Qidirish

12:07 / 2023-02-22 1149 0 Сиёсат

Иноятов ДУК ва бошқармаларга янги раҳбарларни тайинлади

Тайинланган кадрлар фаолияти давомида бирор маротаба раҳбарлик қилмаган.

world-news

Соғлиқни сақлаш вазири Амрилло Иноятов “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази” ДУКга ва Соғлиқни сақлаш тизими инфратузилмасини ривожлантириш, уларни эксплуатация қилиш ва транспорт ҳисобини юритиш бошқармасига ва Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бошқармасига янги раҳбарларни тайинлади.

Cоғлиқни сақлаш вазирининг тегишли буйруғи билан Мирзохиджон Қодиров вазирлик ҳузуридаги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази” давлат унитар корхонаси директори вазифасини бажарувчи этиб тайинланди. 

М. Қодиров 2003 йилда Тошкент фармацевтика институтини тамомлаб, иш фаолиятини мазкур олий ўқув юртида кафедра ассистенти сифатида бошлаган.

Кейинчалик Дори воситалари ва тиббий техника сифатини назорат қилиш бош бошқармаси Фармакопея қўмитасида етакчи мутахассис, қўмита раиси ўринбосари, Фармацевтика тармоғини ривожлантириш агентлиги “Дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техника экспертизаси ва стандартлаштириш Давлат маркази” ДУК директори каби масъул лавозимларда ишлаган.

М. Қодировга тизимда коррупцияга барҳам бериш, соҳага халқаро стандартлар, юқори технологияли лабораторияларни жорий қилиб, Ўзбекистонга сифатли дори воситалари, тиббий буюмлар ва тиббий техникалар кириб келишини таъминлаш, мамлакатда фармация соҳасини янги босқичга олиб чиқиш, марказда фаолият кўрсатувчи кадрлар малакасини жаҳон талаблари даражасида ошириб бориш ҳамда ўз ишига ҳалол ҳамда виждонан ёндашадиган билимли ва маҳоратли мутахассислардан иборат жамоани шакллантириш каби муҳим вазифалар юклатилди.

Шунингдек, вазирнинг тегишли буйруғи билан Маҳмудов Шерзод Зоҳидович вазирликнинг Соғлиқни сақлаш тизими инфратузилмасини ривожлантириш, уларни эксплуатация қилиш ва транспорт ҳисобини юритиш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

1989 йилда туғилган Ш.Маҳмудов Фарғона давлат политехника институтини тамомлаб, Фарғона вилояти Қишлоқ ва сув хўжалиги, Иқтисодиёт ва ҳудудларни комплекс ривожлантириш ҳамда Статистика бошқармаларида турли лавозимларда меҳнат қилган.

Кейинчалик у Мактабгача таълим вазирлигининг Инвестиция ва капитал қурилиш бошқармасида етакчи мутахассис, бош мутахассис, бўлим бошлиғи, бошқарма бошлиғи ўринбосари вазифаларида фаолият юритган.

Ш.Маҳмудов тайинловга қадар Соғлиқни сақлаш тизими инфратузилмасини ривожлантириш, уларни эксплуатация қилиш ва транспорт ҳисобини юритиш бошқармаси бошлиғи ўринбосари лавозимида ишлаб келаётган эди.

Шунингдек, тегишли буйруқ билан Ғаффоров Фаррух Абдуқаҳҳорович вазирликнинг Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш бошқармаси бошлиғи вазифасини бажарувчи этиб тайинланди.

1979 йилда туғилган Ф.Ғаффоров хорижий тиллар, шунингдек, молия ва инвестицияларни бошқариш бўйича мутахассисликка эга.

У ўз фаолияти давомида Тошкент шаҳридаги  бир қатор  туманларнинг Ғазначилик бўлинмалари, "Асакабанк" ва Халқ банки каби етакчи молия муассасалари, шунингдек, Молия вазирлиги ҳузуридаги Давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш агентлигида турли масъул лавозимларда иш олиб борган.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш