Qidirish

18:08 / 2023-02-17 991 1 Сиёсат

«Озодлик» иккита жиддий хатоликка йўл қўйган» — Расул Кушербаев

Собиқ депутат нашр томонидан эълон қилинган видеоматериалда асосланмаган фактлар борлигини маълум қилди.

world-news

Олий Мажлис собиқ депутати, табиат ресурслари вазири маслаҳатчиси Расул Кушербаев “Озодлик”нинг Ўзбекистон нефть ва газ конлари бўйича ўтказган суриштирувига муносабатини билдирди.

Собиқ депутатнинг айтишича, нашр журналистик суриштирув ўтказишда иккитта жиддий хатога йўл қўйган.

“Тўғрисини айтаман “Озодлик”нинг Ўзбекистон нефть ва газ конлари бўйича суриштирувини кўрганимда анча таъсирландим. Наҳотки, шу маълумотлар рост бўлса, деган савол ўйлантирди.

Лекин Ўзбекистон расмийлари, соҳага масъул ташкилотлар нима деркин, деб кутдим. Агар расмийлар бу масалада жимлик сақласа демак бу маълумотлар рост, деган фикрга борардим.

Аммо куни кеча Энергетика вазирлиги , “Ўзбекнефтгаз” компанияси томонидан берилган муносабатлар, журналист ва блогерларнинг фикри қолаверса, масъул ташкилотлар томонидан кўрсатилган далиллардан шуни билдимки, назаримда “Озодлик” иккита жиддий хатоликка йўл қўйган.

Биринчиси, Ўзбекистоннинг бутун газ ва нефть конларини барча ҳуқуқлар билан 35 йилга битта компанияга бериши ва 35 млрд АҚШ доллари бир шахсга тегишли корхонага (ERIELL, ENTER Engineering) ишлатилган деган иддао нотўғри бўлиб чиқди.

Ушбу айбловларни илгари сурган  “Озодлик” ижодкорларида агар Ўзбекистон расмийлари кўрсатган далиллардан кучли далиллар бўлса буни кўрсатиши керак.

Агар бундай далил бўлмаса, хатога йўл қўйилгани тан олиниши керак. Бу ҳам оммавий ахборот воситаларининг муносиб позицияси бўлади.

Иккинчиси, Ўзбекистон расмийлари билдирган норматив ҳужжатлар қандайдир корхоналарнинг бухгалтерлик  ҳужжатларидан кўра ишонарли чиқди ва энг муҳими барча келишувлар рўй рост айтилди. Суриштирувдан аввал мана шу эҳтимолий аргументлар инобатга олиниши керак эди”, — деб ёзди вазир маслаҳатчиси.

Муносабатининг якунида Кушербаев асосланмаган ва ишончсиз маълумотларни халқаро омма ихтиёрига хавола этиш одамларни манипуляция қилиш, дея бахоланишини маълум қилди.

Озодлик”нинг суриштируви чуқур асосланмаган иддаолар билан оммага ахборот тарқатишга бўлган уринишга ўхшаб туюлмоқда. Бу ишдан мақсад нима эканлиги тушунарсизлигича қолди.

Нима бўлганда ҳам бир шахс ёки бир гуруҳ эмас, бутун мамлакат ҳаёти билан боғлиқ маълумот тарқатишдан олдин унинг оқибати қандай бўлишини инобатга олган ҳолда, ҳар томонлама асосли фактларга таянилиши керак.

Айни ўринда ушбу материал том маънода Ўзбекистон халқини жунбушга келтириши мумкин. Асосланмаган ва ишончсиз маълумотларни халқаро омма ихтиёрига хавола этиш эса одамларни манипуляция қилиш, дея бахоланади”, — деб ёзди у.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш