Qidirish

13:51 / 2024-10-31 171 0 Жамият

Халқ банки Бухорода журналист ва жамоатчилик фаоллари учун пресстур ташкил этди

Халқ банки молиявий кўмагида фаолият юритаётган Бухоро вилоятидаги тадбиркорлик объектлари билан оммавий ахборот воситалари, журналист ва жамоатчилик фаолларини яқиндан таништириш мақсадида 21-22 октябрь кунлари мазкур вилоятга пресстур ташкил этилди.

world-news

Акциядорлик тижорат Халқ банки тадбиркорларни молиявий қўллаб-қувватлаб, жойларда ишбилармонлик муҳитини яхшилаш борасида амалга оширилаётган саъйҳаракатларнинг фаол иштирокчиларидан. Банк томонидан ишлаб чиқариш, қишлоқ хўжалиги, хизмат кўрсатиш ва савдо каби турли соҳалар учун таклиф этилаётган кредит маҳсулотлари ҳамда хизматлари тадбиркорларга ўз бизнесини кенгайтириш, янги лойиҳаларни амалга ошириш, иш ўринларини яратиб, аҳоли бандлигини таъминлашда кўмаклашиб келмоқда. 

Пресс-турнинг дастлабки қисмида маҳаллий ОАВ, жамоатчилик фаоллари ва ҳудудий матбуот котиблари учун «Давлат ташкилотларида коммуникациянинг ўзига хос хусусиятлари» бўйича махсус семинар-тренинг ташкил этилди. Шундан сўнг, иштирокчилар банк томонидан молиявий қўллаб-қувватланган вилоятдаги тадбиркорлик объектларига бориб, фаолияти билан яқиндан танишдилар. «Парравшан транс» МЧЖ Когон туманида жойлашган «Парравшан транс» МЧЖ фаолияти 2010 йилда йўлга қўйилган бўлиб, бугунги кунда чорвачилик ва паррандачилик соҳасида ўзининг мустаҳкам ўрнига эга. Дастлаб кичик ҳажмда фаолиятини бошлаган корхона парранда ва чорва моллари сонини кўпайтириш мақсадида Халқ банкидан 12 млрд. 300 млн. сўм миқдорида молиявий кўмак олган. Бу кўмак корхонанинг фаолият кўламини кенгайтириб, чорвачилик ва озиқ-овқат саноати ривожланишига ҳисса қўшиб келмоқда.

Корхонанинг асосий фаолияти парранда ва чорва молларини парваришлашга қаратилган бўлиб, бугунги кунда тухум ва сут маҳсулотларини ички бозорга етказиб беради. Ишлаб чиқариш жараёни замонавий технологиялар асосида ташкил қилинган бўлиб, маҳсулотларнинг сифати маҳаллий бозор талабларига жавоб беради. Маҳсулотлар сифати ва мижозларга етказиб бериш тезлиги корхонанинг доимий эътибор марказида туради. Шунинг учун ҳам «Парравшантранс» МЧЖ сут маҳсулотлари ва тухум етказиб берувчи сифатида истеъмолчилар орасида ишонч қозонган.

МЧЖнинг йиллик даромади 5.6 млрд. сўм, объектда 40 нафар ходимнинг бандлиги таъминланган. Ишчилар чорва моллари ва паррандаларни боқиш, маҳсулотларни бозорга етказиб бериш каби вазифаларни бажаради. Келгусида «Парравшантранс» МЧЖ сутни қайта ишлаш линиясини ташкил этишни ва бу орқали сут маҳсулотларини янада кўпроқ ишлаб чиқаришни мақсад қилган. Бу нафақат ички бозор талабларини қондириш, балки ташқи бозорга ҳам етказиб бериш имконини яратади. Келгусидаги мақсадлардан яна бири — халқаро бозорга чиқиш ва ўз маҳсулотларини экспорт қилишдир.

«Бек Багс Бусинесс» МЧЖ Халқ банки Ўзбекистонда чарм саноатини ривожлантиришга масъул ва бу борадаги жараёнларга фаол ҳисса қўшмоқда, соҳада фаолият юритувчи кўплаб корхоналарни молиявий жиҳатдан қўллаб-қувватламоқда. Айниқса, маҳаллий ишлаб чиқарувчиларни ривожлантириш ва уларнинг маҳсулотларини кенгроқ бозорга олиб чиқиш учун ажратилаётган кредитлар корхоналар учун катта имконият яратмоқда. Бухоро вилояти Ғиждувон туманида жойлашган оилавий корхона — «Бек Багс Бусинесс» МЧЖ бунга ёрқин мисоллардан биридир.

