Qidirish

20:32 / 2023-07-15 1962 0 Сиёсат

Ниғматулла Йўлдошев долзарб масалалар бўйича йиғилиш ўтказди

Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев раҳбарлигида прокуратура органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилиш академияси, Бош прокуратура ҳузуридаги иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ва мажбурий ижро бюроси ходимлари иштирокида Бош прокуратура ҳайъатининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

world-news

Видеоселектор тарзида ўтказилган ҳайъат мажлисида Ўзбекистон Республикасининг янги таҳрирдаги Конституцияси қоида ва нормаларини сўзсиз ижро этилишини таъминлашнинг долзарб масалалари бирма – бир кўриб чиқилган.

Ҳайъат мажлисида Бош прокурор Ниғматилла Йўлдошев маъруза қилиб, янги таҳрирдаги Конституциянинг қабул қилинганлиги мамлакатда олиб борилаётган халқчил ислоҳотларнинг узвий давоми эканлиги, Конституция талабларининг тўлиқ ва қатъий бажарилишини таъминлаш прокуратура органларининг биринчи навбатдаги устувор вазифаси   эканлигини алоҳида таъкидлади.

Қайд этилишича, инсоннинг ҳуқуқ ва эркинликлари қонунлар ва давлат органлари фаолиятининг моҳияти ва мазмунини белгилаши ҳақидаги конституциявий қоида прокуратура органлари фаолиятини ташкил этишнинг энг  асосий тамойилига айланади.

Барча соҳаларда назорат фаолиятини амалга оширишда, энг аввало, Конституциянинг давлат органлари ва ташкилотлари, шу жумладан, суд ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар фаолиятида тўғридан - тўғри ва сўзсиз қўлланилишини таъминлашга алоҳида эътибор қаратиш зарурлиги барча ходимларга уқтирилди.

Шу билан бирга, Конституция нормаларини терговга қадар текширув, суриштирув ва дастлабки тергов фаолиятида қўллашнинг долзарб масалалари ҳам   муҳокама қилинди.

Хусусан, бу фаолиятни амалга оширишда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари, шахсий ва оилавий сири, уй - жой ва мол - мулки дахлсизлигини қатъий таъминлаш, улардан маҳрум қилиш ёки чеклашга фақатгина қонуний асосларга кўра ва суднинг қарорига асосан йўл қўйилиши ҳар бир ходим эътиборига етказилди.

Шахсни асоссиз ушлаш, қамоққа олиш, жавобгарликка ноқонуний тортиш, қийноқ ва бошқача тарздаги тазйиқ ҳолатларига йўл қўймасликнинг зарур чораларини кўриш, бундай қонунбузилишларга нисбатан кескин муносабат билдириб бориш барча даражадаги прокурорларнинг доимий эътиборида бўлиши   қайд этилди.

Умуман, фуқаролар ва давлатнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, инсон ҳуқуқларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, Конституция ва қонунларни муҳофаза қилиш борасида прокуратура органлари фаолиятида бундан кейин кескин ўзгаришлар бўлиши зарурлиги белгиланди.

Бундан ташқари, ҳайъат йиғилишида прокуратура органларининг 2023 йил 1 - ярим йиллик фаолият якунлари ҳақида алоҳида сўз юритилди.

Таъкидланишича, прокуратура органлари томонидан ўтган ярим йилда аниқланган қонун бузилиш ҳолатлари 91 мингдан ортиқ назорат ҳужжатларини қўллаш орқали бартараф этилган, 225 минг нафар фуқаронинг бузилган   ҳуқуқлари тикланган.

Прокурор текширишлари ва дастлабки тергов давомида айбдор шахслардан фуқароларга ва давлат манфаатларига етказилган 1,3 трлн. сўмлик зарарнинг ундирилиши таъминланган.

Назорат фаолияти билан биргаликда бевосита прокурорлар саъй – ҳаракати билан қисқа муддатда 120 мингдан ортиқ эҳтиёжманд оилага ҳар томонлама кўмак берилган, қарийб 157 минг нафар ишсиз фуқаронинг бандлиги таъминланган.

Тадбиркорлик субъектларини ҳар томонлама қўллаб - қувватлашга оид чоралар доирасида 19 316 нафар тадбиркорнинг бузилган ҳуқуқлари тикланган, қарийб 18 минг нафарининг муаммоларини бартараф этишда кўмаклашилган, натижада 12 469 та янги иш ўринлари яратилишига эришилган.

Прокурорлар кўмаги билан долзарб йўналишларда, жумладан қурилиш, ёқилғи - энергетика, экология соҳаларида ташкил этилган янги тузилмалар фаолияти ҳам ҳайъат муҳокамасидан четда қолмади.

Қайд этилишича, прокурор назорати тадбирлари ўлароқ, давлат дастурларига киритилган 6 003 та объектни ўз муддатида фойдаланишга топширилиши, 1,4 трлн. сўм. маблағлар тежалиши, 27,5 млрд. сўмлик бюджет пуллари талон - торож қилинишининг олди олиниши таъминланган.

Ёқилғи - энергетика соҳасида қонунийликни таъминлаш мақсадида ўтказилган 113 мингта рейд тадбирлари давомида, 31 мингдан ортиқ ноқонуний ҳолатлар фош этилиб, 327 млрд. сўм зарар ундирилган.

Бош прокурор ўта долзарб бўлган жиноятчиликка қарши курашиш ишларини ташкил қилиш, тергов сифатини ошириш, коррупция ҳолатларининг олдини олиш масалаларига алоҳида эътибор қаратди.

Бу борада эришилган натижаларни қайд этиш билан бирга, мавжуд муаммолар ва йўл қўйилаётган хато - камчиликларни кескин танқид остига олди.

Шунингдек, ҳуқуқбузарликлар профилактикаси тадбирларини янада кучайтириш, вазиятнинг барқарорлигига салбий таъсир кўрсатувчи омилларни барвақт аниқлаш ва бартараф этиш, жиноятга жазо муқарарлигини таъминлашнинг барча чораларини кўриш зарурлигини қатъий таъкидлади.

Судларда фуқаролик, жиноий, маъмурий ва иқтисодий ишлар кўрилишида прокурор ваколатини самарали таъминлаш, айниқса, суд ишларига асоссиз аралашишларнинг олдини олиш, шу билан бирга, ноқонуний суд қарорларига нисбатан ўз муддатида муносабат билдириб бориш   бўйича   ҳам   тегишли топшириқлар берилди.

Бу борада янги тузилган Ихтисослашган прокурорлар корпуси ҳамда мураккаб ишлар бўйича қонуний ечим топишга кўмаклашувчи Маслаҳат кенгашлари фаолияти таҳлил қилиниб, иш самарадорлигини оширишга қаратилган тадбирлар белгиланди.

Аҳоли муаммоларини ҳал қилиш, мурожаатлар билан ишлаш масаласи ҳам ҳайъат муҳокамасидан ўрин олди.

Маълум бўлишича, халқ билан очиқ мулоқот қилиш, фуқароларнинг қийнаётган муаммоларини ҳал этишга устувор аҳамият қаратилиб, ҳисобот даврида 126 мингдан ортиқ мурожаат бевосита прокуратурада ҳал этилган ва 24  минг нафардан ортиқ шахснинг бузилган ҳуқуқлари тиклаб берилган.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш