Qidirish

11:38 / 2022-12-16 96 0 Жамият

Адлия вазирлиги интеллектуал мулк ҳимояси билан боғлиқ ваколатли давлат органларини фаолликка чақирди

Дарҳақиқат, вазирлик томонидан интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларни таъсирчан ҳуқуқий механизмлар билан ҳимоя қилиш бўйича сезиларли даражада ўзгаришлар амалга оширилган.

world-news

2022–2026 йилларда Ўзбекистонда интеллектуал мулк соҳасини ривожлантириш стратегияси қабул қилинди. Унда 2022–2023 йилларда амалга ошириш бўйича 38 та тадбирни назарда тутувчи Йўл харитаси тасдиқланган. Бу ҳақда 15 декабрь куни Адлия вазирлиги Интеллектуал мулк департаментида «Интеллектуал мулк объектларини ҳуқуқий муҳофаза ва ҳимоя қилиш жараёнларини замонавий тенденциялар орқали такомиллаштириш» мавзусига бағишланган матбуот анжуманида маълум қилинди.

Таъкидланишича, йўл харитасига мувофиқ «Фаол муаллиф» реестри ишлаб чиқилиб, амалиётга жорий этилган. Мазкур реестрда муаллифлик ҳуқуқи объектлари ва турдош ҳуқуқлар тўғрисидаги маълумотлар ва мулкий ҳуқуқларни жамоавий асосда бошқарувчи ташкилотлар ҳақидаги маълумотлар киритилиши белгиланган.

Шунингдек, «ИП Протеcтион» ахборот портали ишлаб чиқилган. Ушбу портал орқали интеллектуал мулк ҳуқуқларини бузган ҳолда ишлаб чиқарилаётган, сотилаётган ва тарқатилаётган маҳсулотларни ишлаб чиқарувчи, сотувчи ва тарқатувчиларга ҳуқуқий таъсир чораларини қўллашда идоралараро ахборот алмашинуви амалга оширилиши йўлга қўйилган.

Дарҳақиқат, вазирлик томонидан интеллектуал мулкка бўлган ҳуқуқларни таъсирчан ҳуқуқий механизмлар билан ҳимоя қилиш бўйича сезиларли даражада ўзгаришлар амалга оширилган.

Хусусан, республика миқёсида ўтказилган «Контрафактсиз ой» ойлиги давомида 2021-2022 йилларда 3000 хилдаги контрафакт маҳсулотлар реализацияси аниқланган. Мазкур ҳуқуқбузарлик ҳолатлари бўйича 137 та маъмурий баённома расмийлаштирилди, тегишли ташкилотларга 600 та огоҳнома ва 180 та тақдимнома киритилган.

Масъуллар томонидан иштирокчиларга Интеллектуал мулк объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланиш ҳолатлари юзасидан 2022 йил давомида қўлланилган таъсир чоралар, хусусан, профилактика кузатув тадбирлари ҳамда мурожаатлар асосида аниқланган қонунбузилиш ҳолатлари юзасидан 823 та ҳолатда қонун ҳужжатлари бузилишига йўл қўймаслик ҳақида огоҳномалар, 779 та ҳолатда қонун ҳужжатларининг бузилиши, уларнинг сабаблари ва бунга олиб келувчи шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида тақдимномалар, 138 та ҳолатда маъмурий ҳуқуқбузалик тўғрисида баённомалар расмийлаштирилиб, шундан 117 та шахсга нисбатан жами 124 млн сўм миқдорида жарима жазоси тайинлангани ҳақидаги аниқ рақамлар тақдим этилган.

Маълумот учун, соҳа бўйича ҳуқуқбузарликлар учун қонунчиликда белгиланган жазо чоралари ҳам замон талабларига мос равишда қайта кўриб чиқилган. Хусусан, интеллектуал мулк объектларидан қонунга хилоф равишда фойдаланганлик учун юридик шахсларнинг корпоратив жавобгарлиги белгиланди.

Юридик шахслар интеллектуал мулк соҳасидаги қонунчиликни бузганлик учун базавий ҳисоблаш миқдорининг 100 бараваридан 200 бараваригача жаримага тортилиши белгиланди.

Йиғилишда интеллектуал мулк ҳимояси билан боғлиқ вазифалар тегишли давлат органларининг ахборот хизмати ходимлари ўз фаолиятлари давомида интеллектуал мулк билан боғлиқ бўлган масалаларни мунтазам равишда ОАВ ва ижтимоий тармоқалар орқали ёритиб бориш лозимлиги таъкидланди.

Анжуман якунида масъуллар вазирлик томонидан интеллектуал мулк соҳаси бўйича халқаро ва миллий экспертлар мулоқот майдонини яратиш мақсадида 2023 йилнинг май ойида «XXI асрда интеллектуал мулк» мавзусида халқаро форуми ўтказилиши режалаштирилмоқда.

Шунингдек, пресс-турга келган меҳмонлар департамент иш фаолияти, талабномаларни қабул қилиш, интеллектуал мулк объектлари учун патент ва гувоҳномалар беришгача бўлган экспертиза тартиби билан таништирилган. Сўнгра Муаллифлик ва турдош ҳуқуқларни ҳимоя қилиш бўлимлари, контрафакт маҳсулотларга қарши курашувчи бўлим иш фаолиятидан хабардор этилган.

Изоҳлар 0

Фикр билдириш