Qidirish

20:49 / 2024-09-06 2897 0 Ҳодисалар

Тўраевлар хийласи: Қишлоқ хўжалиги вазири ўринбосари 6 йилга қамалди, у жиноий фаолиятига қизини ҳам шерик қилган

Қишлоқ хўжалиги вазирининг ўринбосари, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази собиқ бош директори, “De nova agro” МЧЖ собиқ директори Алишер Тўраев ЖКнинг 167-моддаси 3-қисми “а” банди ва 209-моддаси 2-қисми “а” банди билан айбдор деб топилиб, 6 йил муддатга озодликдан маҳрум этилди.

world-news

Шу билан бирга Мирзо Улуғбек суди мансабдорнинг қизи Анаис Тўраевани ҳам 5 йилу бир ой муддатга қамоқ билан жазолаган, бундан ташқари, Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази Молиялаштириш ва бухгалтерия ҳисоби бўлими бошлиғи - бош ҳисобчиси вазифасида ишлаган Мансур Қўзибеков ҳам 5 йил 6 ой муддатга озодликдан маҳрум этилган.

Маълум бўлишича, Президент Шавкат Мирзиёев Тошкент вилоятига амалий сафари пайтида узумчиликни ривожлантириш бўйича топшириқ беради. Қишлоқ хўжалиги вазирлиги бу топшириқ ижросини таъминлаш мақсадида, аниқроғи 1 млн дона узум кўчатини харид қилиш учун вазирлик ҳузуридаги Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий марказига топшириқ берилади. Ушбу лойиҳани амалга ошириш учун Алкоголь ва тамаки бозорини тартибга солиш ҳамда виночиликни ривожлантириш агентлигининг Виночиликни ривожлантириш жамғармасига керакли маблағ ажратилади.

Миллий марказ “ин витро” услубида етиштирилган узум кўчатларини харид қилиш учун тендер эълон қилган. Тендер комиссиясига марказ директори ўринбосари раҳбарлик қилади. Тендерда эса DE NOVA AGRO МЧЖ ғалаба қозонади.

Эътиборлиси, очиқ маълумотларни шуни кўрсатяптики, мазкур тендерда манфаатлар тўқнашуви ҳолати содир бўлган. Сабаби тендерда ютган корхона Қишлоқ хўжалигида билим ва инновациялар миллий маркази раҳбари (тендер комиссияга раислик қилмаган) Тўраев Алишер Мелсовичга алоқадор бўлган.

Миллий марказ директори —  Тўраев Алишер Мелсович, DE NOVA AGRO МЧЖ раҳбари эса — Тўраева Анаис Алишеровна (stat.uz’да 20.09.21гача директор сифатида қайд этилиб турган, кейинроқ раҳбар сифатида Strelkovskix Yekaterina Dmitriyevna, шартномага ҳам у қўл қўйган), МЧЖнинг 100% улуши эса Тўраев Бекжонга тегишли (шарифи йўқ). МЧЖ ва Миллий юридик манзили ҳам бир хил. Тўраев Бекжон ва Тўраева Анаис Алишеровна, шунингдек, Greencell МЧЖга эгалик ва раҳбарлик қилишади.

Тўраев Алишер Мелсович қишлоқ хўжалигида хизмат кўрсатадиган O‘simliklar texnologiyasi МЧЖ улушининг ярмига эгалик қилади. Бундан аввал ҳозирда тугатилган De Nova Seeds МЧЖ таъсисчиси ҳам бўлган. Тендерда ютган корхона номига ўхшаш.

Марказ давлат ташкилоти бўлиб, у тўлиқ Қишлоқ хўжалиги вазирлигига тегишли бўлган.

Суд А.Тўраевни “Коррупцияга қарши курашиш тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасига кўра давлат органларининг ходимлари мансаб ёки хизмат мажбуриятларини бажариш чоғида манфаатлар тўқнашувига олиб келадиган ёки олиб келиши мумкин бўлган шахсий манфаатдорликка йўл қўймаслиги ҳамда “Давлат харидлари тўғрисида”ги Қонунининг 21-моддасига кўра ихтисослашган ташкилот ёки унинг аффилланган шахси ўзи ташкилотчи бўлган харид қилиш тартиб-таомилида харид қилиш тартиб-таомиллари иштирокчиси сифатида қатнашиши мумкин эмаслиги тўғрисидаги талабларни қўпол равишда бузиб, мансабдор шахс бўлгани ҳолда, мансаб мавқеини суистеъмол қилиб, ноқонуний тендер ўтказилиб, тендер комиссиясининг 26.08.2021 йилдаги 2-сонли йиғилиш баёнига мувофиқ ўзининг норасмий раҳбарлигидаги, ўғли Б.Тураев таъсисчилигидаги “De nova agro” МЧЖнинг тендер савдолари ғолиби деб топилишига ва “De nova agro” МЧЖ ҳамда Миллий марказ ўртасида 30.08.2021 йилда 1 млн дона “in-vitro” шароитида узум кўчатларини етиштириш бўйича қиймати 9 млрд 950 млн сўмлик 4-сонли шартнома тузилишига эришганлик ҳолатларига баҳо берган.

Яъни, А.Тўраев “De nova agro” МЧЖ томонидан 01.06.2022 йилда тузилган шартномага асосан Миллий марказга шартнома ва тендер шартларида назарда тутилган узум кўчатлари ҳақиқатда етказиб берилмаганлигини яшириш, келгусида жавобгарликдан қутулиб қолиш мақсадида, Миллий марказнинг 08.09.2023 йилдаги 35-сонли буйруғи билан Тошкент вилоят агрохизматлар маркази балансидаги иссиқхонада сақланаётган узум кўчатларини саноқдан ўтказиш учун ўзининг раислигида лавозими жиҳатидан унга буйсунувчи ва содиқ Миллий марказ ходимларидан аъзолигидаги саноқ комиссиясини тузиб, улар ва бош ҳисобчи М.Қўзибеков билан жиноий тил бириктириб, Миллий марказ директори лавозимидаги мансаб мавқеидан фойдаланиб, мансаб сохтакорлигига йўл қўйиб, аслида “De nova agro” МЧЖ томонидан шартнома ва тендер шартларида назарда тутилган узум кўчатлари Миллий марказга етказиб берилмаган, парваришланмаётган ва ушбу кўчатлар ҳақиқатда саналмаган бўлсада, “Тошкент вилоят агрохизматлар маркази балансидаги иссиқхонада ўтказилган саноқда 562.800 дона 5 млрд 599 млн сўмлик узум кўчатлари мавжудлиги тўғрисида”ги 08.09.2023 йилдаги сохта саноқ далолатномасини тузиб, комиссия аъзолари, мавсумий ишчиларга имзолатиб, бош ҳисобчи М.Қўзибековга қабул қилдириб, расмий ҳужжатни сохталаштирган.

Бундан ташқари, А.Тўраев жиноий ҳаракатларини давом эттириб, Миллий марказ бош ҳисобчиси М.Қўзибеков ва бошқалар билан ўзаро жиноий тил бириктириб, Миллий марказ директори лавозимидаги мансаб мавқеидан фойдаланиб, “De nova agro” МЧЖ ҳамда Миллий марказ ўртасида 30.08.2021 йилда 1 млн дона “in-vitro” шароитида узум кўчатларини етиштириш бўйича қиймати 9 млрд 950 млн сўмлик 4-сонли шартнома ва тендер ҳужжатларида назарда тутилган шартларда 1 млн дона узум кўчатлари ҳақиқатда “De nova agro” МЧЖ томонидан етиштирилмаган ва Миллий марказга етказиб берилмаган бўлса-да, Миллий марказ ҳисобидан гўёки узум кўчатларини парваришлаш учун 359 млн 252 минг сўм ва иш ҳақи сифатида 149 млн. 876,9 минг сўм, жами 509 млн 128,9 минг сўм маблағларни асоссиз равишда чиқим қилиниб, Миллий марказнинг 509 млн 128,9 минг сўм маблағларини ўзлаштириш ва растрата қилиш йўли билан талон-торож қилинган.

Судланувчилар А.Тўраев, М.Қўзибеков ва А.Тўраевалардан солидар тартибда 9.950.000.000 сўм пул маблағи давлат фойдасига ундирилиши белгиланган.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш