Qidirish

17:47 / 2025-07-19 29 0 Жамият

Канада ва Германиядан ҳам яхшироқ: Ўзбекистон хавфсизлик даражаси бўйича юқори натижани қайд этди

Ўзбекистон Numbeo ва Global Terrorism Index каби халқаро рейтингларда хавфсизлик даражаси бўйича Канада ва Германиядан ҳам юқори ўринни эгаллаб, дунёдаги энг тинч 30 давлат қаторига кирди. Мамлакатда қасддан одам ўлдириш, гиёҳвандлик ва терроризм ҳолатлари ўта паст даражада қайд этилмоқда. Бу натижалар ички барқарорлик, ҳуқуқий назорат, жамоавий ҳушёрлик ва аҳоли онгининг ошгани самарасидир.

world-news

Сўнгги вақтларда жамиятимизда жиноятлар, айниқса инсон ўлими билан боғлиқ баъзи ҳолатлар муҳокамага сабаб бўлмоқда. Бу каби хабарлар ҳар қандай соғлом жамиятда хавотир уйғотиши табиий. Лекин шундай пайтда эҳтиросга эмас, холис таҳлилга суянган ҳолда гапириш жуда муҳим. Ҳар бир ўлим – оғриқ, ҳар бир зўравонлик эса жамият учун жиддий “сигнал”.

Аслида вазият қандай?

Numbeo халқаро рейтингининг 2024 йилги натижаларига кўра, Ўзбекистон жиноятчилик даражаси бўйича 147 давлат орасида 121-ўринда. Бу кўрсаткич “рўйхатнинг охирида” эканимизни англатмайди, аксинча, биз дунёдаги энг тинч 30 давлат қаторида турибмиз дегани.

Чунки ушбу рейтингда юқори ўринлар хавфли, жиноятлар кўп содир этиладиган мамлакатларга тегишли. Масалан, Венесуэла, Афғонистон ва Нигерия рўйхатнинг юқори қисмида. Ўзбекистон эса 30,5 балли жиноятчилик индекси ва 69,5 балли хавфсизлик даражаси билан Канада, Германия, Туркия ва АҚШ каби ривожланган давлатларга нисбатан ҳам яхшироқ натижа қайд этган.

Марказий Осиё давлатлари орасида Қозоғистонда жиноятчилик – 45,9 балл, Қирғизистонда – 54 балл, хавфсизлик кўрсаткичлари эса Ўзбекистонникидан анча паст. Бу эса ички барқарорлик билан бир қаторда инсонлар ўртасидаги ўзаро муносабат, жамиятдаги кучли фуқаролик ҳисси ва ҳуқуқбузарликларга нисбатан жамоавий ҳушёрлик мавжудлигини ҳам кўрсатади.

Бу фикрни Жаҳон банкининг маълумотлари ҳам қувватлайди. Ҳисоботга кўра, Ўзбекистонда қасддан одам ўлдириш даражаси ҳар 100 минг аҳолига фақат 1 та ҳолатни ташкил этган. Бу кўрсаткич жаҳонда 100 минг кишига ўртача 5,8 та, Осиёда эса 2,3 тани ташкил қилади.

Давлатлар кесимида оладиган бўлсак Россияда 7 та, АҚШда 6,9 та Қозоғистонда ва Туркияда 3 та, Бразилияда эса аҳвол оғир – 22 та. Ўзбекистон бу кўрсаткичда қўшнилардан ҳам, кўплаб ривожланган давлатлардан ҳам яхшироқ натижани қайд этган.

Терроризм бўйича ҳам холис рақамлар шунга гувоҳ. Global Terrorism Index (Сиднейдаги Иқтисодиёт ва тинчлик институти томонидан) эълон қилган ҳисоботда Ўзбекистон 90-ўринни эгаллади ва “терроризм таҳдиди паст бўлган” мамлакатлар қаторига кирди. Бу, ўз навбатида, мамлакатимизда сиёсий барқарорлик, аҳолининг экстремизмга қарши иммунитети ва хавфсизлик тизимларининг самарали ишлаётганини кўрсатади.

Гиёҳвандликка қарши курашда ҳам мамлакатимизнинг натижалари диққатга сазовор. World Population Review маълумотларига кўра, Қозоғистон дунё бўйича гиёҳванд моддалар истеъмоли кўп бўлган давлатлар ичида
8-ўринни эгаллаган бўлса, Ўзбекистон 95-ўринда. Бундан маълумки, ёшлар ўртасида зарарли иллатларга қарши профилактика, таълимдаги тарбиявий ёндашув ва ҳуқуқий назорат ўз самарасини бермоқда.

Бу рақамлардан таскин топиш ёки фахрланиш учун эмас, уларни сақлаш ва янада яхшилаш учун хулоса чиқариш керак. Зеро, 2025 йилнинг биринчи ярмида мамлакатимиздаги 5200 та маҳаллада битта ҳам жиноят қайд этилмагани, шунчаки бир кунлик ютуқ эмас. Бу тизимли иш, масъул раҳбарлар, фидойи маҳалла фаоллари, аҳолининг ўзига хос онги ва бирдамлиги натижаси.

Президентимизнинг 2025 йилдаги биринчи қарорининг айнан жиноятчиликни камайтиришга бағишланиши, ҳар бир маҳаллага масъул бириктирилиши, “йўл харитаси” асосида иш олиб борилиши бугунги барқарорликнинг асосий сабабларидир.

Албатта, жиноят бутунлай йўқолмаган. Лекин шуниси аниқ: ҳар бир ҳолатга жавобгарлик ҳисси билан ёндашилаётган мамлакатда тинчлик фақат статистика эмас, ҳаёт тарзига айланади.

Бугун дунё ҳар қачонгидан ҳам тинчликка муҳтож. Юртимиздаги тинчлик бу изчил давлат сиёсати, фидокорона меҳнат, халқ ва давлат бирдамлигининг самарасидир. Шоир айтганидек, “Тинчлик дея юрак бағри куйик элдир бу!”

Изоҳлар 0

Фикр билдириш