Qidirish

00:33 / 2025-06-13 167 0 Сиёсат

Ботир Зарипов ноқонуний ҳолатларнинг олдини олишни мақсад қилган – Бухоро ҳокимлиги муносабат билдирди

Ижтимоий тармоқларда Бухоро вилояти ҳокими томонидан гўёки «хусусий боғчани бузиб ташлаш» кераклиги юзасидан топшириқ берганлиги ҳақидаги видео тарқалиб, кенг муҳокамага сабаб бўлмоқда. Вилоят ҳокимлиги ҳолат юзасидан қуйидагиларни маълум қилди.

world-news

Жорий йилнинг 22 май куни Бухоро вилояти ҳокими Ботир Зарипов бошчилигидаги ишчи гуруҳи Бухоро шаҳридаги 2-сонли давлат мактабгача таълим муассасасида амалга оширилаётган қурилиш-таъмирлаш ишларининг боришини кўздан кечирган.

140 ўринга мўлжалланган мазкур муассаса 1961 йилда қурилган ва ҳозирда таъмирталаб ҳолга келиб қолган. Ўтказилган хатловга асосан маҳаллий бюджет ҳисобидан зарур маблағлар ажратилиб, боғчада капитал таъмирлаш ишлари олиб борилмоқда.

Ўрганиш чоғида вилоят ҳокими қурилиш ишларини жадаллаштириш ва қисқа муддатда якунлаш юзасидан шаҳар ҳокимлиги ва соҳа масъулларига топшириқлар берган.

Шунингдек, ўрганиш жараёнида Ботир Зарипов давлат боғчаси ҳудуди ободонлаштирилмаганлиги, боғчага туташ бўлган ҳудуддан ўзбошимчалик билан эгалланган умумий овқатланиш объекти эгаси томонидан боғча ҳудудида тегишли рухсатларсиз, хуфёна ноқонуний кириш-чиқиш йўлаги очилганлиги, бундан ташқари боғча ҳудудининг бир қисмида юқори кучланишли трансформатор атрофи темир панжара билан ўраб олинмаганлиги юзасидан эътирозларини билдирган.

Амалдаги қонунчиликка кўра, вилоят ҳокимлари зиммасига муассасаларнинг хавфсизлигини таъминлаш, шу жумладан, ҳудудлар атрофини ўраш, уларга ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бўйича инспекторларни бириктириш, кузатув камералари ва ёнғинга қарши сигнализация тизимларини ўрнатиш чораларини кўриш, шунингдек, муассаса ҳудудининг ва кўчмас мулкининг бутунлигини ҳамда дахлсизлигини белгиланган тартибда таъминлаш вазифалари юклатилган.

Видеолавҳада тилга олинган «бузиб ташла» жумласида айнан ўша боғча ҳудудида тегишли рухсатларсиз, хуфёна, ноқонуний кириш-чиқиш йўлагини бартараф этилиши назарда тутилган.

Бунда, вилоят ҳокими томонидан 140 нафар боғча тарбияланувчиларини хавфсизлиги, ҳамда юз бериши мумкин бўлган турли нохуш, ноқонуний ҳолатларни олдини олиш — асосий мақсад бўлган.

Ижтимоий тармоқ фаоллари ва фойдаланувчилари айнан шу жумлани «ҳоким хусусий боғчаларни бузиб ташлаш бўйича топшириқ бераяпти» тарзида муҳокама қилишмоқда. Бу эса мутлақо асоссиз ва ҳақиқатга тўғри келмайди.

Вилоятнинг бошқа шаҳар-туманларидаги мактабгача таълим муассасаларида бу каби ҳолатларни ўрганиш ва зудлик билан бартараф этиш мақсадида Бухоро шаҳар ҳокимининг тегишли ўринбосарига «ҳайфсан» интизомий чораси қўлланилган, ноқонуний йўлак бартараф этилган ҳамда ўрганиш олиб борилган 2-сон давлат мактабгача таълим таълим муассасасидаги жараён тасвирга олиниб, мутасаддиларга юборилган ва шу тариқа кенг тарқалган.

«Шу ўринда алоҳида таъкидламоқчимиз, вилоятда қонун устуворлиги таъминланади, биронта ноқонуний бузилиш қилинмайди. Ушбу ҳолатда вилоят ҳокими томонидан топшириқ бериш пайтида айрим раҳбарларнинг масъулиятини ошириш учун ҳиссиётли гапиришга тўғри келган. Шу ўринда вилоят ҳокимлиги матбуот хизмати оммавий ахборот воситалари вакиллари, шу жумладан, блогерлар билан доимо ҳамкорликка тайёрлигини билдиради», дейилади Бухоро вилояти ҳокимлиги матбуот хизмати муносабатида.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш