Qidirish

18:55 / 2024-01-06 1136 1 Мақолалар

Қатағон қилинган адолат посбонлари – Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошевдан катта мақола…

Ўзбекистон Республикаси Президенти муҳтарам Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида мустабид тузум даврида ноҳақ қатағон қилинган юртдошларимизнинг ҳаёти ва фаолиятини ўрганиш, уларнинг пок номларини тиклаш, хотирасини абадийлаштириш борасида катта ишлар амалга оширилмоқда. Кейинги йилларда юзлаб ана шундай фуқаролар, жумладан, қанчадан-қанча жадид боболаримиз Олий суд томонидан оқлангани бу йўлдаги муҳим амалий қадам бўлди.

world-news

Бугун инсон қадрини улуғлаш ғояси давлат ва жамиятимизнинг энг эзгу ва олий мақсадига айланган. Бу мақсадга эришишнинг ҳал қилувчи омилларидан бири эса, халқимизнинг тарихий хотирасини тиклаш, миллатимиз ва мамлакатимиз саодати йўлида шаҳид кетган аждодларимизнинг покиза номларини абадийлаштириш, уларнинг хотирасига ҳурмат бажо келтиришдир.

Давлат раҳбари Шавкат Мирзиёев доимо марҳумлар, айниқса, эл-юрт манфаатлари йўлида жонини тикканлар руҳига эҳтиром кўрсатиш зарурлиги ҳақида гапирадилар, бу борада муҳим вазифаларни белгилаб берадилар.

2023 йилнинг 31 август куни Тошкентдаги “Шаҳидлар хотираси” хиёбонида масъуллар ва жамоатчилик вакиллари билан бўлган учрашувда ҳам Президентимиз қатағон қурбонлари хотирасини абадийлаштириш бўйича муҳим ташаббусларни илгари сурдилар, барчамизга кўрсатмалар бердилар. Бизнингча, аввало, бундай ташаббусларнинг аҳамиятини чуқур тушунишимиз, қалбдан ҳис қилишимиз зарур.

Шўролар қатағони даврида минглаб бегуноҳлар қаторида прокуратура тизими вакиллари ҳам кўплаб мусибатларга дучор этилди. Ор-номусини ҳар нарсадан устун қўйиб, ноҳақликларга қарши борган, қатъият кўрсатган, чин маънода довюрак ва ватанпарвар маҳаллий ходимларнинг 150 нафари устидан жиноят иши қўзғатилиб, улардан 30 нафари отиб ташланган.

Қатағонга учраганларнинг аксарияти нафақат суд-ҳуқуқ тизимининг фидойи вакиллари, балки эл-юрт тақдири учун куюнган, унинг саодати йўлида борини беришга тайёр бўлган миллатимизнинг садоқатли, салоҳиятли, ноёб истеъдодли фарзандлари эди.

Жумладан, 1920-1924 йилларда Бухоро Халқ Совет Республикаси адлия халқ нозири ва Республика прокурори бўлиб ишлаган Абдураҳим Юсуфзода тараққийпарвар “Ёш бухороликлар”нинг етакчиларидан бири бўлган. Унинг ташаббуси билан Бухоро шаҳрида учта суд биноси барпо этилган, судлов органларида биринчи бор апелляция органи – “Таниз маҳкамаси” (“Арз маҳкамаси”) ташкил этилган, судьяларни олим, фозил, наслнасабли номзодлардан саралаб тайинлаш йўлга қўйилган, тарихий-меъморий обидалардан ҳибсхона сифатида фойда ланиш амалиётига барҳам берилиб, улар қайта тикланиб, Бухоро маданият музейига айлантирилган.

Айнан Абдураҳим Юсуфзоданинг саъй-ҳаракатлари билан 1924 йилда Москвада рус ва ўзбек тилида “Бухарская жизнь” номли журнал ҳамда Ўзбекистондаги илк киностудия – “Бухоро-Рус киножамияти” ташкил этилган. Абдураҳим Юсуфзода 1924 йилда Россия ҳаво флоти – “Добролёт” билан шартнома имзолаб, Бухоро – Хива – Тошкент – Олмаота йўналишларида ҳаво қатнови ва почтани йўлга қўйган, “Юнкерс” фирмасидан 6 та самолёт харид қилинишига эришган. Афсуски, у 1936 йилда НКВД ходимлари томонидан ҳибсга олиниб, 1937 йилда отувга ҳукм қилинган.

– Қатағон йилларида ноҳақ айбланган яна бир прокурор Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзода араб, форс, рус ва турк тилларини мукаммал билган. У 1916 йилда Жиззах қўзғолони қатнашчилари устидан суд жараёнида ўттиздан зиёд жиззахликларни ўлимдан сақлаб қолган. Ўзбекистон Адлия халқ комиссарлиги ҳузуридаги прокуратура терговчиси, Зарафшон округ катта терговчиси, Бухоро прокуратураси терговчиси лавозимларида ишлаган Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзоданинг уйида жадидчилар Вадуд Маҳмуд, Чўлпон, Мунавварқори Абдурашидхонов каби маърифатпарварлар тез-тез учрашиб туришгани, уларни эл-юрт қайғуси бирлаштиргани ҳақида маълумотлар бор.

Дарвоқе, Мирзо Қўқонбой Абдухолиқзода етук олим, зиёли ҳам. У “Жиззах қўзғолони”, “Намоз шайкаси”, “Тоғ қизи”, “Истаджон”, “Қамчиндан қон томади” каби тарихий воқеаларга бой роман, қисса, ҳикоя ва очерклар ёзган. Рус тилидан биология, антропология, зоология, ботаника дарсликларини ўзбек ва тожик тилларига таржима қилган. Умуман, қатағонга учраган ўнлаб ходимлар давлат ва сиёсат арбоби даражасига етган эди. Бугунги кунда улар ҳақида тақвим яратилди, ҳар бири ҳақида алоҳида монография ва ҳужжатли фильмлар тайёрланмоқда.

Шунингдек, қатағонга учраган ходимларнинг оиласи ва бошқа яқин кишилари рўйхати тузилди, 10 нафарининг яшаган манзиллари аниқланди. Ҳозирда кўча, маҳалла ва мактабларга қатағон қилинганларнинг номларини бериш ҳамда ёдгорлик лавҳалари ўрнатиш ишлари олиб борилмоқда.

Бош прокуратуранинг “Ўзбекистон прокуратураси тарихи музейи”да алоҳида бурчак ташкил этилиб, қатағон қилинган прокуратура ходимлари ҳақидаги маълумотлар ва тегишли тарихий ҳужжатлар жойлаштирилди. Давлат раҳбарининг 2023 йил 31 августдаги топшириқлари ижросини таъминлаш мақсадида махсус Фармойиш қабул қилдик. Фармойиш асосида қатағон қурбони бўлган прокуратура ходимларининг номларини тиклаш ва хотирасини абадийлаштириш бўйича “йўл харитаси”да белгиланган вазифаларни амалга ошириш бўйича Бош прокурор ўринбосари раҳбарлигида ишчи гуруҳ таркиби тасдиқланди.

Бош прокуратура томонидан тайёрланган ва қатағонга учраган ходимларга бағишланган “Тарихий хотира беқиёс” номли китобнинг биринчи жилди нашр этилгани Қатағон қурбонлари хотираси давлат музейи ходимлари билан ҳамкорликдаги ишларнинг илк натижаласидир. Китобга 1917 – 1940 йилларда фаолият юритган ва қатағонга учраган 40 нафар ходим ҳақида маълумотлар киритилди.

Унда қатағон даврининг қурбони бўлган прокуратура ходимларининг ҳаёти ва фаолияти тарихий ҳужжатлар ва бошқа далиллар воситасида очиб берилган. Нафақат соҳа вакиллари, балки кенг китобхонлар оммасига мўлжалланган мазкур китоб эл-юрт манфаатлари учун жонини тиккан аждодларимиз руҳига бугунги авлоднинг ҳурмат ва эҳтироми ифодасидир.

Қолаверса, ёшларимиз онгига Ватанга муҳаббат, халққа садоқат, ҳалоллик, одиллик каби туйғуларни янада чуқур сингдиришда ҳам муҳим аҳамият касб этади, деган умиддамиз.

Хулоса сифатида Президентимизнинг қуйидаги сўзларини келтириш ўринлидир: “Халқимиз асрлар давомида оғир синовларда, босқинчи ва ёвуз кучларга қарши машаққатли курашларда букилмас ирода ва жасорат намунасини амалда намоён этиб келган. Ўз озодлиги, эркинлиги йўлида курашиб, беҳисоб қурбонлар берган ота-боболаримиз жасорати хотирамиздан ҳеч қачон ўчмайди”.

Ниғматилла Йўлдошев,

Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори

Изоҳлар 1

Zuhra G'oziyeva
2024-Jan-06 23:32
Bu maqola bosh prokuror Nigʻmatilla Yoʻldoshevning adolat posbonlariga qatagʻon qilish haqida bir necha fikr va maslahatlarni oʻz ichiga olgan maqola.
Фикр билдириш