Qidirish

12:52 / 2023-12-15 426 0 Сиёсат

«Сизиб чиққан сув — сизот сувлар» — «Ўзбеккосмос» Қўштепа каналида авария юз берганини рад этди

world-news

Ижтимоий тармоқларда “Чегара билмас дарёлар” халқаро экологик коалициясининг экспетларига ҳавола қилган ҳолда Афғонистонда қурилаётган Қўш-Тепа суғориш каналида биринчи жиддий авария юз берганлиги тўғрисида маълумот тарқалди.

Тармоқда тарқалаётган хабарларга аниқлик киритиш мақсадида “Ўзбеккосмос” агентлиги томонидан Қўш-Тепа каналидан сув сизиб чиқишга оид хабарлар турли фазовий ўлчам аниқликдаги мультиспектрал космик суратларнинг ретроспектив таҳлили асосида ўрганиб чиқилган.

(Қўш-Тепа каналининг ўнг қирғоғида сув сизиб чиқиш жойининг космик ва фото суратлари)

Маълум қилинишича, “Ўзбеккосмос” агентлиги Қўш-Тепа канали қурилиши динамикасини космик мониторинг орқали мунтазам равишда кузатиш натижасида қазиш ишлари олиб борилаётган ҳудудларда 2022 йил май ойидан бошлаб ер ости сизот сувларининг кўтарилишини аниқлаган.

Қурилиш давомида каналнинг тўртта қисмида сунъий тўсиқлар қолдирилган бўлиб, улар биринчи босқич ишлари якунида 2023 йил 10-октабрда тўлиқ олиб ташланган ва сув оқими ҳосил бўлган.

Космик мониторинг натижасида 2023 йил 4 ноябрь куни Қўш-Тепа каналининг 75,6-км да ўнг қирғоқнинг 30 м га яқин қисмидан сув сизиб чиқиши аниқланган.

5 ноябрь куни сув тарқалган ҳудуднинг майдони 19,5 км2, 25 ноябрда – 23,8 км2, 13 декабрь ҳолатига эса 30,3 км2 ни ташкил этиб, сувни тўхтатиш чоралари кўрилмаган.

Қўш-Тепа каналидан сизиб чиққан сувнинг тарқалиш ҳудуди ва майдонининг космик суратлари

“Чегара билмас дарёлар” халқаро экологик коалицияси экспертлари фикрига кўра, ушбу ҳолат канал деворлари Амударёдан келаётган сув оқимининг босимига бардош бера олмаганлиги натижасида юзага келган.

Ўз навбатида, канал қурилишига масъул афғон муҳандислари ер ости сизот сувларининг меъёрини назорат қилиш мақсадида каналнинг 75,6-км да сув мақсадли равишда очиқ ҳудудга йўналтирилганлигини таъкидламоқда.

Қўш-Тепа канали қурилиши динамикасининг космик мониторинги иншоотнинг Амударёдан сув олиш қисмида қазиш ишлари якунланмаганлиги, дарёга уланиш жойида ҳозирда 20 м га яқин қазилмаган ҳудуднинг мавжудлигини кўрсатмоқда.

Қўш-Тепа каналининг Амударёдан сув олиш қисмида қазилмаган ҳудуд ва дарёдан сув олиш жойининг космик суратлари

Шу билан бирга, ўта юқори аниқликдаги космик суратларнинг таҳлили натижасида сизот сувларини ташқарига йўналтириш учун канал қирғоғида мақсадли равишда қазиш ишлари олиб борилганлигининг (махсус техниканинг ишлатилиши, қазиб олинган тупроқ ҳажмининг пайдо бўлиши ва ҳоказолар) визуал белгилари аниқланмади.

Бундан ташқари, мавжуд материаллар сув сизиб чиқиш жойи атрофида ҳозирда сизот сувлари камайиб, канал туби аста-секин қуриб бораётганлигини кўрсатмоқда.

Шундай қилиб, ўтказилган таҳлиллар интернет тармоғида тарқатилаётган «Чегара билмас дарёлар» халқаро экологик коалицияси экспертларининг Қўш-Тепа канали қирғоғи Амударёдан олинаётган сув оқими натижасида ювиб кетилганлиги тўғрисидаги маълумотлари ҳақиқатга мос келмаслигини, сизиб чиққан сув – сизот сувлари эканлигини тасдиқлайди”, — дейилади хабарда.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш