Сўнгги янгиликлар
Сторителлинг ва мутолаанинг инсон ривожидаги ўрни...
Парламентда Нукус воқеалари бўйича тузилган комиссия ахбороти тингланди
Навоийга Монголиядан 1000 бошга яқин Баят зотига мансуб қўйлар олиб келинди
Фаоллар айтаётган “иқтидор” эгаси оддий “Виртуал валютачи” бўлган...
Рустам Минниханов бошчилигидаги Татаристон делегацияси Навоий вилоятига ташриф буюрди
Тожикистоннинг Конибодомида яна тўрт кишининг жасадлари топилди. Маҳаллий аҳоли ваҳимада
Таҳлил қилинган давлат харидларида «Давлат харидлари тўғрисида»ги қонуннинг тегишли модда талаблари бузилганлик ҳолатлари аниқланди
Ички аудит хизмати ходимларининг фаолияти самарадорлигини баҳолаш тартиби белгиланди
Сторителлинг ва мутолаанинг инсон ривожидаги ўрни...
Кўпчилик «сторителлинг» сўзи ҳақида эшитган бўлиши мумкин, аммо унинг асл моҳияти, тарихи ва адабиётдаги ўрни ҳақида кўпроқ Ғарб тадқиқотчилари ва олимлари томонидан тадқиқотлар олиб борилган. Ўзбек зиёлилари орасида сторителлинг атамаси нисбатан яқин йилларда пайдо бўлган тушунча ҳисобланади.
Сторителлинг асли инглизча сўз бўлиб «ҳикоя қилиб бериш» маъносини англатади. Демак, сторителлинг адабиётга ва янада аниқроқ айтсак насрга бевосита алоқадор тушунча. Аммо, адабиётдан ташқари, сторителлинг бугунги кунда психология ва маркетинг соҳасида ҳам мижозлар билан ишлашда алоҳида метод сифатида ҳам қўлланилади.
Бизнинг мақоладан кўзланган мақсад эса сторителлингни адабиёт нуқтаи назаридан ўрганиш ва унинг айрим муҳим жиҳатларини ўқувчилар билан бўлишишдан иборат.
Адабиётшунослар фикрига кўра, сторителлинг бадиий адабиётдаги энг қадимий санъат тури ҳисобланади. Айтайлик, инсонлар ўртасида мулоқот бошланиши биланоқ пайдо бўлган санъат бу сторителлингдир, яъни ҳикоя қилиб бериш санъатидир. Масалан, ибтидоий жамоа тузумида яшаган инсонларни олайлик, улар овчилик ва термачилик билан шуғулланиб кун кечирган. Кундузи ов қилган одамлар кечқурун гулхан атрофига йиғилишаркан, ов жараёнида кечган қизиқарли ёки қўрқинчли воқеаларни бир бирларига ҳикоя қилиб беришган. Ҳикояларнинг ҳаётийроқ ва таъсирчан бўлишини таъминлаш мақсадида, ўзлари англаган ёки англамаган ҳолда хаёлий тасвирларини ҳам сингдиришган ва бу илк сторителлинг намунаси сифатида дунёга келган.
Узоқ ўтмишдан бундай мисолларни кўплаб келтириш мумкин. Асосийси, инсоният тарихининг бугунги кунга қадар етиб келишида ва яшаб қолишида айнан ҳикоя қилиб бериш муҳим роль ўйнаган. Тадқиқотчилар фикрига кўра, айнан ҳикоя қилиб бериш қобилияти инсонни ҳайвонот оламидан ажратиб турувчи муҳим белгилардан бири ҳисобланади.
Кейинчалик ёзувнинг кашф қилиниши натижасида воқеаларни ҳикоя қилиб бериш китобларга кўчиб ўтган ва роман деб ном олган адабиёт жанри пайдо бўлган.
