Qidirish

16:52 / 2023-01-06 873 0 Сиёсат

Ўзбекистон армияси Марказий Осиёдаги энг қудратли армия деб топилди

Ўзбекистон 145 мамлакат армияси ичида 62 ўринни эгаллади. Бу Марказий Осиё давлатлари орасида энг яхши натижадир.

world-news

2023 йилда Global Firepower рейтингига кўра, Ўзбекистон армияси Марказий Осиёдаги энг қудратли армия деб топилди.

Рейтингга кўра, АҚШ армияси дунёдаги энг кучли деб топилди, Бутан эса охирги ўринни эгаллади. Ўзбекистон эса 1.0692 индекс билан 62 ўриндан жой олди.

Ҳозирда ўзаро урашаётган давлатлар — Россия (0,0714 индекс) дунё бўйича иккинчи ўринда, Украина эса (0,2516) 15 ўринни эгаллади.

Марказий Осиё давлатларининг ўзлари, хусусан, Қирғизистон ва Тожикистон ўртасида чегарадаги кескинлик ҳамон мавжуд. Шу боис, Global Firepower Марказий Осиё давлатларининг ҳарбий қудратини қайта кўриб чиқишга қарор қилди.

Унга кўра:

1. Ўзбекистон — 62 ўрин (1.0692 индекс)

2. Қозоғистон — 63 ўрин (1.0873 индекс)

3. Туркманистон — 82 ўрин (1.5986 индекс)

4. Қирғизистон — 107 ўрин (2.1073 индекс)

5. Афғонистон — 114 ўрин (2.3118 индекс)

6. Тожикистон — 120 ўрин (2.6403 индекс)

Бугунги кунда Қозоғистон минтақадаги энг катта мудофаа бюджетига эга – тахминан 2,6 миллиард АҚШ доллари. Гарчи Ўзбекистон мудофаага камроқ сармоя киритган бўлса-да, энг юқори натижаларни кўрсатмоқда. Унинг мудофаа бюджети 692,5 млн долларга баҳоланмоқда.

Тожикистон, Қирғизистон ва Туркманистонда қуролли кучларни сақлаш учун мос равишда 407 миллион, 116 миллион ва 90 миллион АҚШ доллари ажратилган. Афғонистоннинг мудофаа бюджети эса 49 миллиони ташкил қилади

Global Firepower — ҳар бир давлатнинг қуруқликда, денгизда ва ҳавода жанговар операцияларни анъанавий воситалар ёрдамида ўтказиш салоҳиятини баҳолайди.

Ушбу ташкилот индекс молиявий кўрсаткичлардан тортиб логистика имкониятлари ва географиясигача бўлган 50 дан ортиқ индивидуал омиллардан фойдаланади.

Индекс қанчалик паст бўлса, мамлакатнинг назарий жанговар салоҳияти шунчалик кучли бўлади. Рейтингда ядро қуроллари ҳисобга олинмайди, фақат оддий қуроллар ҳисобга олинган.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш