Сўнгги янгиликлар
Ўзбекистонга илк бор бир ойда 1 миллиондан ортиқ хорижий сайёҳ ташриф буюрди
Хонанда Ботир Қодиров муаллифлик ҳуқуқини бузгани учун жаримага тортилди
Яккасарой ҳокимининг собиқ ўринбосарига белгиланган жазо енгиллаштирилди
Россиянинг Екатеринбург шаҳрида мушкул аҳволда қолган ўзбекистонликлар Ватанга қайтарилди
Юрак бир сония ҳам тўхтамади: Дунёда илк бор уриб турган юрак кўчириб ўтказилди
«Қўйлиқ» деҳқон бозори ёпилмаслиги маълум қилинди
АҚШ етакчиси Алкатрас қамоқхонасини қайта очишни буюрди
Туркия 2025 йилнинг илк чорагида туризмдан рекорд даражадаги 9,5 миллиард доллар даромад олди
Миллат қалбидаги нур
Халқимизда “қиз фарзанд отасига меҳрибон бўлади”, деган нақл бор. Отасига меҳрибон қиз – бу оиланинг баракаси, меҳр-муҳаббат ифодасидир.

Исталган хонадон борки, унда қизининг “Дадажон, чарчамадингизми?”, “Дада, сизга чой дамлаб берайми?”, “Дадажон, сизни яхши кўраман!” каби ёқимли сўзлари янграйди. Бу отанинг қалбини илиқликка тўлдиради, чарчоғини унуттиради.
Ҳар бир ота фарзандларини бирдек яхши кўрса-да, қизлари у учун алоҳида мавқега эга. Уларнинг келажаги учун қайғуриб, бахти учун ҳаракат қилади. Чунки қиз – оиланинг фариштаси. Қиз ҳам отасини қадрлайди, унинг меҳнатини тушунади, доимо дуода бўлиб, соғлиғини тилайди.
Университетга ўқишга кирган йилларни эслайман: факультетимизнинг 1-курсида юзга яқин талаба бор эди. Ярмидан ортиғи қизлар. Туманимиздан ўғил болалар икки киши ўқишга кирган бўлсак, қизлардан беш нафари таҳсил оларди. Ўшанда ўйлаб қарасам, оилаларда қизларнинг таълимига ўғил болаларникидан-да, кўпроқ эътибор берилар экан. “Қиз ўқигани яхши, борган жойида қийналмайди”, дейишарди қишлоқнинг соддадил ота-оналари.
Оддий оиладан ака ва сингил бир вақтда ўқишга киргани эсимда. У вақтда олийгоҳлар сони саноқли, ўқишга кириш машаққат – танлов юқори, кириш баллари баланд. Ака ҳам, сингил ҳам контрактга тушиб қолди. Икки талабани ўқитишга оиланинг иқтисоди кўтармайди. Ака: “синглим ўқисин” деб ўз ўқишидан воз кечди, синглисини олий маълумотли қилди. Ўзбегим — шундай олийжаноб.
Оилаларимиздаги отанинг қизига, аёлига, аканинг синглиси, опаси ва онасига муҳаббати рақамларда ҳам акс этади: олийгоҳларда таълим олаётган миллиондан ортиқ талабаларнинг ярмидан кўпини қизлар ташкил этади. Магистратурада ўқиётганлар орасида қизларимизнинг улуши ундан ҳам кўп – 60 фоиз.
Қиз ва аёлларимизга эътибор давлат сиёсатида ҳам ўз аксини топган. Ҳозирда эҳтиёжманд оилаларга мансуб минглаб хотин-қизлар олийгоҳларга қўшимча давлат гранти бўйича ўқишга қабул қилинмоқда. Юз минглаб қизларимиз учун имтиёзли таълим кредитлари ажратилган. Давлат олийгоҳларининг магистратура бўлимида ўқиётган барча хотин-қизларнинг контракт пуллари бюджетдан тўланмоқда.
Қизларимиз, опа-сингилларимиз, аёлларимизнинг интеллектуал салоҳияти ниҳоятда баланд, бугун улар ҳар қандай соҳада юксак марраларни забт этмоқда. Улар — шифокор, ўқитувчи, муҳандис, тадбиркор, санъаткор, депутат... Қайси касб, қайси соҳада меҳнат қилишмасин, давлат ва жамият тараққиётига улкан ҳисса қўшишмоқда.
Ҳаётда ҳар бир инсон синовларга дуч келади. Ўзбек аёли эса синовлар олдида синмайди, уларни сабр билан енгиб ўта олади. Авлоддан-авлодга ўтган қадриятларимизни асраб-авайлашади, оиласи ва фарзандлари учун ҳам бутун борлиғини бағишлашади. Уларнинг меҳри ва матонати туфайли оилалар – мустаҳкам, фарзандлар – тарбияли, жамият – фаровон.
Ўзбек аёли нафақат гўзаллик ва латофат, балки иззат-икром тимсоли ҳамдир. Миллатимиз эса ўз қизлари ва аёлларига шундай меҳрибон халқдир.
Л.Турсунов, журналист



