Сўнгги янгиликлар
Ўзбекистонда туризм соҳасида барқарор ўсиш қайд этилди
Туркиянинг Коня шаҳрида Жалолиддин Румий хотирасига бағишланган “Шаб-и арус” маросими ўтказилади
Поп туманида 3,4 магнитудали зилзила рўй берди
Саида Мирзиёева Хитой Халқаро коммуникация маркази раиси билан учрашув ўтказди
Конституция — фаровон ҳаётимиз ва тараққиётимиз кафолати
Булунғурда қарийб 500 туп дарахт ноқонуний кесиб ташланди
Тошкентда Паҳлавон Маҳмуд ва Элбек кўчаларини боғловчи йўл ўтказгич қурилади
Туркиянинг Тош тепаликларидан неолит даврига оид 30 та янги топилма аниқланди
Суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди
16 январь куни Президент Шавкат Мирзиёев “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтириш ва судлар фаолияти самарадорлигини оширишга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида"ги фармонга имзо чекди.
ЎзА'да эълон қилинган ҳужжатга кўра, 2023−2026 йилларга мўлжалланган суд тизимини сифат жиҳатидан янги босқичга олиб чиқишнинг қисқа муддатли стратегияси тасдиқланди.
Стратегия доирасида судлар фаолияти тўлиқ рақамлаштирилади, сунъий интеллект технологиялари жорий этилади. Шунингдек, идоралараро электрон маълумот алмашинувини яхшилаш, суд мажлисларида масофадан туриб иштирок этиш имкониятларини кенгайтириш одил судловни таъминлашнинг вазифаларидан бири этиб белгиланди.
Фармонга кўра, судга ҳурматсизлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш учун маъмурий жавобгарлик чоралари кучайтирилади ва жиноий жавобгарлик белгиланади.
Судьяга нисбатан фақат бош прокурорнинг санкцияси асосида турар жой дахлсизлигига, ёзишмалар, телефон орқали сўзлашувлар ва бошқа сўзлашувлар, алоқа тармоқлари орқали узатиладиган почта, курьерлик жўнатмалари ва телеграф хабарларининг сир сақланишига бўлган ҳуқуқлар чекланиши мумкин. Эндиликда Одил судловни амалга оширишда ихтисослашган прокурорлар корпуси кўмаклашади.
Уларга қуйидагилар киради:
Бош прокуратуранинг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бошқармалари;
Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳри прокуратураларининг жиноий, фуқаролик, иқтисодий, маъмурий суд ишларини юритишда прокурор ваколатини таъминлаш бўйича тегишли бўлим ва тармоқлари;
туман (шаҳар) прокурорларининг мазкур йўналишлар бўйича тегишли ўринбосари ва ёрдамчилари.
Улар ўз ваколатларини ҳар қандай орган ва мансабдор шахсдан мустақил равишда амалга оширади. Уларнинг судда иштироки билан боғлиқ фаолиятига аралашишга йўл қўйилмайди.
2023−2026 йилларга мўлжалланган суд тизимининг ахборот сиёсати концепцияси ишлаб чиқилади.
Бундан ташқари, ихтисослашган прокурорлар корпуси фаолиятида 1 сентябргача “Судларда прокурор иштироки” ахборот тизими синов тарзида ишга тушади, 2024 йилдан амалиётга тўлиқ жорий этилади.
Шунингдек, айрим тоифадаги фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни кўриш ваколати маъмурий органларга ўтказилади.
Айрим тоифадаги жиноят, фуқаролик, иқтисодий ва маъмурий ишларни қуйи инстанция судларининг ўзида якунлаш тартиби белгиланади.
Айрим йўналишларда прокурор назорати қисқартирилади, Бош прокуратура ҳузуридаги ташкилотлар штат бирликлари мақбуллаштирилади ҳамда унинг ҳисобидан
Ихтисослашган прокурорлар корпуси штат бирликлари сони кўпайтирилади.
Ихтисослашган прокурорлар корпуси ходимлари суд биноларида ўтиради.
Қолаверса, Олий суд тизимида Суд-ҳуқуқ соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш бошқармаси негизида Одил судлов соҳасидаги қонунчиликни таҳлил қилиш департаменти ташкил этилади.