Бадиий адабиёт шуниси билан муҳимки, унда фақат тарихий фактларгина эмас, балки инсоннинг турли руҳий кечинмалари, қувончли ва қайғули кунлари ва энг асосийси, биз англаб етолмайдиган хаёлот маҳсули (фантазия) ҳам акс этади. Шу жиҳатдан ҳам адабиёт инсоният тарихини кенг ва жонли ҳикоя қилиб берувчи муҳим воситадир. Романларни ва бошқа жанрдаги турли асарларни ўқир эканмиз, улардан ўзимизни топгандай бўламиз, кўп ҳолларда ўзимиз билмаган ҳолда асар қаҳрамонларининг қайғуларига шерик бўламиз, улар муваффақиятга эришса қувонамиз, мағлуб бўлишса хафа бўламиз. Баъзида эса бизнинг ўрнимизга қаҳрамонлар вафот этгандай бўлади. Қисқаси асарларни ўқиш давомида қаҳрамонлар билан бирга яшаймиз ва эстетик завқ оламиз.
Бугун кўплаб алоқа воситалари ва гаджетларнинг пайдо бўлиши натижасида китоб ўқишга бўлган қизиқиш бутун дунёда сезиларли даражада пасайди. Шундай бўлсада, китоб ўқишга тарғиб қилувчилар, давлат томонидан китобхонларни рағбатлантиришга қаратилган ижтимоий лойиҳалар натижасида китобхонлик муҳити яшаб келмоқда.
Аслида китоб ўқиш ва китобхонлик ҳар бир инсон учун ҳаётий зарурат сифатида доимий юзага чиқадиган эҳтиёж. Афсуски, буни кўп ҳолларда англаб етолмаганлигимиз натижасида ҳаётий қийинчиликларга дуч келамиз ва улардан чиқиш йўлларини тополмай қийналамиз.
Унутмаслигимиз керакки, биз ҳар қандай китоб сотиб олар эканмиз, у фақатгина 300-400 грамм қоғоздан иборат эмас, балки унда инсонлар ўртасидаги муҳаббат, дўстлик, юмор, ўзга юртларга ва денгизларга саёҳат каби кўплаб инсонларнинг ҳаёт тасвирини, янада аниқроқ айтсак, янги бир ҳаётий тажрибани сотиб оламиз.
Асарларда тасвирланган хаёлот уммонига ғарқ бўлар эканмиз, ўзимизни реалликдан узилгандай ҳис қиламиз. Аммо, бу бизга кундалик муаммолардан қутулишимиз учун вақтинчалик бошпана ёки фақатгина завқ олиш эмас, аксинча унда бизга мутлақо янги бўлган муаммоли вазиятлар ва қайғули кечинмаларни ҳис қиламиз. Бу парадоксни илк бор Аристотел ўзининг «Поэтика» асарида тасвирлаб, бадиий хаёлот олами инсонга завқ бериш билан бирга, унга кўплаб кўнгилсизликлар: ўлим, қийин вазиятда қолиб кетиш ва ташвиш сингари вазиятларни ҳис қилдиришини таъкидлайди. Бадиий асар бизни идеал ҳаётда яшашга эмас, балки турли ташвишларга тўла бўлган реал ҳаётга янада яқин бўлишга ва қайсидир маънода унга тайёрлашга хизмат қилади.
Америкалик адабиётшунос олим Жонатан Готшалл «Сторителлинг бизни қандай одам қилди» номли китобида бадиий асарлар ва тўқима ҳикояларнинг умумий грамматикаси бор деган ғояни илгари суради. Унинг фикрича, халқ оғзаки ижоди ва болалар эртакларидан тортиб замонавий драмалардаги барча воқеалар муаммолар атрофида қурилишини таъкидлайди. Шу ўринда, адабиётшунос ҳарбий самолёт учувчиларининг маҳоратини таърифлаб, 23 тонналик самолётни 55-60 км тезлик билан ҳаракатланиб бораётган кеманинг 150 метрлик майдонига қўндириш энг машаққатли ишлардан бири эканлигини тасвирлайди. Учувчилар кема ҳаракатига таъсир ўтказаётган океан тўлқинлари кучини, кемадаги минглаб одамларнинг ҳаёти, катта миқдордаги портловчи ракеталар ва ядро реакторининг мавжудлигини инобатга олиши билан бир қаторда, мутлақо қоронғулиқда қўна олиш кўникмаларига эга бўлиши талаб этилишини таъкидлайди. Олимнинг фикрича, ҳаётда ҳам уловларни тўғри ола билиш ва эҳтимолий муваффақиятсизликнинг оқибатлари ҳам ҳарбий учувчининг кўникмаларидан кам бўлмаган маҳоратни талаб қилади. Мисол учун, одамларнинг маълум гуруҳи бир жойга йиғилса, улар дўстона ва яқин муносабатларга киришишлари ёки бўлмаса ўзаро душманга айланишлари мумкин.
Спортчилар мусобақаларда, мусиқачилар концерт залларида ўзларини эркин тутишлари учун ва кучли ҳаяжонланиш ҳолатларида ҳам ўзларини бошқара олишлари учун доимий машғулотлар ўтказганидай, инсонлар ҳам ўзларининг ижтимоий кўникмаларини ривожлантириши ва яхшилаши учун кўпроқ бадиий адабиётга мурожаат қилишлари лозим.
Америкалик ёзувчи Жанет Берроуэй фикрига кўра, адабиёт бизга ҳеч қандай тўловларсиз ва ҳеч нарса йўқотмаган ҳолда, севги, айблов, эътироф, умид, қўрқув ва нафратни ҳис қилишга имкон беради. Психолог ва ёзувчи Кейт Оатли эса ҳикоялар ва асарлардаги воқеаларни «одатий ҳаёт учун тренажёрлар» деб атайди. Шундай қилиб биз бадиий ҳикояларни фақатгина бизга ёққани учун эмас, балки бунга қўшимча равишда хаёлий воқеалар билан танишиш орқали муаммоларни моделлаштиришимиз ва уларга ечим топишга уринишимиз мумкин.
Буни амалга ошириш механизмини ҳам Жонатан Готшалл Шерлок Холмас синдроми ёрдамида тушунтириб беришга ҳаракат қилган. Маълумки, Сэр Артур Конан Дойлнинг қаҳрамони Шерлок Холмс фактлар ва воқеалар занжирини бир бутун ҳолда кўра олиш орқали жиноятларни фош этади. Шерлокнинг изқуварлик қобилиятлари ёзувчининг хаёлот ва фантазияси маҳсули бўлгани учун реал ҳаётда умуман ишламаслиги мумкиндир, аммо унинг ёндашувлари бизни ҳам кўрган ва тушунган воқеа ҳамда ҳодисалардан хулоса чиқаришга ундайди. Готшалл таъкидлаганидай, эволюция бизга «ички Холмс»ни ҳадя қилган. Чунки, ҳаёт интригалардан, кутилмаган бурилишлар ва сабаб-оқибат занжирларига асосланган сюжетлар билан тўла. Шундай экан, хаёлот оламининг маҳсули бўлган ҳикояларни ўқиш орқали ўзимизнинг шахсий ҳаётимизни тартибга солишимиз осонлашади.
Адабиётни мутолаа қилиш орқали инсон ўзини тарбиялаб боради. Адабиёт яхшиликнинг мукофотланиши ва ёмонликнинг қораланиши каби инсон ахлоқининг асосий устунлари ҳисобланган қарашларни тасвирлабгина қолмасдан уларнинг ўқувчиларда янада мустаҳкамланишига замин яратади. Шу боисдан ҳам, жамиятдаги ахлоқ масалаларига келганда, шоирлар ва ёзувчиларни дунёнинг тан олинмаган қонун чиқарувчилари деб бекорга айтишмайди.
Муроджон Мустафоев,
Мустақил тадқиқотчи