Qidirish

14:52 / 2025-02-02 225 0 Жамият

Ўзбекистонда февралдан бошлаб қандай ўзгаришлар кучга кирди?

Ўзбекистонда 2025 йил 1 февралдан бир қатор ўзгариш ва янгиликлар кучга киради.

world-news

Қуйида ушбу санадан кучга кирадиган асосий ўзгаришларни тақдим этилди.

Темирйўл чипталари нархи оширилди

Юқори тезликда ҳаракатланувчи «Афросиёб» электропоездларнинг ВИП, бизнес тоифадаги чипта нархлари 25 фоизга, эконом тоифадаги чипта нархлари 20 фоизга ҳамда тезюрар йўловчи поездлар «Шарқ», «Насаф» ва «Ўзбекистон» поездларнинг чипта нархлари 30 фоизга оширилди. Маҳаллий йўналишдаги (ётоқли) йўловчи поездлар чипта нархининг тариф қисми эса 10,5 фоизга оширилди.

Тошкент вилоятида иссиқ сув ва иситиш таъминоти нархи оширилди

Хусусан аҳоли учун 1 Гкал иссиқлик нархини (ҚҚС билан):

Тошкент вилояти «Иссиқлик манбаи» бошқармаси 81 312 сўмдан 93 464 сўмга;
«Ангрен иссиқлик энергияси» ДУК 81 312 сўмдан 93 508 сўмга
Чирчиқ «Иссиқлик энергияси» корхонаси 88 088 сўмдан 101 301 сўмга;
«Олмалиқ иссиқлик манбаи» 92 252 сўмдан 100 800 сўмга оширди.
«Оналар маскани» хизмати йўлга қўйилди

Оғир ҳаётий вазиятда ва яқин қариндошлари кўмагисиз қолганлиги натижасида фарзандини тарбиялашдан воз кечмоқчи бўлган оналар, шу жумладан, ҳомиладор аёллар учун болалар уйларида «Оналар маскани» хизмати йўлга қўйилади.

«Оналар маскани»да оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оналар ва уларнинг болалари (4 ёшга тўлмаган) 1 йилгача бўлган муддатга ижтимоий шартнома асосида вақтинча бошпана билан таъминланади. Оғир ҳаётий вазиятга тушиб қолган оналарга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий хизматлар кўрсатилади, уларда оналик ва касбий кўникмалар шакллантирилади.

Ишсиз аҳоли ва камбағал оилалар аъзолари талаб юқори бўлган касбларга ўқитилади

Касбий кўникмалар марказларида иш берувчилар буюртмаси ва тижорат банклари мижозлари эҳтиёжи асосида ишсиз аҳолини, шу жумладан, камбағал оилалар аъзоларини меҳнат бозорида талаб юқори бўлган касбларга манзилли ўқитиш тизими жорий этилди. Касбга ўқитилаётган камбағал оилаларнинг ишсиз аъзоларига стипендия тўланади.

Айрим жисмоний шахслар даромад ҳамда фойда солиғини 5 фоиз ставкада тўлайди

2040 йил 1 январгача жами даромади таркибида экспорти ҳажми 50 фоиздан ортиқ бўлган ИТ-парк резидентларининг таъсисчилари (иштирокчилари) – Ўзбекистон норезидентлари бўлган жисмоний ва юридик шахсларнинг дивидендлар тарзидаги даромадларига жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғи ҳамда фойда солиғининг 5 фоиз ставкаси татбиқ этилади.

Давлат боғчаларида ходимларнинг давомати «Болалар боғчаси» АТ орқали юритилади

Тажриба-синов тариқасида 2025 йил 1 февралдан Тошкент шаҳридаги, 2025 йил 1 июлдан эса қолган барча давлат МТТларида ходимлар ва тарбияланувчиларнинг электрон давоматини юритиш, иш вақти табелини шакллантириш, тарбияланувчиларнинг озиқ-овқат харажатларини натура шаклида ҳисоблаш, ота-оналар тўлови ҳамда бошқа тўловлар «Болалар боғчаси» ахборот тизими орқали амалга оширилади.

Давлат муассасалари, савдо ва умумий овқатланиш объектларида электрозаправкалар ўрнатилади

Вазирлар Маҳкамаси қарорига кўра, 2025 йил 1 февралдан давлат муассасалари, меҳмонхоналар, бизнес-марказлар, савдо ва умумий овқатланиш объектлари, халқаро ва давлат аҳамиятидаги автомобиль йўллари инфратузилмаси объектлари лойиҳаларида тўхташ жойларининг камида 5 фоизи электромобилларни қувватлаш станциялари билан жиҳозланиши керак.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш