Qidirish

18:00 / 2024-10-25 247 0 Жамият

«Ижод устунроқ бўлиши керакми ё тарихий факт?» – Маданий мерос ҳафталигида олимлар ва рассомлар тарихий шахслар қиёфаси қандай чизилиши бўйича баҳслашиб кетди

Ўзбекистон маданий мероси ҳафталиги доирасидаги тадбирларнинг бирида тарихшунос олимлар ва рассомлар ўртасида қизиқ мавзуда мунозара рўй берди.

world-news

Мунозара Ўзбекистон Ислом цивилизацияси маркази биносида 14 нафар улуғ алломаларимизнинг маҳобатли суратларини ўрнатиш масаласи муҳокама қилинаётган пайт рўй берган.

Дастлаб, олимлар томонидан бир қанча масалалар ўртага ташланган. Улар шу пайтгача ишлатиб келинган кўплаб расмларда кўз илғамас, лекин сезиларли хатолар борлигини таъкидлаган. Бундай хатоларга йўл қўйилмаслиги учун ҳамкорликда ишлаш кераклиги қайд этилган. Ўз навбатида, рассомлар тарихий шахслар қиёфасини яратишда антрополог олимлар билан ишлаш зарурлигини билдирган.

Улар тарихчилар билан ишлаганда, кўплаб қийинчиликларга дуч келингани, ҳамма ўз вариантларини билдиргани боис бир хил қарашлар йўқлигини қўшимча қилган. Рассомлар дастлаб ҳар бир аллома кўриниши борасида аниқ тўхтамларга келиб олишни айтганида муҳокама мунозарага айланиб кетган. Туркиялик рассом Мустафа Демиржи ўзбекистонлик тарихий шахсларнинг юз тузилиши бир-бирига жуда ўхшаш тарзда чизилиши ва бу хато эканини таъкидлаган.

Ўзбекистон Фанлар Академияси вице-президенти Баҳром Абдуҳалилов мавзу мураккаблиги ва жаҳон тажрибасида ҳам бу борада аниқ келишув йўқлигини айтди:

«Бугунги масала ниҳоятда муҳим. Алломаларимиз бўйича ҳар хил портретлардан фойдаланамиз. Қайсидир ташкилотларга борсак, Алишер Навоийнинг портрети бошқача, бошқа адибники бошқача. Лекин қўйилаётган вазифа ниҳоятда мураккаб. Ман ўйлайманки олимларнинг фикри бошқа рассомларники бошқа бўлиши табиий. Бу мавзу бўйича дунё тажрибасини олиб, бир фикрга келинган ҳолатни ўзи йўқ. Мураккаблиги мана шу ерда.

У даврга яқинроқ шарқ миниатюралари, лекин уларга ҳам тўлиқ ишониб бўлмайди. Чунки Шарқ миниатюра санъатида шахсларни монголоид кўринишида чизиш услуби шаклланган. Ўрта аср манбаларига таянадиган бўлсак, Абу Райҳон Берунийнинг бўйи, шакли бўйича турли фикрлар бўлган. Лекин ташқи кўриниш ҳақидаги маълумотлар деярли йўқ. Шу масалада тўлиқ қўллаб-қувватлайман, олимлар ва рассомлар ҳамкорлик қилиши керак»

Шундан сўнг тарихий шахсларнинг юз тузилиши нафақат ҳаётий бўлиши, балки унинг қолдирган илмий мероси, изланмалари ва тарихий аҳамиятига муносиб равишда бадиият ҳам касб этиши таъкидланди. Агар суратларга ижодий ёндашилмаса, уларнинг томошабоплиги йўқолиши мумкинлиги айтилди.

Ўзбекистон Бадиий академияси раиси, Ўзбекистон халқ рассоми Акмал Нур эса рассомларга ижод эркинлиги зарурлигини билдирди:

«Биз ҳаммага маъқул келадиган, илм фан учун эришган ютуқлари, динимиздаги ютуқлари... ҳаммасини мужассамлаштирадиган идеал образ яратишимиз керак. Шунинг учун фақат ҳаётга ёпишиб олмасдан, мукаммал образ керак. Бадиий ёндашиш керак, шу сабаб ҳамкорликда ишланганда рассомнинг ўзига ҳам қўйиб бериш керак. Эркинлик керак. Рассомнинг профессионал даражаси етарли, бизга бериладиган маълумот етарли эмас. Биздаги асосий муаммо портретнинг юзи, ишонтира олишимиз керак, аниқ маълумот керак. Бу каби илмий мунозараларни бўлгани яхши. Ҳали ҳечким рассомлар ва олимларни бир жойга йиғиб, бу борада фикр сўрагани йўқ эди. Энди эса қандайдир ечимларга келиш имкони пайдо бўлди»

Рассомлар алломалар суратини ишлашда фақат бадиий образдан фойдаланилишини маълум қилди. Чунки тарихшунослар уларнинг асарларидан келиб чиқиб, ўрганишлар ўтказиши мумкин. Аммо рассомлар учун бундай асарлардан фойда йўқ. Уларда муаллифнинг қандай кўринишда бўлгани келтирилмаган. Шу боис антропологлар билан ишлаш, қолаверса сунъий интеллектдан ҳам фойдаланиб кўриш таклифи берилди. Аммо бу ўринда ҳам бир қанча келишмовчиликлар юзага келди. Бир томон алломаларнинг ҳақиқатга яқин кўринишини яратиш керак деса, бошқалар ижодий томондан ёндашиш кераклигини қайд этди.

«Давлат раҳбари ташаббуслари билан Ислом цивилизацияси маркази илмий ва маданий мегаплатформага айлантириляпти. Шунинг учун ҳам тарихий шахсларнинг қиёфасини келишиб олиш долзарб масала. Бир нарсани тушунишимиз лозим, рассомлар тарихий шахслар портретини истаганча чизиб кетавермаслиги керак.

Турли манбаларда тарихий сиймоларнинг юзи турлича тасвирланади. Аниқ бир қиёфа танланиши шарт. Фақат бу ижодий томондан ёндашиладими ёки тарихий томонданми? Айнан шуни ҳал қилиш лозим. Бизга шу каби илмий ва фалсафий мунозалар керак. Ижод устунроқ бўлиши керакми ё тарихий факт? Балки икковини ҳам мужассамлаштириш мумкиндир», — дея фикр билдирди учрашув якунида Ислом цивилизацияси маркази раҳбари Фирдавс Абдухолиқов.

Учрашувда айни пайтга қадар марказ учун 5 та маҳобатли рангтасвир асари микромозаика услубида тайёрланиб, марказ биноси фойеси равоқларига монтаж қилингани маълум қилинди. Шунингдек, Заҳириддин Муҳаммад Бобур, Алишер Навоий ва Камолиддин Беҳзодга бағишланган рангтасвир асарлари микромозаика услубида тайёрланмоқда.

Умуман олганда, Маданий мерос ҳафталиги шу каби қизғин илмий ва маданий мунозаралар, қизиқ янгиликларга бой ўтаётгани билан ёдда қолмоқда.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш