Сўнгги янгиликлар
«Ўқитувчиларга имтиёзли автокредит орқали автомобилларни сотишга тайёрмиз» – «Ўзавтосаноат»
Айдар–Арнасой кўллар тизими – кимнинг тизгинида?
ССП раиси ўринбосари Нодира Шотурсунова Наманганда фаол ва ташаббускор аёл тадбиркорлар билан учрашди
Сторителлинг ва мутолаанинг инсон ривожидаги ўрни...
Парламентда Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти тингланди
Навоийга Монголиядан 1000 бошга яқин Баят зотига мансуб қўйлар олиб келинди
Фаоллар айтаётган “иқтидор” эгаси оддий “Виртуал валютачи” бўлган...
Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюрди
ОАВга ким душман ёҳуд уюшманинг асл юзи энди фош бўлдими?!
Бизнингча бундай уюшма шу бугун ёпилса ҳам жамият ҳеч нарсани йўқотмайди. Босимлар йўқлиги ҳақида бонг уриш учун бу ташкилот камида “кўр” ёки “кар” бўлиши даркор ва улар буни амалда исботлади.
Хабарингиз бор, ўзбекистонлик бир гуруҳ журналистлар ва жамоатчилик фаоллари Президент Шавкат Мирзиёевга очиқ мурожаат билан чиқишган эди.
Ушбу мурожаатномада Президентдан журналистларга, матбуотга, блогерларга бўлаётган босимларни тўхтатиш бўйича ёрдам сўралган.
“Муҳтарам Президент! 2016 йилда сиз давлат раҳбари бўлишингиз билан Ўзбекистонда катта ўзгаришлар бошланди. Жумладан, халқимиз узоқ вақт ва интиқлик билан кутган сўз эркинлиги, фикр эркинлиги пайдо бўла бошлади. Бу орқали ўтган йилларда Ўзбекистонда матбуот эркинлиги муҳити сезиларли даражада шаклланиб улгурди.
Айни пайтда, биз журналистлар ва жамоатчилик вакилларини ҳозирга қадар сақланиб қолаётган яширин, лекин кучли цензура ҳам безовта қиляпти. Таҳририятлар, журналистлар, блогерлар, жамиятга ҳар қандай фикр берувчи шахсларнинг фикр билдиришида жиддий тўсиқлар, босимлар, қўрқитишлар сақланиб қоляпти.
Матбуот ўзи истаган мавзуни кўтара олмаяпти. Журналистлар ўзлари истаган оҳангда вазиятни кўрсата олмаяпти. Давлатнинг ахборотни назорат қилишга масъул бўлган муассасаси таҳририят ва блогерларга муттасил равишда босим қилиб, ахборот оҳанги, шакли, моҳиятини ўзгартириш ёки бу ахборотнинг тўлиқ чиқмаслигини талаб қилишда давом этмоқда.
Жаноб президент! Биз сўз ва фикр эркинлиги орқали Ўзбекистондаги ижтимоий-сиёсий вазиятни издан чиқаришдан манфаатдор эмасмиз. Биз хавфсизликни сўз ва фикр эркинлигининг пойдевори сифатида кўрамиз. Лекин сўз ва фикр эркинлигисиз таъминланган хавфсизликни – ноқис, заиф ва вақтинчалик хавфсизлик деб биламиз.
Ҳурматли Президент, биз сиздан илтимос қилиб, Ўзбекистонда сўз ва фикр эркинлигини кучлироқ ҳимоя қилишингизни, бу борада конституция ва амалдаги қонун нормалари тўлиқ ишлашини, маълум давлат муассасаларининг журналистларга, матбуотга, блогерларга босимларини тўхтатишда ёрдам беришингизни сўраймиз!
Биз Ўзбекистонни кучли, рақобатбардош, ҳалқаро майдонда обрўли давлат сифатида кўришни истаймиз. Бунинг учун, Ўзбекистонда матбуот ва сўз эркинлиги муттасил кучайиб бориши лозим. Аммо ҳалигача Ўзбекистон матбуоти кўринмас, лекин жиддий назорат остида эканини ачинарли ва келажак учун хавфли вазият деб биламиз.
Муҳтарам Президент, Ўзбекистонда матбуотнинг том маънодаги мустақиллигини таъминлашда тарихий ёрдам беришингизни илтимос қиламиз”, — деб ёзилганди мурожаатномада.
Мурожаатнома эълон қилинганидан кўп ўтмай негадир Журналистлар уюшмаси “ғалати” баёнот берди:
“Ўтган ҳафта якунида ижтимоий тармоқларда бир гуруҳ журналистлар ва жамоат вакилларидан деб номланган мурожаатнома Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев номига йўлланганига гувоҳ бўлдик.
“Аввало, шуни айтиш жоизки, кенг жамоатчиликнинг муҳокамасига сабаб бўлган ушбу “мурожаатнома”да ўтган йиллар мобайнида Ўзбекистонда матбуот эркинлиги муҳити сезиларли даражада шакллангани таъкидланган ҳолда “ҳозирга қадар сақланиб қолаётган яширин, лекин кучли цензура” безовта қилиши, “таҳририятлар, журналистлар, блогерлар, жамиятга ҳар қандай фикр берувчи шахсларнинг фикр билдиришида жиддий тўсиқлар, босимлар, қўрқитишлар сақланиб қолгани” айтилади. Яна “матбуот ўзи истаган мавзуни кўтара олмаётгани” ва “давлатнинг ахборотни назорат қилишга масъул бўлган муассасаси таҳририят ва блогерларга мутассил равишда босим қилаётгани”ни иддао этилган.
Очиғи, ушбу мурожаат бундан 7-8 йил аввал эълон қилинганда эди, эҳтимол бирор фикр билдиришга ҳожат бўлмас эди. Негаки, бугун юртимизда очиклик сиёсати, сўз ва матбуот эркинлиги устувордир. Яқин вақт ичида ҳеч бир таҳририят ва мустақил журналистларга, блогерларга босим ўтказилаётганига ёки бирон-бир ахборотнинг мазмун-моҳиятини ўзгартириш ёки чиқмаслигини талаб қилиш ҳолатларига гувоҳ бўлмадик.
Зеро, Президентимиз Шавкат Мирзиёевнинг сўз эркинлиги таъминланишида собитлиги, очиқлик сиёсати бу борадаги ислоҳотларнинг ортга қайтмас тус олгани, соҳага оид қонунчиликни такомиллаштириш бўйича қўйилган қадамлар матбуот соҳасида кенг имкониятлар эшигини очди. Жумладан, узоқ йиллар давомида ёпиб қўйилган қатор интернет нашрлари очилди, ОАВда эркин фаолият юритиш муҳити шаклланди, турфа “қора рўйхатлар”га барҳам берилганига барчамиз шоҳидмиз. ОАВ вакилларига ҳеч ким, бирон-бир давлат ташкилоти “уни ёзма, буни ёз” деяётгани йўқ. Журналист ва блогерларимиз мавжуд муаммоларни дадил кўтариб чиқмоқда. Биргина 2023-йилнинг январь ойида матбуотда ва интернет нашрларида ҳукумат ва маҳаллий бошқарув органлари фаолиятига дахлдор 1300 дан зиёд танқидий материаллар эълон қилинганининг ўзи юқоридаги фикримизнинг далилидир.
Аммо минг афсуски, айрим журналист ва блогерлар томонидан сўз эркинлигини суистеъмол қилиш, матбуотдек муқаддас минбардан шахсий манфаат, сохта обрў-эътибор ёки бошқа ғаразли мақсадларда фойдаланиш ҳоллари учраб турибди. Уларга қонуний чоралар кўрилаётгани эса баъзи бир журналист ва блогерлар томонидан билиб-билмай нохолис талқин қилинмоқда.
Ўзбекистон журналистларининг касб этика кодексига, холислик ва ҳаққонийлик принципларига риоя этмаслиги каби салбий ҳолатларни албатта, оқлаб бўлмайди. Бироқ уларни тартибга чақириш, қонун асосида фаолият олиб боришга чорлаш сўз эркинлигига тажовуз, босим ёхуд цензура ҳисобланмайди!
Оммавий ахборот воситалари вакилларини доимий равишда қўллаб-қувватлаб келаётган давлатимиз раҳбари “Мен ҳақиқат ва адолатни ўз эътиқоди деб биладиган барча журналистларни ислоҳотларнинг фаол иштирокчилари деб биламан ва улар ҳамиша Президент ҳимоясида бўлади” дея алоҳида таъкидлаган.
Қолаверса, айни кунларда ҳам мамлакатимизда матбуот ва сўз эркинлиги таъминланишини янада кучайтириш, бу борада қонунийликни таъминлаш, журналист ва блогерларни ҳар жиҳатдан қўллаб-қувватлашга қаратилган кенг кўламли ишлар давом эттирилмоқда. Хусусан, янгиланаётган Конституциямизда оммавий ахборот воситалари фаолиятига тўсқинлик қилиш ёки аралашиш қонунга мувофиқ жавобгарликка сабаб бўлиши белгилаб қўйилаётгани, Ахборот кодекси лойиҳаси ишлаб чиқилгани бунга яна бир ёрқин мисолдир.
Юқоридагилардан келиб чиқиб, шуни айтишимиз мумкинки, бир гуруҳ журналист ва блогерларнинг давлатимиз раҳбарига мурожаат йўллаганининг ўзи ҳам мамлакатимизда сўз эркинлигининг очиқ эканлигидан далолат беради. Лекин мурожаатда билдирилган кўпгина фикрларга қўшилишнинг иложи йўқ. Сабаби, тўғри ва холислик билан сўз айтаётган, танқид қилаётган ҳеч бир инсонга бирон-бир тўсиқ ва босимлар бўлаётгани шунчаки уйдирма, ҳақиқатдан йироқ деб ҳисоблаймиз”, — дейилади баёнотда.
Уюшма томонидан эълон қилинган “эртак” ОАВ ходимлари ва блогерларнинг ғазабини келтирди. Танқид “тошлари”дан қаерга қочишни билмаган Журналистлар уюшмаси баёнотидан маълум бир қисмни олиб ташлашга қарор қилди. Аммо бу ҳам иш бермади...
Илёс Сафаров (Kun.uz журналисти):
Бундан икки йил аввал Журналистлар ижодий уюшмаси собиқ раиси Олимжон Ўсаров таҳририятимизга келиб мен ва яна бир неча ҳамкасбимга уюшма аъзолик гувоҳномасини топшириб кетганди. Сал аввал уюшма мана бу муносабатни эълон қиларкан, ўша воқеа эсимга тушди. Ўтган вақт давомида бу гувоҳномани бирор жойда ишлатганим йўқ, аъзолик нишони ҳозир уйимнинг қайси бурчагида ётганини ҳам билмайман.
Мен бугун ўз хоҳишимга кўра ўша пайтда аъзо бўлганим Журналистлар ижодий уюшмаси аъзолигидан чиққанимни эълон қилмоқчиман.
Журналистларни ҳимоя қилолмайдиган, ҳақиқий ноҳукумат бўлмаган ташкилотга аъзоликдан маъни йўқ. Сиз ҳам рўйхатингиздан ўчиринг, Холмурод Салимов. Гувоҳнома ва аъзолик нишонини қайтариш керак бўлса, топиб, чиқартириб юбораман.
Қобул Дусов (Собиқ депутат, социолог):
Журналист Илёс Сафаров Журналистлар Уюшмаси аъзолигидан чиқибди. Тўғри қилибди. Бу иккиюзламачи ташкилот ҳам худди Касаба Уюшмалари каби бир пулга қиммат, маддоҳлар маконига айланган бир ташкилот эканлигини ўз баёнотида исботлади.
Фақат Ёзувчилар Уюшмасининг непотизм таълимотига амал қилувчи раиси каби "мангу тожу тахт керак"- деб шеър ёзмагани қолган холос.
Омад сизларга “заҳматкаш қалам аҳли”. Сизларга ҳам осон эмас, тушунамиз, яхши қолинглар. Сизлар билан яқинда янги Ўзбекистон эмас, янги Сталинград қурамиз.
Анора Содиқова (Rost24.uz журналисти):
Уюшмага аъзо эмасман, афсус. Агар аъзо бўлганимда аъзолик гувоҳномани майда- майда қилиб ташлаган бўлардим. Бугун уюшма яна бир бор ҳақиқий ноҳукумат уюшма эмаслигини исбот қилди. Уюшма журналистларга таҳдид бўлаётганига гувоҳ бўлмаганмиш.
Шуҳрат Шокиржонов (Kun.uz журналисти):
“Тўғри ва холислик билан сўз айтаётган, танқид қилаётган ҳеч бир инсонга бирон-бир тўсиқ ва босимлар бўлаётганини шунчаки уйдурма, ҳақиқатдан йироқ деб ҳисоблаймиз”. — бу гап ЎзЖУ мурожаатномасидан ғойиб бўлди. Ўзлари ҳам ҳатто “шу ерини оширвордиг-ов” деб ўйлашди шекилли.
Қизиқ. Бу журналистларни ҳимоя қилувчи уюшмами ёки журналистларни айбловчи? Буларнинг ҳақиқати бошқача шекилли. Ўйлаб-ўйлаб шуни ёзишдими энди, тавба..?
Абдураҳмон Ташанов (Инсон ҳуқуқлари “Эзгулик” жамияти раиси):
Журналистлар уюшмаси цензура мутлақо йўқ деса, ажабланмайман. Омбудсман инсон ҳуқуқлари бўйича ҳаммаси жойида, деса ҳам ажабланмайман. Блогерни дўхтирлар ўлдириб қўйганига ҳам ҳайрон бўлмадим.
Яна нимадир бўлса, ажабланмайман. Мен ўзи умуман ажабланмайдиган бўлиб қолдим! Мен яқин йилларда ҳайратланмасам керак.
Камолиддин Раббимов (сиёсатшунос)
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси баёнот чиқарибди. Маъноси “Ўзбекистонда ҳеч қандай цензура йўқ ва бўлиши ҳам мумкин эмас”.
Яъни, Ўзбекистонда матбуот тўлиқ эркин экан. Демак, яқинда Президент Мирзиёев “Мендан баъзилар эркин матбуотни ёпишни сўрайди. Мен бунга қаршиман” деб, мутлақ ёлғон гапирган. Демак, ҳеч ким Президентдан матбуотни ёпишни сўрамаган. Матбуот эркин ва у ҳаммага ёқади.
Матбуот эркин, аслида эса бутун Ўзбекистон халқи руҳий касал. Чунки, матбуот эркин бўла туриб, Украина уруши ҳақида ТВ каналларда, расмий матбуотда ҳеч нарса гапирилмайди.
Чунки одамларни бунга ақли етмайди ёки, монополиялар, коррупциялар, бошқа катта иллатлар ҳақида жонли эфирлар, ток-шоулар бўлмайди. Чунки, халқни бунга қурби етмайди. Матбуот эса, тўлиқ эркин.
Аброр Зоҳидов (Kun.uz журналисти)
Дарвоқе, мен бирорта “ўйишманинг “членибасман”!
Тошпулат Рахматуллаев (журналист)
Ўзбекистон журналистлар уюшмаси кимларга хизмат қилаётганлигини, қанчалик нохолис эканлигини исботлади. Агар бизда ҳаммаси очиқ бўлса, нега менинг блогим блокланган? Нега блог Ўзбекистонда фақат VPN билан очилади? Ишонмаса, уюшмадагилар очишга уриниб кўрсин.
Санжар Саид (журналист):
Ўзбекистон журналистлар уюшмасининг баёнотидан:
“Яқин вақт ичида ҳеч бир таҳририят ва мустақил журналистларга, блогерларга босим ўтказилаётганига ёки бирон-бир ахборотнинг мазмун-моҳиятини ўзгартириш ёки чиқмаслигини талаб қилиш ҳолатларига гувоҳ бўлмадик”.
Агар имкони бўлганида эди, мен админкамиздаги ёпиб қўйилган ва ўчиртириб юборилган материаллар рўйхатини мана шу матнни ёзган “ичимиздаги душман”нинг пешонасига урардим.
Президент Шавкат Мирзиёев Қашқадарё вилоятига қилган ташрифида ОАВ ҳақида шундан деган эди:
“Ёпиқ давлат бўлиб, ОАВни қўллаб-қувватламаганимиз учун халқнинг овозини эшитмадик. Эркинлик нафаси ёқадими? Менга ёқади! Кўпчилик менга оммавий ахборот воситаларини ёпишни таклиф қилмоқда, лекин мен буни ҳеч қачон қилмайман.
Яна олдингидек, прокурор, СНБлар текширувчи бўлаверсинми? Ниятимизга етдикми? Биримиз икки бўлдими? Шунинг учун ОАВ дўст билиб, танқид қилсин, тўғри танқид қилсин. Шу қишлоққа, мактабга таълимга фойдаси бўлса нур устига аъло нур. Мен ҳар куни интернетни ўқийман. Вақтим борича бир-икки соат қўлимга қалам олиб, ўзимга ёзиб оламан. 10 та фикрдан 9 таси тўғри чиқади. Агар бизда ёпиқ бўлса сизларни (ўқитувчиларни — таҳр) ҳам ҳеч ким эшитмайди”.
Хулоса ўрнида шуни таъкидлаш керакки, бизнингча бундай уюшма шу бугун ёпилса ҳам жамият ҳеч нарсани йўқотмайди. Босимлар йўқлиги ҳақида бонг уриш учун бу ташкилот камида “кўр” ёки “кар” бўлиши даркор ва улар буни амалда исботлади.
Дарвоқе Президентга қилинган мурожаатга уюшма “суқма қошиқ” бўлиши қанчалик ўринли? Деган савол ҳам бизни қизиқтирмоқда. Аҳир мурожаат сизларга эмас! Президентга қилинганди.
Охирги жумлаларни қўрқмай, баралла айта оламиз. Чунки ўзингиз муносабатингизда айтганингиздек журналистларга цензура ва ҳеч қандай босим бўлмайдиган мамлакатда яшаяпмиз. Шунинг учун, ҳам тилимиз анча бийрон ва “духимиз” баланд.