Аёллар, болалар ҳамда турли хилдаги юк сумкаларини ишлаб чиқаришга ихтисослашган корхона маҳсулотларининг сифати, чидамлилиги ва замонавий дизайни туфайли ички бозорда алоҳида ўринга эга. Корхонанинг ишлаб чиқариш қуввати ва самарадорлигини оширишга кўмаклашиш мақсадида Халқ банки томонидан 100 минг АҚШ доллари миқдорида кредит ажратилган бўлиб, бу маблағ корхонага янги технологик ускуналар сотиб олиш, ишлаб чиқариш жараёнларини модернизация қилиш ва маҳсулот ҳажмини ошириш имконини берди. Натижада корхона йиллик ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада ошириб, ҳозирда йилига 250 минг дона чарм маҳсулотларини бозорларга етказиб бермоқда.

«Бек Багс Бусинесс» ўз фаолияти билан маҳаллий аҳолининг бандлигини ҳам таъминлаб келмоқда. Ҳозирда корхона 30 нафардан ортиқ ходимни иш билан банд қилган бўлиб, улар маҳсулот тайёрлашнинг турли босқичларида фаолият кўрсатади. Ходимларнинг малакаси ва ишга бўлган масъулияти юқори сифатли чарм сумкаларини ишлаб чиқариш имконини яратмоқда. Келажак режалари доирасида корхона нафақат ички бозорда ўз мавқеини мустаҳкамлаш, балки халқаро бозорларга чиқишни ҳам мақсад қилган. Экспорт имкониятларини кенгайтириш учун янги дизайнлар яратиш, ишлаб чиқариш технологияларини янада оптималлаштириш ва халқаро талаб ва стандартларга жавоб берадиган маҳсулотлар тайёрлаш устида ишламоқда.

«Бек Багс Бусинесс» МЧЖ фаолияти мисолида Халқ банкининг чарм саноатини қўллаб-қувватлаш борасидаги саъй-ҳаракатлари тадбиркорлар учун янги имкониятлар эшигини очаётганлигини кўриш мумкин. Молиявий ёрдам билан таъминланган корхоналар нафақат ўзларини иқтисодий жиҳатдан мустаҳкамлаб қолмай, балки миллий иқтисодиёт ривожига ҳам ҳисса қўшмоқда.

«Султон Малика Зардўз» МЧЖ: Ўзбек миллий ҳунармандчилигини дунёга танитаётган корхона «Султон Малика Зардўз» МЧЖ ўз фаолиятини зардўзлик ва каштачилик соҳасида олиб борувчи етакчи корхоналардан бири ҳисобланади. Миллий ҳунармандчиликнинг нафис санъати бўлган зардўзлик ва каштачилик орқали ўзбек халқининг бой маданий меросини дунёга намойиш этаётган ушбу корхона хорижий бозорларда катта қизиқиш уйғотмоқда. Корхона ўз фаолиятини кенгайтириш ва замонавий технологияларни жорий қилиш мақсадида Халқ банкидан 1 миллиард 200 миллион сўмлик кредит олган. Ушбу молиявий ёрдам эвазига корхона ускуналар харид қилиб, ишлаб чиқариш ҳажмини сезиларли даражада оширди.

Бугунги кунда корхонада 40 дан ортиқ ишчи фаолият юритмоқда, улар ўз малакалари билан миллий ҳунармандчиликнинг энг яхши намуналарини яратишга хизмат қилмоқда. Хорижий мижозлар орасида миллий зардўзлик ва каштачилик маҳсулотларига катта талаб бор. Шу мақсадда маҳсулотлар ички бозор талабларини қондирибгина қолмай, балки БАА, АҚШ ва Қозоғистонга ҳам экспорт қилинади. Корхона фаолияти ўзбек миллий қадриятларини сақлаб қолиш ва уларни глобал миқёсда танитишга хизмат қилмоқда. Шу боисдан маҳсулотлар ўзида миллий урфодатларни акс эттирибгина қолмай, балки халқимизнинг ҳунармандчилик соҳасидаги бетакрор маҳоратини ҳам намойиш этади. Халқ банки ҳунарманд тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг ишлаб чиқариш қувватини кенгайтиришга, технологик янгиликларни жорий қилишга ва халқаро бозорга чиқишига кўмаклашмоқ. «Султон Малика Зардўз» МЧЖнинг муваффақияти ушбу молиявий кўмакнинг самарали эканлигини кўрсатиб, Ўзбекистоннинг миллий ҳунармандчилик соҳасидаги ютуқларини жаҳонга танитишда муҳим роль ўйнамоқда.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш