо ва сервис объектлари учун янги ерларни аукционга чиқариш топширилди. Тушган маблағлар яна 20 та туман ва шаҳарнинг мастер-режаларини ишлаб чиқишга йўналтирилади.

Келгуси йилда автомобиль йўллари бўйида 3 мингдан ортиқ ер майдонларини аукционга чиқариш ҳам сервис соҳасида янги иш ўринлари учун катта имконият бўлади.

1 апрелга қадар 60 мингта кўчма савдо шохобчалари учун ерларни аукционга чиқариш топширилди. Бу орқали келаси йили камида 200 минг аҳоли учун даромадли иш ўрни яратиш шарт.

Учинчи йўналиш – 8 миллиард долларлик 300 та йирик лойиҳани ишга тушириш ҳисобига, юқори даромадли иш ўринлари яратиш, саноат зоналарида 16 триллион сўмлик 1 минг 300 та лойиҳани ишга тушириш шарт.

Мутасаддиларга келгуси йилда тадбиркорларга 536 та норуда конлар ва майдонларни аукцион орқали сотиш, бунга инвесторларни жалб қилиб, қурилиш материаллари соҳасида янги доимий иш ўринлари яратишга топшириқ берилди.

Умуман, Инвестиция ва ташқи савдо вазирлиги инвестиция лойиҳалари ва маҳаллий саноатда жами 320 мингта доимий иш ўрни яратишга масъул бўлиши таъкидланди.

Тўртинчи йўналиш – Янги Ўзбекистон массивлари, ипотека дастури доирасида ва хусусий сектор билан келаси йили 90 мингта хонадонли уй-жойлар қуриш шартлигини қайд этди.

Бугунги кунга қадар ипотека дастурлари доирасида қурилиши керак бўлган хонадонларнинг атиги 20 мингтаси ёки 40 фоизи якунига етган. Бундан ташқари, Қашқадарё, Наманган ва Тошкент вилоятларида жами 1 минг хонадонли уй-жойларни қуриш ишлари бошланмаган. Бош вазирга ўн кун муддатда режани бажармаган ҳудудлар бўйича хулоса қилиб, таклиф киритиш топширилди.

Келаси йили ҳар бир вилоят ҳокими 5-10 минг хонадонли уй-жой қуриш режасини қилиб, бунинг учун бир ой муддатда ер участкаларини аукционга чиқариши шартлиги кўрсатиб ўтилди.

Мутасаддиларга бир ой муддатда қурилиш соҳасида 6 ойгача ишга қабул қилиш бўйича соддалашган меҳнат шартномаларини ишлаб чиқиб, келгуси йилда норасмий сектордаги 100 минг аҳолини қонуний фаолиятга ўтказиш вазифаси қўйилди.

Ҳоким ёрдамчилари билан биргаликда ҳар бир маҳаллада қурилиш бригадалари тузиб, 50 минг аҳолини даромадли меҳнат билан таъминлашга топшириқ берилди. Бунда, уларга меҳнат қуролларини харид қилиш учун субсидия ажратилиши таъкидланди. Йиғилиш якунида ҳудуд ва тармоқлар раҳбарлари йўл қўйилган камчиликларни бартараф этиш ва янги вазифалар ижросини ташкил этиш юзасидан Президентга ҳисобот берилди.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш