Qidirish

18:15 / 2023-07-15 1307 0 Сиёсат

«Дирижёрсиз» қолган «мусиқачилар» ёҳуд «Вагнер»нинг Араб диёридаги тақдири нима кечади?

Евгений Пригожин бошчилигидаги “Вагнер” ХҲК Россияда исён кўтаришга ҳаракат қилганидан сўнг, “вагнерчилар”нинг Араб диёридаги тақдири сўроқ остида қолмоқда.

world-news

Кўп йиллар давомида Вагнер жангчилари Сурия, Ливия ва қисман Судандаги жанговар ҳаракатларда қатнашган, шунингдек, маҳаллий жангчиларни тайёрлаш ва ҳарбий техникага техник хизмат кўрсатиш билан шуғулланган. Ушбу араб мамлакатларидаги “вагнерчилар”нинг тақдири ҳали ҳам номаълум. 

Сурия

“Вагнер” ХҲК  2015 йилдан бери Суриядаги жангларда қатнашиб келади. Жангчилар Дамашқ, Латакия, Ҳалаб шимолида, Хама, Ҳомс, Тедмур, Дайр-аз-Зор, Хасек ва Қамишли шаҳарларида жойлашган.

Умуман олганда, Сурияда 1200 дан 4000 долларгача маош оладиган “мусиқачилар” сони 3000га етади.

Wall Street Journal’га кўра, 27 июнь куни Суриядаги “вагнерчилар”га Россиянинг Тартусдаги ҳарбий базасига йўл олиш буюрилган.

Sky News Arabia телеканали Пентагоннинг юқори мартабали мулозимига таяниб ёзишича, Россия ҳарбий разведкаси Сурияда “Вагнер”нинг кўплаб қўмондонларини ҳибсга олган.

Ливия

Ливия — “вагнерчилар”нинг ярми Украинадаги фронт чизиғига кўчирилган бўлса-да, ушбу мамлакатда 1500-2000 жангарилар қолган.

Жангчилар, хусусан, Ливиянинг шарқий, жанубий ва марказий қисмларидаги ҳарбий базаларда, жумладан, Жуфра, Картабие ва Цитра портидаги ҳарбий базаларда жойлашган.

Бошқа мамлакатлардан фарқли ўлароқ, Ливияда улар ҳарбий вертолётлар ва ўрта масофага мўлжалланган “Shell” ҳаво мудофаа тизимларидан, шунингдек, Россиянинг кўп мақсадли МиГ-29 самолётлари ва Су-24 қирувчи самолётларидан фойдаланадилар.

“Вагнерчилар” 2019-2020 йилларда генерал Халифа Хафтарнинг пойтахт Триполига уюштирган ҳужумида бевосита иштирок этган.

Судан 

“Мусиқачилар” Суданда 2019 йилда давлат тўнтариши натижасида ағдарилган президент Умар ал-Башир давридан бери мавжуд.

Ал-Башир 2017 йил декабрида армия ва хавфсизлик кучларини қўллаб-қувватлаш учун “вагнерчилар”ни Суданда “M Invest” ярим ҳарбийлаштирилган гуруҳи билан олтин қазиб олиш бўйича келишув эвазига жойлаштирган.

“Вагнер”нинг мавжудлиги ал-Баширнинг ағдарилишига тўсқинлик қилмади, бироқ компания Амир тоғида ва Дарфурнинг бошқа бир қанча жойларида олтин қазиб олишда давом этмоқда.

Қайд этиш керак, аввалроқ “Брифинг” телеканали “Вагнер” ХҲК Беларус прокси-ташкилотига айланганини ва гуруҳ Ливия ва Африканинг бошқа мамлакатлари, Сурия ва Лотин Америкасида ўз фаолиятини давом эттириши ҳақида хабар берганди.

Эслатиб ўтамиз, Белорусь президенти Александр Лукашенко Россия Федерацияси Президенти билан келишилган ҳолда “Вагнер” ҲХК раҳбари Евгений Пригожин билан музокара олиб бориб, Москвада қўзғалон кўтариш фикридан қайтарганди. 

Изоҳлар 0

Фикр билдириш