Qidirish

02:25 / 2023-12-20 1733 0 Мақолалар

Шахсий адоватми ёки ватанпарварлик? Хоразмда шоликорларнинг ерлари тортиб олиняпти. Фермерлар адолат истаб, Президентдан ёрдам сўрашган

Хоразм вилояти ҳокимининг қишлоқ ва сув хўжалиги масалалари бўйича ўринбосари Ўктам Машариповга тегишли аудио ижтимоий тармоқларда кескин эътирозларга сабаб бўлган эди. Машарипов 18 февралдаги йиғилишда қизишганидан ёки жиддий оҳангда «ишлаб турсам, давримда бирорта шоли фермер қолмайди» деган эди.

Ўктам Машарипов Гурлан туманида узоқ йиллар ишлаган, туманнинг имкониятларини қаерида яхши ёки қаерида ёмон ер борлигини обдон билади.

2019 йил туман ҳокими Алишер Салаев лавозимдалигида 40 дан ортиқ фермер хўжаликларининг ер майдонлари оптимизациядан ўтказилиб, 1000 гектардан ортиқ ер майдонлари шоличилик йўналишида фермерларга танлов асосида узоқ йиллик ижара хуқуқи билан ажратиб берилган.

Ҳозирги кунга келиб эса, эътибор беринг орадан беш йил ўтиб, туман прокурори Қудрат Раҳмоновнинг даъво аризасига кўра ер майдонлари фермерлардан суд орқали бирин-кетин захирага қайтарилмоқда.

Бунинг сабаби эса катта эҳтимол билан Ўктам Машариповнинг 2023 йил 18 февралда айтганларидир. Машарипов таъсири ҳатто прокурор хонасига кириб борибдими, демак у ерда нимадир бузилган.

Прокурор ўз ишини бундан анча йиллар аввал қилиши мумкин эди, у туманга энди келиб қолгани йўқ. Камида 3 йиллик фаолияти давомида Раҳмонов бирор марта бундай қарорга келишни ўйламаган ҳам ҳатто. Ачинарлиси, прокуратура даъво аризасида нотўғри, бир томонлама маълумотлар етарли.

Хусусан, судга фермерлар гўёки ерни тўғридан-тўғри олганлари тўғрисида ёзиб берган, прокурор танлов ўтказилиши ҳақида 2019 йил 25 январьда Гурлан ҳаёти газетасида чоп этилган эълонни кўрмагандек, кўрган бўлса ҳам унга эътибор бермагандек иш тутган.

Мустақил судларимиз эса ҳозиргача бир нечта фермер хўжаликлари манфаатига зид қарорлар қабул қилиб, прокуратура билан ҳамкорликни янада яқин ўрнатишга киришган. Тасаввур қилинг, 40 дан ортиқ фермер хўжаликларининг иши судга оширилади, улардан ерлар олинади, кейинчи, кейин нима бўлади?

Хоразм вилоятида шоли экиш масаласи умуман Ўзбекистонда шоли етиштириш ишлари бундан кейин ҳам давом эттириладими? Машариповнинг бу саволга жавоби қандай бўлар экан?

Хабарингиз бор Effect.uz бундан бир неча ой аввал Қорақалпоғистон Республикасининг кўплаб ҳудудларида хусусан, Амударё, Кегейли, туманларидаги шоликушликлар тўғрисида видеорепортажлар тайёрлаган эди. Ушбу чиқишлардан сўнг Қорақалпоғистонда шоликушлик тўхтатилиб, тегишли идоралар олдида жавоб беришларига тўғри келди. Кескин эътирозлар, тайёр хосилни бадном қилиш унутилиб, вазиятни тинч йўл билан ҳал этишга киришилди. Бу каби ишлар айнан Гурлан туманида ҳам келажакда содир бўлишига ҳеч ким кафолат бера олмайди.

Ажабланарлиси, прокуратуранинг бундан беш йил аввалги ҳоким қарорига эътироз билдириши, судларнинг эса бир томонлама иш кўришидан, жавобгар бўлаётган ҳокимиятнинг ҳаракатсизлигидан фақат ва фақат фермер ёки қишлоқ хўжалиги сохаси зарар кўради. Ахир ҳамма биладику, Хоразм ва Қорақалпоғистоннинг шўр босган ерларида фақатгина шоли етиштириш мумкинлигини. Наҳот оддий ҳақиқатга кўз юмилса, бунгача Ўзбекистон бозорларини доимий равишда Хоразм ва Қорақалпоғистоннинг гурунчлари тўлдириши ҳам оддий ҳақиқатлардан бири эди-ку.

Гурланлик фермерлар ўзларига нисбатан қилинаётган ноҳақликлар ҳақида Президент Шавкат Мирзиёевдан амалий ёрдам кутишмоқда. Чунки, уларнинг аллақачон хафсаласи пир бўлган. Сабаби шу пайтгача бир қатор давлат идораларига қилинган мурожаатларнинг беўхшов натижаси. Ҳеч бир ваколатли шахс борки Гурланга келиб, нима учун бу ишлар содир бўлаётгани билан қизиқмаяпти.

«Президент биз сиз олиб бораётган сиёсатингизга доим ишониб келганмиз дейди», фермер хўжалиги раҳбарлари.

Таҳририятдан: Ҳурматли, ҳоким ўринбосари Ўктам Машарипов, ҳурматли туман прокурори Қудрат Раҳмонов сиз ўтирган курсиларда бунгача бошқалар ўтирган, табиийки сиздан кейин ҳам бошқалар ўтиради. Мансаб абадий эмас, имкон борида ўзингиздан яхши ном қолдиришга ҳаракат қилинг. Effect.uz воқеалар ривожини ёритиб боради.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш